#Uzbek тренди: "Тошкентликлар" ҳамда "вилоятликлар"

- Author, Шодиёр Сайф
- Role, Би-би-си, Олма-ота
"Тошкентликлар" ва "вилоятликлар" cўнгги кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг тез-тез муҳокама қиладиган мавзусига айланган.
Пойтахтда вилоят номеридаги ҳайдовчи йўл ҳаракатини бузса, бу хабар Тошкент номеридаги ҳайдовчининг қоида бузишидан кўпроқ муҳокама қилинади. Ёки хабарларда қонунбузарнинг қаердан келиб чиқиши урғу бериб кўрсатилади.
Тошкентга келганига 25 йил бўлган журналист Бобомурод Абдулла вилоятлик деб ажратишларга тез-тез дуч келишини айтади. Эътирозларнинг ичида Тошкент шевасида эмас, адабий тилда гапиришга қаратилганлари ҳам бўлиб туради.
“Тошкентга келиб адабий тилда гапирсак, Хоразмча шевани яшириш учун гапирар эканмиз-да. Булар ҳам тушунсин, ҳурматсизлик бўлмасин, десак, бошқача ўйлашар экан. Тошкентда ўрис, корейс, украин, арман, грузин, еврей ҳамма миллатдан бор. Лекин ўзини олий ирқ ҳисобловчи баъзи шаҳарликлар уларга нимага ўзбек тилида гапирмаяпсан ёки воттиламаяпсан, деб ғинг деёлмайди. Уларнинг билгани вилоятдан ва қишлоқдан келганлар”, - дейди Бобомурод Абдулла.
Шаҳарликларнинг вилоятдан келиб яшаётганларга асосий эътирози уларнинг йўлда ва жамоат жойларида ўзини тартибли тутмаётгани бўлмоқда.
Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов бундай ҳолатлар борлигини, лекин улар вақтинча эканлигини айтади.
“Бу бор гап, лекин 1-2 йил ичида ҳаммаси кўникиб қолади. Бизда аҳоли зич бўлгани учун, уйда турувчилар участка нозирларининг назоратида. Агар бирортаси ножўя иш қилса ёки безорилик қилса, участковойлардан дарров келиб тартибга чақиради, жарима солади. Мен буни муаммоли нарса деб билмайман”, - дейди Суърат Икромов.
Журналист Бобомурод Абдулла вилоятдан келганларнинг ҳаммаси хато қилмайдиганлар дейиш нотўғри бўлишини, қонунбузарлар ёки тартиббузарлар ҳамма жойда топилишини айтади.
Бироқ бундай ҳолатларда уларнинг келиб чиқиш жойига эмас, қилган қилмишига қараб ҳуқуқ тартибот органи ходимлари жазо бериши керак.
“Бизда йўқ светнинг ҳаммаси Тошкентда экан”
Пойтахтликлар томонидан кўп айтиладиган эътирозлардан бири, бу вилоятликларнинг “энг ёғли” ишларни эгаллаб олганидир.
“Илмий иш қиладиган пропискали одам бўлмаганлиги боис, мени ўзимни кафедрада олиб қоламиз дейишган. Мен кетаман, илмий иш қилмайман, дейишимга қарамасдан, агар одам бўлмаса кафедра ёпилиб кетади, деб аспирантурага олиб қолишган. Мендан бошқа яна 2-3та вилоятлик болаларни олиб қолишган. Ўша пайти тошкентликлар илмий иш қилмасдан, давлат ишида ишламасдан ўзини тижоратга уриб кетганига, бизлар мажбуран олиб қолинганимизга биз айбдормизми”, - дейди Бобомурод Абдулла.
Суърат Икромов Тошкент ва Тошкент вилоятига одамларни тортувчи нарса бу бошқа жойларда йўқ шароитлар эканлигини айтади.
Пойтахтда ишсизликнинг камлиги, газ, чироқ ва уйларни иситишдаги муаммоларнинг бошқа ерларга нисбатан озлиги одамларни Тошкентга оҳанграбодек тортаверади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси бошқа вилоятларда ҳам аҳвол ўнгланмас экан, прописканинг ёпиб қўйилиши ҳам келувчиларни тўхтатиб қолмаслигини ва натижада мувозанат бузилишини айтади.
“Бошқа жойдан Тошкент шаҳри ва вилоятига кўчиб келишининг сабаби шароитларнинг аратилганида. Агар шу шароитларни вилоятларнинг ўзида ҳам қилинганида бу ерга яшашга келувчиларнинг оқими бунчалик кўп бўлмасди. Бунинг ҳаммаси йўқчиликдан бўляпти. Электр,газ ва ичимлик суви таъминоти яхши таъминланган. Бошқа вилоятларда кўп жойда муаммолар ҳалиям бор. Масалан, қишда газ йўқлиги, электр ўчиб туриши ва кўп жой сув билан таъминламаган”.
Журналист Бобомурод Абдулла ҳам оддий шароитларнинг яратилиши уларни пойтахтга яшаш учун келмасдан, ўз туғилган жойларида қолишига замин бўлишини билдирди.
“Мен кечалари киракашлик қиламан, Қашқадарёнинг Қамаши шаҳридан бир катта одам 6-7 ёш атрофидаги икки қизча билан ўтирди. Машинага ўтириши билан иккита кичкина қизнинг гапи мени тешиб ўтди. Бува, қаранг бизда йўқ светнинг ҳаммаси Тошкентда экан, дейди. Бу ерда кўчани ёритгунча, бизнинг уйга берса бўлмайдими, дейди. 6 яшар қиз айтаяпти. Одамнинг кўзига ёш келиб кетди. Уйида свет бўлса, газ бўлса, иш бўлса, ким Тошкентга келади? Ҳеч ким келмайди. Шароит бўлмагандан кейин ҳамма ўзини шароит бор ерга уради”.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












