‘Ўзбекистон террорчиларнинг ҳар қандай ҳужумини қайтаришга тайёр’

Бу ҳақда Ўзбекистон МХХ Чегара қўшинлари штаби бошлиғи Носирбек Усмонбеков билдирган.
Ўзбекистонлик масъул, худди шу ўринда, илк бор расман қўшни Афғонистон билан чегаранинг нариги томонида муайян сонда жангарилар тўпланишаётгани ҳақида ҳам маълум қилган.
Аммо уларнинг сони, қай бир гуруҳга мансубликлари ва жўғрофий жойлашувлари ҳақида аниқ тафсилотларни келтирмаган.
Носирбек Усмонбековнинг Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари тезкор маълумотларига таяниб маълум қилишича, бу жангариларнинг сони тожик-афғон чегараси яқинида қайд этилган даражада эмас, анча кам.
МДҲ Чегара қўшинлари қўмондонларининг Душанбедаги кенгаши ортидан гапирган Усмонбековга кўра, Ўзбекистон жангариларнинг ҳужумини қайтариш учун етарли кучга эга.
Худди шу йиғинда Тожикистон томони келтирган маълумотларга таянилса, тожик-афғон чегараси яқинида ҳозир 1500 га яқин жангари тўпланган.
Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи муовини Ражабали Раҳмоналининг айтишича, уларнинг асосини "Толибон", "ал-Қоида", "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ва "Ансаруллоҳ" гуруҳи аъзолари ташкил этишади.
Аммо, тожикистонлик масъулга кўра, ўз чегаралари яқинида тўпланаётган бу жангариларнинг орасида "Исломий Давлат" вакиллари ҳам бор.
Таъкидлаш жоиз, бу гуруҳлар сафларида ўз давлатларидаги мавжуд тузумни ағдариб, исломий халифат ўрнатиш истагида бўлган марказий осиёлик жангарилар ҳам оз эмас.
Бошқа томондан, сўнгги ойларда Афғонистоннинг айнан аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош шимолий-шарқий вилоятларида вазиятнинг анчайин издан чиққани кузатилади.
Жумладан, Афғонистоннинг Тожикистонга қўшни Қундуз ва Бадахшон худди шу каби жангариларнинг қақшатқич ва давомий ҳужумларига саҳна бўлганди.
Афғонистонлик масъуллар эса, бу икки вилоятда Толибон билан бир сафда жанг қилган хорижлик жангариларни айнан "Исломий Давлат"га нисбат беришганди.
Душанбедаги анжуманда ҳам тожик-афғон чегарасидаги вазиятнинг кескинлашаётгани алоҳида қайд этилган.
Ўзбекистоннинг хавотирлари

Сурат манбаси, videodan
Яқинда қатор маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати “Исломий Давлат” гуруҳининг мамлакат ҳудудида террорчилик хуружлари уюштириш режасидан хабар топгани ҳақида ёзишганди.
Жумладан, 12news.uz саҳифаси “Исломий Давлат” баҳорда Ўзбекистонда зўравонликларни режалагани, шу боис ҳам Ўзбекистон ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизликни кучайтиришга қарор қилгани ҳақида хабар берганди.
Бу хабарлардан қисқа вақт ўтмай, нуфузли минтақавий интернет нашрларидан бири саналувчи centralasiaonline.com да "Ўзбекистон "Исломий Давлат"нинг Марказий Осиёда фаоллашганидан ташвишдалар" номли мақола бўй кўрсатганди.
Бу мақолада Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати таҳлилчиси Бахтиёр Шарофовнинг айтишича, “Исломий Давлат”нинг шундоққина Марказий Осиёнинг остонасида пайдо бўлиши мавжуд таҳдиднинг терактлар ва жанговар амалиётлар даражасига ўсиб етганини англатади.
Ўз ўрнида, МХХ таҳлилчиси Афғонистон хавфсизлик кучлари “Исломий Давлат” жангариларининг Туркманистон чегараси бўйлаб яшириниб юришгани ва Ўзбекистон чегарасида ҳам фаоллашганини тасдиқлашга муваффақ бўлганликларини билдирганди.
Сentralasiaonline.com даги мақола тафсилотларидан аён бўлишича, ўзбекистонлик таҳлилчилар ва Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Қирғизистон жануби ва Тожикистондаги воқеалар ривожини ташвиш билан кузатиб туришибди. Бу уч давлат ҳудудида жойлашган Фарғона водийсида эса, аллақачон фундаменталистларнинг ҳозирликлари кузатилган, дейилади ушбу мақолада.
Аммо, унда хулоса қилинишича, мавжуд таҳдид хавотир уйғотса-да, некбин бўлиш учун ҳам асос бор.
Яъни, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ўхшаган гуруҳлар ҳеч қачон Ўзбекистон Армиясига ўхшаш мунтазам қўшинлар билан тенгма-тенг жанг олиб бора олган эмас.
Шу йил апрел ойидан буён шундоққина биқинида кечаётган давомий жанглар эса, Тожикистон томонини Афғонистон билан чегарада фавқулодда хавфсизлик чораларига қўл уришига сабаб бўлган.
Мавжуд танг вазиятдан хавотирда эканликларини билдирган Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони ўзаро чегарадаги ҳолат юзасидан Афғонистон билан тезкор маълумотлар алмашиб турганликларини ҳам айтган.
Худди шу манзарада Россия Чегара хизмати раҳбари ҳам Кенгаш кузатув гуруҳи ҳозир оператив тарзда фаолият олиб бораётгани, жанубий чегаралардаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб турганлигини билдирган.
Россиянинг хавотирлари

Сурат манбаси, videodan
Сўнгги ойларда Афғонистоннинг шимолий-шарқий минтақаларида кузатилаётган бу каби танг вазият Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам хос баёнот билан чиқишига сабаб бўлганди.
Вазирлик мавжуд вазиятдан ўз ташвишларини изҳор этиб, афғон ҳукуматини лозим чоралар кўришга ҳам ундаганди.
Бунинг ортидан, Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабулов ҳам хавотирли баёнот билан чиққанди.
Унга кўра, сўнгги ойларда Афғонистон шимолида катта сондаги жангарилар тўпланишган ва уларнинг Тожикистонга бостириб киришлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили ҳам бу жангариларнинг аксарияти тожиклар, қирғизлар ва ўзбеклар эканини айтганди.
Толибон ва "Исломий Давлат" дохил айрим экстремистик гуруҳлар бу минтақада ўзларининг тайёргарлик жамлоқларига асос солишганига оид маълумотлар борлигини ҳам билдирганди.
Аммо, жаноб Кабуловга кўра, Марказий Осиё давлатлари воқеаларнинг бу каби ривожи эҳтимолига тайёр ва аллақачон лозим хавфсизлик чораларини ҳам кўриб бўлишган.
Унинг айтишича, бу хусусда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида ҳам ишлар бошлаб юборилган.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра, катта сондаги хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарлиги ортидан Афғонистонда бўй кўрсатаётган "умумий хавф" ўзаро муносабатлари анчайин танг минтақа давлатларини ҳам ўз хатти-ҳаракатларини ҳамоҳанглаштиришга ундамай қўймаган.
Шу йил апрел ойида Ўзбекистон ва Тожикистон чегара расмийлари “ўзаро чегараларини замонавий таҳдидлардан ҳимоя қилишда” ҳамкорлик қилишга келишиб олишган, мазкур битим икки мамлакат чегарачиларининг ўтган 25 йил ичида ўтказган Хўжанддаги илк музокараси ортидан имзоланганди.
Жорий ой бошида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовниэса, президент Ислом Каримовнинг шахсан ўзи қабул қилганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












