Тўйлар ва ўйлар...

Сурат манбаси, bbc

Тўйлар ва уларнинг миқёси, сарф қилинажак харажатлар, уюштирилажак кўнгилочар амаллар ҳақида Ижтимоий минбарда таклиф этилган баҳсимиз ўта қизғин фикр алмашинувига туртки берган.

Фикрлар кутилганидек турфа хил ва икки қарама қарши "диапазонда".

Маматова Дилором "Ўзбегим дуо олган: "Топганинг туйга кетсин деб". Ҳар ким ўзига яраша тўй қилади. Тўй эгалари тўйда едирса-ичирса қўни-қўшни, қариндош-уруғларга едириб ичиради. Бу меҳр-оқибат, аҳиллик, биродарликнинг нимаси ёмон?" деган бўлса, Ajam Bin Abdulla "10 йил мобайнида Тошкентда яшаб, дастурхонга қўйиладиган нози неъматларнинг ижарага олинишини кўриб, тепа сочи тикка" бўлганини айтади.

Содиқ Ҳайдаров бу амалларни ёқлаш учун яна бир мақолни келтирган: "Ўзбекча "қарз қутилади хотин ёнга колади" деган гап бор. Умуман тўй ҳашамдорлиги битта ўзбекларга хос эмас".

Husniddin Mamajonov нинг фикри бир қадар ўзгачароқ: "Шу харажатларни яхшироқ нарсаларга ишлатса бўлмайдими. Уйига, ёки келажакда боласига. Билмайман, одамларга егизиб нима фойда топади булар"...

Abidjon Hasanov қатор сабаб ва омилларни санаб ўтган: "Тўйни кимларгадир тақлид қилиб ёки мен ундан камманми деб ким ўзига дастурхон тузаш албатта бу аҳмоқлик! Иккинчидан бизни халқимиз ўрислардек 10-15 та одам билан ҳеч қачон тўй қилмайди! Қанақа тўй қилсаям бировлардан қарз бўлмаган ҳолда камтарона тўй қилганга нима етсин! Учинчидан ўзбек халқида орият кучли. ЯНГИ ЎЗБЕКларни тўйига ўхшатаман деб қарзга ботганлар ҳам кам эмас! Афсус!!!"

Nazokat Azimнинг бунга жавобан айтишича, "10-15та одамга тўй қиламан, десангиз, биров қизини бермайди. Келиннинг ўзи ҳам норози бўлиши турган гап. 10-15та одамга туй қилиб хотин олмоқ тараддудида бўлса, ўзбек қизи тегмайди".

Abror Yuldashev бу қадар пули бўлганида тўйга эмас ўқишга сарфлашини айтса, Muxammadaziz Ne'matjonov ота-онасининг пулига эмас ўзи ишлаб топиб тўйга сарфлашни афзал билишини айтган.

Muzaffar Abdurahimov тўйлардаги катта харажатларда аёлларни сабабчи кўриб, ҳазиллашган. "Аёллар ақли ўткирлигидан ўғлининг ризқини келинидан қидиради-да. Шунинг учунми эркаклар хотинидан бесўроқ иш қила олмайдими дейман. Чунки аёл аразлаб уйига сепини йиғиштириб кетса, эр бечорани орқаси очилиб қолади. Уйи қуп-қуруқ. Эээээээ, яшанглар аёллар, борларингга шукур! Сизлар сабаб жаннатдан ҳайдалдик, энди сизлар сабаб дунёдан ҳам ҳайдаламиз".

Muxammadaziz Ne'matjonov: "10-15 одам билан тўй қилмасак-да, ортиқча харажатларсиз қилса бўлади-ю?! Кимга керак ортиқча ҳашам, бир кунлик тўй ўтади кетади-да, кейин ота-она кези келса, йиллаб қарз узади. Одамлар гапиради деймиз, лекин ўша гаплар нима қилиб берарди?! Отиб ташламайди-ку сен туйингни оддий ўтказдинг деб?!"

Қатор фойдаланувчилар тўйларнинг катта ўтказилишини "муcулмончилик" билан боғлаганлари сабали Adilhan Azimbaev тўйларни қандай ўтказилиши ҳақидаги "талаб"ларнинг Ислом билан боғлиқ ери йўқлигига эътибор қаратган. "Тўй қилишнинг мусулмончиликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мусулмончиликда шундай қилинглар, деб айтилмаган".

Shahsenem Alimova бир таклиф киритган: "Менимча тўй қилишни турклардан ўрганишимиз керак. Турклар дастурхонга эмас, куёв-келинга кам-кўстларига ишлатишади. Тўйдан кейин келин-куёв қарз тўлашмайди .Турклар тўй бўлсин, жаноза бўлсин, қарзга ботишмайди, аксинча, фойдали чиқишади. Туркларда тўйга еб-ичиш учун эмас ўйин-кулгига келишади. Жанозага пул билан ёрдам қилиб, азасига ҳамдардлик кўрсатишади. Аза уч кун тутилади, фақатгина чой ва уч дона печенье берилади. Ўзбекистонда ҳам маросимлар шундай ўтказилса ўзбегимнинг боши ерга эгилмайди".

Oybek Kurbonov исрофгарчиликнинг олдини олиш учун маънавиятни ривожлантириш кераклигини айтади. "Юксак маънавият - енгилмас куч. Қачонки маънавий жиҳатдан етук бўлмас эканмиз, бефаҳм-бефаросатларча қилинаётган ишлар давом этаверади".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio