Ўзбекистондан хавф аридими?

Сурат манбаси, AP

Хориж қўшинлари яна икки йилгача қўшни Афғонистон тупроғида қолади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, бу хабар Ўзбекистон учун жуда ҳам муҳим.

Бунга эса, бугун сешанба куни расмий Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган муҳим хавфсизлик келишуви асос беради.

Янги имзоланган битимга мувофиқ, Афғонистонда 2016 йил охирига қадар 10.000 га яқин хорижий аскар ва уларнинг қатор ҳарбий базалари қолади.

Америка ва Афғонистон бу хусусда ўтган йил охирида келишиб олишганди.

Аммо, ҳозирда собиқ президент Ҳомид Карзайнинг қатор эътирозлари сабаб, унинг имзоланиши шу кунга қадар ортга суриб келинаётганди.

Бу эса, Ўзбекистон дохил барча минтақа давлатларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаганди.

Чунки мазкур ҳолат Афғонистонда бундан буёғига хорижий иттифоқ қўшинлари қолиш-қолмаслиги масаласини буткул савол остига қўйганди.

Америка томони, янги хавфсизлик келишуви имзоланмас экан, бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан, афғон тупроғида бирорта ҳам чет эл ҳарбийси қолмаслиги билан жиддий таҳдид қилиб келаётганди.

Устига устак, уларнинг бу каби пўписалари афғон можароси ҳалиям ўз ечимини топмаган бир манзарада янграганди:

Афғонистондаги исёнчи гуруҳларни буткул маҳв этишда Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучларининг ўтган 13 йиллик саъй-ҳаракатлари иш бермаган.

Улар билан сулҳу мадорага эришиш йўлидаги барча уринишлар эса, шу пайтгача бесамар якунланган.

Ҳозирга келиб, Афғонистонда Толибон ҳаракати ва унинг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати каби яна қатор бошқа исёнчи гуруҳлар ҳам қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.

Сурат манбаси, AP

Шундоққина биқинларида вужудга келган бу каби вазият охирги йилларда расмий Тошкентнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистон томони Афғонистон яна фуқаролар уруши гидобига ботиши, экстремистик гуруҳлар ва бангивор моддалар уясига айланишидан хавотирда.

Расмий Тошкент бу хусусдаги баёнотларини Бирлашган Миллатларнинг Ассамблеяси қадар, энг юқори минбарлардан туриб ҳам изҳор этмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг шахсан ўзи ҳам, ҳатто, сўнгги ойларга қадар Афғонистонда хорижий иттифоқ қўшинларининг қолиши жуда муҳим эканини алоҳида таъкидлаб келаётганди.

Ўзбекистон раҳбари шу йил май ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити чоғида қўшни Афғонистондаги воқеаларнинг ривожи хорижий иттифоқ қўшинларининг бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам қолишларини тақозо этишини ошкора баён қилганди.

Унинг бу каби сўзлари, бошқа томондан, Афғонистонда президентлик сайловлари инқирозга юз тутган ва қудратга янги афғон раҳбарининг қачон келиши номаълум бўлган бир вазиятда янграганди.

Расмий Вашингтон билан муҳим хавфсизлик шартномаси эса, олти ойлик сайлов бўҳрони ортидан кеча душанба куни Афғонистонда янги президент қасамёдга келтирилишидан кун ўтиб имзоланди.

Минтақавий таҳлилчилар ҳам у ерда жанг қилаётган ўзбекзабон исёнчи гуруҳлар сабаб, Афғонистонда бўлаётган можаролар унга бевосита чегарадош Ўзбекистондаги барқарорликка таъсир қилиши потенциали мавжудлигини алоҳида таъкидлашади.

Улар, бир томондан, мавжуд вазият Ўзбекистондаги мавжуд тузумнинг мустаҳкамланишига хизмат қилган бўлса, бошқа томондан, хавотирга солмай қўймаганини ҳам эътироф этишади.

Сурат манбаси, GETTY IMAGES

Таҳлилчиларга кўра, худди шу боис ҳам, янги имзоланган битим қисқа муддатга бўлса-да, Ўзбекистон ҳокимияти доиралари ва жамиятини тинчлантириш эффектига эга.

Улар ўтган 13 йил бадалида 100 мингдан ортиқ хорижий қўшин афғон можаросини бир ёқли қилолмаган бир шароитда қолажак бир неча минг сондагиси нимани эплаши саволига диққат қилишаркан, буёғига бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда иш олиб борилиши мумкин, деб тахмин этишмоқда.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳозир сиёсий доираларда афғон можаросининг ечими борасида ҳам ҳарбий, ҳам музокаралар ва ҳам Толибонни Афғонистон халқининг тақдири учун масъул сиёсий куча айлантиришга оид тасаввурлар мавжуд.

Лекин, шунда ҳам, таҳлилчилар толиблар ва келаси икки-уч йил ичида Афғонистондаги вазият қай томонга қараб ўзгариши хусусида олдиндан ҳеч нарсани айтиб бўлмаслигини алоҳида урғулашади.

Улар, худди шу ўринда, Афғонистонда толибларга мойил бўлган ижтимоий қатлам азал-азалдан мавжудлиги, яъни этник паштун қавмининг муайян фоизи доимо улар тарафида бўлиб қолаверишига диққат қилишади.

Хавфсизлик битими муддатининг 2016 йилдан уёғига ҳам узайтирилиши масаласига келганда эса, минтақавий таҳлилчилар Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари ҳам, Афғонистон ҳукумати ҳам вазиятга қараб иш қилишини таъкидлашади.

Сурат манбаси, AFP

Улар вазият чигаллашиб, толиблар, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат”га ўхшаш жиҳодчи ва исломий жангари гуруҳлар фаоллашиб, улар ўртасидаги узвийлик кучаядиган бўлса, ҳар икки томон ҳам ўзининг мавқеини бошқаттан кўриб чиқишга мажбур бўлишини айтишади.

Таҳлилчиларга кўра, глобаллашган дунёда хавфсизликни бўлиб бўлмайди.

Куни-кеча раҳбари эълон қилган янги баёнотидан маълум бўлишича, "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати "Исломий Давлат"ни дастаклайди".

Унда Мужоҳид Усмон Ғозий, “барча ҳаракат аъзолари номидан ўзларининг Исломий Халифат билан бир сафда эканини эълон қилади”.

Сўнгги йилларда Афғонистон масаласига бир неча бор тўхталиб ўтган президент Каримов, ҳатто, энг қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини ҳам таъкидлаганди.

Ўзбекистон томони сўнгги йилларда афғон можаросининг ечимида ҳарбий танлов иш бермаслиги ва фақат тинчлик музокаралари якуний йўл бўлишини урғулаб келади.

Куни-кеча қудратга келган янги афғон ҳукумати ҳам энг аввало Толибон ҳаракати билан сулҳу мадорага бориш истагида эканини ошкора баён этди.

Аммо, худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар, йилларки, афғон тупроғида бирор бир хорижий аскар қолар экан, умуман музокараларга бормаслигини айтиб келади.

Устига устак, ҳаракат қўшни Афғонистонда қудратга келган янги миллий бирдамлик ҳукуматини "АҚШ томонидан ташкиллаштирилган риёкорлик атаб", унга қарши курашини давом эттиришини баён қилди.

Томонлар ўртасида имзоланган янги хавфсизлик шартномасини эса, "шубҳали, ёвузона бир иш", - дея баҳолади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02