'Ўзбекистонлик уч аёл толибларга қайтарилди'

Сурат манбаси, Reuters

Учовлон Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош шимолий Фарёб вилоятида шу йил бошида ҳибсга олинишган ва Толибон қуроллилари билан ҳамкорлик қилишда гумон этилишганди.

Фарёблик масъулларга кўра, шу кунларда ўзбекистонлик бу уч аёл билан бирга бир бола ҳам ҳибсдан озод этилган ва вилоятнинг энг беқарор Қайсор туманидаги толибларга қайтариб топширилган.

Ўзбекистонлик аёллар вилоятнинг айнан Қайсор туманидан марказий Маймана шаҳрига келаётган пайтларида хавфсизлик назорат нуқтасида қўлга олинишганди.

Вилоят хавфсизлик идоралари ҳибсга олинган учовлонни Маймана шаҳрига жосуслик маълумотлари йиғиш учун келаётганликда гумон этишганди.

Куни-кеча марказий афғон ҳукумати ҳибсдаги ўзбекистонлик уч аёлни маҳаллий толиблар қўлидаги уч асирга алмашганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Аммо Фарёб вилояти расмийлари Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатларида бу каби хабарларни буткул рад этишди.

Лекин...

Сурат манбаси,

Вилоятдаги мухбиримиз Ҳисомиддин Туйғуннинг хабар беришича эса, ўзбекистонлик аёллар қўлга олинишидан қисқа вақт ўтмай, Толибон Маймана чеккасидан CHA номли халқаро инсонпарварлик ташкилотининг тўрт нафар ходимини олиб қочади.

Сўнгра тўрттовлонни озод этиш учун орага тушган маҳаллий қавм оқсоқолларига уларни ҳибсдаги ўзбекистонлик аёлларга айирбошлаш истагида эканликларини айтиб, ўз шартларини адо этиши учун масъулларга бир ҳафта муҳлат беради.

Бироқ орада ўзбекистонлик аёлларнинг Фарёбдан пойтахт Кобулга юборилгани маълум бўлади.

Шартлари амалга ошмагач, толиблар тутқунларидан бирини қатл этишади, дейди мухбиримиз.

Унинг вилоят расмийларининг сўзларига таяниб хабар беришича, алал-оқибат қавм оқсоқолларининг такрорий музокаралари иш беради ва Афғонистон хавфсизлик мулозимлари масъулиятни ҳайъат вакиллари зиммасига юклаб, озод этганлик изоҳи билан ўзбекистонлик аёлларни қўйиб юборишади.

Аммо, мухбиримизнинг айтишича, маҳаллий толиблар томонидан уч халқаро кўмак ходимининг озод этилиши ва ўзбекистонлик маҳбусларнинг Қайсор туманига олиб келиниб, Толибонга топширилиши воқеаси бир вақтнинг ўзида юз беради.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, шу пайтга қадар ўзбекистонлик аёлларнинг қандай қилиб озод бўлгани хусусида бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган, изоҳ ҳам бермаган.

Ўзбекистонлик бошқа жангарилар

Агар, Фарёб вилоятилик расмийларнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан сўнгги суҳбатларида келтирган маълумотларига таянилса, шу кунларда биргина Қайсор туманининг уч қишлоғида ўзбекистонлик жангариларнинг ўнлаб оилалари бошпана топган.

Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, улар толиблар билан ҳамкорликда фаолият юритишади, мина ясаш билан шуғулланишади. Бу йўлда ўз аёллари ва оила аъзоларидан ҳам фойдаланишади.

Қайсор тумани ҳокимининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, улар Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари бўлишлари мумкин ва ўз ҳудудларига қўшни Покистондан ўтган бўлишлари эҳтимоли ҳақиқатга яқиндир.

Худди шу манзарада толибларга қайтариб берилган ўзбекистонлик уч аёлнинг ҳам қайси бир исёнчи гуруҳ аъзолари экани номаълум қолган, Фарёб вилояти расмийлари эса, дастлабки хабарларда уларнинг фақат "исёнчи аёл" эканликларини айтиш билан чекланишганди, холос.

Фарёб вилоятилик айрим масъулларнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан сўнгги суҳбатларида айтишларича эса, Қайсор туманидаги ўзбекистонлик жангарилар шу кунларда “Исломий Давлат” гуруҳининг вакиллари билан ҳам мулоқотга кириша бошлашган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, сўз кетаётган жангариларнинг аниқ Ўзбекистон фуқаролари эканликларини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Туман мулозимлари эса, уларга қарши тез орада жиддий чора-тадбир олинмаса, бунинг бутун вилоят хавфсизлигига таъсир қилиши мумкинлигидан ҳам хавотирдалар.

Тарихча ўрнида

Ўзбекистонлик ўнлаб исёнчилардан айримларининг узоқ йиллардан буён Фарёб ҳудудида эканликлари тахмин этилса, бошқаларининг бундан бир неча ой бурун бу ерга келишгани айтилади.

Вилоят масъулларига кўра, армиянинг бир неча ойлик кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, улар Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасидан кочиб келган бўлишлари мумкин.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, ўтган 13 йил давомида Вазиристон минтақаси Толибон, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Ал-Қоида" тармоғи каби қатор жангари гуруҳлар аъзолари учун хавфсиз бошпана вазифасини ўтаб келган.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ҳам яқинда Олмониядаги халқаро анжуманда қилган чиқиши чоғида айнан Покистон Қуролли кучларининг ҳарбий амалиётлари сабаб, энди ўзининг мамлакати жангари гуруҳларни тортиш марказига айлангани билан жиддий огоҳлантирганди.

Сурат манбаси, Getty

Фарёб вилояти ҳокими эса, шу йил бошида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида қўлга олинган уч аёлдан ташқари, ўз ҳудудларида яна 30 нафар ўзбекистонлик жангари фаолият юритиши, уларнинг бир жойдан қўним топмай, хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга қараб, бир ердан иккинчи ерга кўчиб юришларини ҳам айтганди.

Ҳоким жаноблари Туркманистон билан бевосита чегарадош эканини назарда тутиб ҳам, бу исёнчилар айнан Фарёб вилоятига келган бўлишлари мумкинлигини тахмин этганди.

Ўз ўрнида, ҳоким Муҳаммад Батош бу жангариларнинг мақсадлари ўзаро чегарадаги вазиятни нотинч қилиш эканига оид эҳтимолни ҳам назардан соқит этмаганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Фарёб қўшни Афғонистон билан 365 чақиримга узанган чегарага эга.

Ўтган йил туркманистонлик чегарачилар бир неча бор ўз ҳудудларида афғонистонлик қуролли шахсларнинг ҳужумларига учрашган, натижада бир неча туркман қўриқчисининг қурбон бўлгани ҳам хабар берилганди.

Бунинг ортидан, Туркманистон сўнгги ойларда Афғонистон билан ўзаро чегарасини мустаҳкамлаш учун "мислсиз чоралар"га қўл уришга киришган.

Ўзбекистонлик уч аёлнинг ҳибсга олинганига оид хабар манзарасида Фарёб вилоятининг энг беқарор туманларида исёнчиларга қарши йирик ҳарбий амалиёт ҳам йўлга қўйилган, унда Толибон қўмондони мақомида бўлган икки ўзбекистонлик жангарининг ўлдирилгани ҳам хабар берилганди.

Фарёб

Фарёб - Афғонистоннинг сўнгги йилларда вазияти жиддий издан чиқиб бораётган шимолий вилоятларидан биттаси саналади.

Бу ерда толиблардан ташқари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг ҳам фаоллашишганига оид хабарлар бор.

Айнан Фарёб вилоятининг хавфсизлиги Афғонистон парламентида ҳам бир неча бор муҳокама этилган, афғон ҳукумати орада минтақага ўзининг махсус ҳайъатини ҳам юборишга мажбур бўлганди.

Сўнгги ойларда Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг Афғонистоннинг қатор жанубий, жанубий-шарқий ва шимолий вилоятлари қаторида Фарёбга ҳам сизиб киришга уринаётганига оид хабарлар бор.

Бундан бир неча ой бурун Афғонистоннинг шимолий Сарипул вилояти расмийлари ҳам ҳудудларида ўзбекистонлик аёллар пайдо бўлишгани ҳақида хабар беришганди.

Улар ўзбекистонлик ўн нафар аёл вилоятнинг олис Кўҳистон туманида мина ясаш ва одамларни урушга тарғиб этиш билан шуғулланишаётганини айтишганди.

Ўзбекистонлик ўнлаб жангарилар бошпана топгани айтилаётган Фарёб вилоятининг Қайсор туманида эса, сўнгги ойларда шундоқ ҳам толибларнинг жуда фаоллашгани кузатилади.

Туманда ҳозир ҳам Толибонга қарши ҳарбий амалиётлари бораётгани айтилади. Шу кунларда Қайсорнинг буткул Толибон назорати остига ўтиши мумкинлигига оид айрим хавотирлар ҳам янграганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02