'Ўзбекистон газ машъалаларини ёқишдан ярим миллиард доллар зарар кўрган'

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Ўзбекистон нефт корхоналари устида газ машъалаларини ёқишни тўхтатишга қарор қилган.

Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистоннинг 2011 йилда, том маънода, газни ҳавога совуриш амалиётидан кўрган зарари 500 миллион долларни ташкил этган.

Жаҳон банкига кўра, дунёнинг яна саккиз мамлакати газ машъалаларини иқтисодиётга йўналтириш мажбуриятини ўз зиммаларига олган.

Булар Ангола, Габон, Камерун, Конго, Норвегия, Россия, Франция ва Қозоғистондир.

Барча нефт конларида газ машъалалари мавжуд.

Табиий газ ўзининг босими билан нефтни ер юзасига олиб чиқади.

Ўзбекистондаги Қашқадарё, Бухоро вилоятларидаги, Қорақалпоғистон республикаси ҳудудларидаги нефт конлари устига олиб чиқилган қувурлардан кечасию-кундузи газ ёқиб юборилади.

2005 йили Кўкдумалоқ нефт конида газ машъаласидан табиий газни сиқиб чиқарадиган учта завод ишга туширилган.

"Бу жуда мураккаб технологик корхона. Газнинг машъалини сўндириш осон эмас. Кўкдумалоқдаги янги заводлар бир йилда тахминан 1 миллиард кубометр газни тежаб қола бошлади," дейди Ўзбекистоннинг собиқ нефт-газ вазири Анвар Ҳусаинов.

Мамлакатдаги қолган нефт конларидаги машъалалар газларини тутиб қолиш мақсади учун тахминан 500 миллион долларлик сармоя талаб қилинади, дейди Анвар Ҳусаинов.

Демак, узоғи билан икки йилда Ўзбекистон бир йилда газ машъалалари ёқилишидан кўраётган зарар миқдори қопланади, ва ундан кейин даромад келтира бошлайди.

Машъалалар газидан табиий газ сифатида фойдаланиш мумкин.

Анвар Ҳусаинов билан суҳбатни тингланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK