Ўзбек матбуоти Урганч фожеаси айбдорларини қидира бошлади

Ҳодиса рўй берган кўприкдан концерт томоша қилиш одатий бўлган

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, Ҳодиса рўй берган кўприкдан концерт томоша қилиш одатий бўлган

Ўндан ошиқ одамнинг умрига зомин бўлган Урганчдаги “Ёшлар кўли”да бўлган ҳалокатни ўрганиш учун Ҳукумат комиссияси тузилган. Маълумотларга кўра, комиссия вакиллари 13 хонадонда бўлиб ўлганларнинг яқинларига таъзия билдирган.

Фавқулотда вазиятлар вазирлиги веб саҳифасида ёзилишича, Президент Ислом Каримовнинг топшириғи билан тузилган Ҳукумат комиссиясияси ҳодиса сабабларини ўрганади, оқибатларини бартараф этади ва жабрланган шахсларга ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатади.

Расмий идора қанча одамнинг ҳалок бўлгани ва қанча кишининг жабрланганлиги борасида бирор рақам келтирмаган.

Гувоҳлар ҳалок бўлганларнинг сони 15 кишидан кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Шифохонага 16 киши ётқизилган.

Жабрланганларга бериладиган моддий ёрдамнинг миқдори ҳам ошкор қилинмади.

Ҳалокатда жабрланганларнинг ўзи айбдорми?

Ўзбек интернет нашрлари эса фожеа сабабларини таҳлил қилишга ва унга айбдор бўлган томонларни келтиришга ҳаракат қилган.

“Урганчдаги “Ёшлар кўли” маданият ва истироҳат боғида содир бўлган воқеа бутун Ўзбекистонни ларзага солди”, - деб ёзди kun.uz веб сайти.

Telegraf.uz сайтининг гувоҳларга таяниб ёзишича, Наврўзбек Собировнинг ўша кунги концертида одатдагидан кўп одам йиғилган.

Юзлаб одамлар концертни бевосита кўприк устида турган ҳолда томоша қилган.

2013 йили қайта таъмирланиб очилган “Ёшлар кўли” минтақада машҳур бўлган хонандаларнинг концерт берувчи масканига айланган.

Видео тасвирларида одамларнинг кўприк устида туриб концертни томоша қилаётганини ва хонандаларнинг кўприкладагиларга алоҳида мурожаат қилаётганини кўриш мумкин.

Кун.узнинг ёзишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу фалокатни кенг муҳокама қилган ва унинг сабаблари борасида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтган.

"Шак-шубҳасиз, кўприк қурувчилари ҳам, концерт ташкилотчилари ҳам жавобгарликка бирдай тортиладилар. Бироқ бу фожеада одамларнинг ўзи ҳам қисман сабабчи бўлмоқда, чунки уларда баъзан оддий ўзини тутиш одоби етишмайди. Ҳаммамиз халқ сайлларида ва байрамларда баъзи одамлар, шу жумладан ёшлар, ўзларини ахлоқсизларча тутиб кўчаларни ифлослантираётганлари, тўсиқлардан сакраб ўтаётганлари, ўзларини бефаҳмларча тутаётганларининг гувоҳи бўлганмиз. Бироқ қизиғи, бизлар бундайларга бефарқ бўлиб қолганмиз", дейди яна бир интернет фойдаланувчиси.

Яна бир изоҳ қолдирувчи шунча одамни кўприк устига чиқишга руҳсат берган ташкилотчиларни айблаган.

Telegraf.uz нашри кўприк қурувчилари ва концерт ташкилотчилари жавобгарликка тортилишига шубҳа қилмаслигини ёзди. Нашрга кўра, фожеада айб тўла томошабинларнинг ҳам зиммасига тушади.

“Бироқ бўлиб ўтган ҳодисада ўзини тутиш оддий қоидалари ва аҳлоқни билмайдиган томошабинлар ҳам тўла айбдор”, - деб ёзди Telegraf.uz.

Веб нашрлардан фарқли равишда Ўзбекистон телеканаллари бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан сукут сақлашни афзал илган.

“Ўзбекистон ТВ каналларини кузатяпман Хамма каналларда хаммаси яхши, хаммаси жойида, осмонимиз мусаффо, Фақат Ўзбекистонда барқарорлик, Бутун дуёда нотинчлик. Хоразмдаги мудҳиш воқеа ва унда ҳалок бўлган инсонлар хақида гап сўз йўқ. Бошқача нима хам кутиш мумкин бу режим ОАВларидан?”, - деб ёзди Канадада истиқомат қилаётган журналист Улуғбек Ашур.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio