Рафиқ Сайфулин: 90 фоиз аҳоли ҳокимият ўз қудратида қолиши керак деб ҳисоблайди

Рафиқ Сайфулин - ўзбекистонлик таниқли политолог.

У 1958 йили Тошкент шаҳрида туғилган.

1979 йили Тошкент Давлат Университети(ҳозирги Миллий Университет)нинг Шарқшунослик факультетини тамомлаган.

Рафиқ Сайфулин тарих фанлари номзоди.

У Ўзбекистон Президенти қошидаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтини саккиз йил давомида бошқарган.

Рафиқ Сайфулин ўз чиқишларида, Ўзбекистонда <link type="page"><caption> Араб мамлакатларидагидек инқилоблар бўлмайди</caption><url href="http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/03/110322_sayfullin" platform="highweb"/></link>, деб айтган.

Шунингдек, у Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда ҳокимиятга келиш имконияти йўқлигини айтган.

Ислом Каримов номзоди яна бир бор президентликка илгари сурилганига боғлиқ Би-би-си саволига жавоб бераркан, Рафиқ Сайфулин, "вазият жиддий бўлганда халқ ўз лидерини қўллаб-қувватлайди" ва бугунги кунда Каримовга "муқобил муносиб номзодни кўрамаётгани"ни айтган.

Би-би-си меҳмони сиёсий таҳлилчи Рафиқ Сайфулиннинг саволларга жавоблари

Би-би-си: Жаноб Сайфулин, суҳбатимизни тожикистонлик Умеднинг саволларидан бошласак: Муҳтарам Сайфулин жаноблари, Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларини келажакда қандай кўрасиз?

Рафиқ Сайфулин: Бунга мен қисқа қилиб жавоб беришим мумкин: бугунги кунда Ўзбек-Тожик муносабатлари яхши алоқаларни йўлга қўйиш тенденциясига эга. Чунки минтақада қўшнилар ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка асосланган бўлиши кераклигини ҳар бир киши жуда яхши тушунади. Айнан мана шундай ёндашув Тошкентда - ҳам Ташқи ишлар вазирлигида ва ҳам президент маъмуриятида бор.

Умед: Сиз муносабатлар совуқлашувининг асосий сабаблари нимада деб ўйласиз?

Рафиқ Сайфулин: Бу муносабатларга таъсир кўрсатган сабаблар билан бирга бир неча омиллар бор. Энг жиддийси, албаттаки, сув-энергетика ресурслари масаласидир. Тожикистон раҳбарияти Роғунда амалга оширишни хоҳлаган йирик лойиҳа борасида ҳозир ҳам турлича ёндашув сақланиб қолаяпти. Бу масалада саволлар кўп. Жуда ҳам кўп. Мен турли соҳа мутахассислари билан шу масала бўйича суҳбатлашганман. Улар орасида сейсмологлар ҳам бор, экологлар ва бошқа мутахассислар ҳам бор. Улар, жавоб берилиши лозим бўлган саволлар кўп, дейишади. Бу, Тошкентнинг назарида, ўз-ўзини энергетика билан, республика аҳолисини сув ва электр қуввати билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишнинг жуда ҳам тўғри йўли эмас. Бунинг жуда яхши мисолини Арманистон намойиш этган. Улар бу муаммони кичик, қурилиши кам маблағ талаб қиладиган гидроэлектр станциялари билан ҳал қилганлар. Шу йўл билан республика электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга муваффақ бўлган. Йирик, улкан эмас, кичик ва яхши самара берадиган электр станциялари билан муаммони ҳал қилиш лозим, деган фикрга жуда кўпчилик экологлар қўшиладилар. Ўзбекистондаги сув-энергетика соҳаси мутахассислари ҳам бу фикрни маъқуллайдилар. Лекин бу масала - музокаралар предмети. Ва музокаралар давом этаёгани яхши. Замбараклардан ўт очилганидан кўра музокара бўлгани яхши. Шунинг учун мен Ўзбек-Тожик муносабатларининг келажагига некбинлик билан қарайман. Чунки бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.

Яна бир савол: Сизнинг Украина келажаги ҳақидаги фикрларингиз қандай?

Рафиқ Сайфулин: Украинанинг келажаги, авваламбор, ўша ерда яшаётган инсонларга боғлиқ. Агар улар ўзаро тил топа олсалар, биз фақат уларга қарсак чаламиз. Биз Украина масаласи алоҳида бир масала экани, у ердаги вазиятга жуда кўп ташқи омиллар таъсир кўрсатаётганини жуда яхши тушунамиз. Бу Ғарбнинг ҳам таъсири, бу Россиянинг ҳам таъсири. Албатта, ҳамманинг ўзининг мақсади бор ва ҳар ким ўз мақсадига эришишни истайди. Биз Украина яшовчиларининг ўзлари ўртада конструктив мулоқотни йўлга қўйишларини, ўша диалог доирасида ҳамма муаммоларни ҳал этишларини жуда хоҳлар эдик. Агар шундай бўлса, бизга ҳам енгил бўлган бўларди. Украинада уруш олови алангаланишидан ҳеч ким наф кўрмайди. Ҳеч ким у ердаги олов дунёнинг бошқа нуқталарига ёйилишини истамайди. Украина ичкарисида ҳозир турли йўналишдаги, турли мақсадларни кўзлаган гуруҳлар бор. Агар бу гуруҳлар ўзаро бир-бирининг гапига қулоқ солишни ўргансалар, бундан бошқалар ҳам енгил тортарди. Мен юқорида тилга олган ташқи кучлар эса украиналикларни ана шу мулоқотга ундашлари, рағбатлантиришлари керак.

Немцов ўлими кимнинг манфаати учун хизмат қилиши мумкин?

Рафиқ Сайфулин: Мен ўйлайманки, кўпчиликка. Бу сиёсий қарор бўлмаган. Путинга Немцовнинг ўлими умуман керак эмас эди. Путин шундоқ ҳам ҳамма нарсани ўз назоратида ушлаб турипти. Қотиллик юз берган пайтда мен Москвада эдим. Бу ҳақда ўзимнинг дўстларим билан суҳбатлашдим. Дўстларим, "сиёсий жиҳатдан бундай қотилликнинг ҳеч кимга фойдаси йўқ эди", дейишади. Менинг тушунишим бўйича, Немцовнинг жиддий душманлари бўлган. Бу душманлар унинг шахсий душманлари бўлиши мумкин. Иккинчи версия - пул учун.

Shohruh: Nima deb o'ylaysis O'zbeklarni Suriyaga, Iroqga borib qolishiga nimalar sabab bo'lmoqda?

Рафиқ Сайфулин: Нима етаклаётгани тушунарли. Уларни фанатик эътиқод етаклаб бораяпти, деб ўйламайман мен. Улар пул қўлга киритишни хоҳлаётган ёш йигитлар. Агар урушда қатнашиб одам ўлдиришни ишлаб пул топиш ёки меҳнат дейиш мумкин бўлса. Бу биринчи сабаб. Иккинчиси, улар бу ерда Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳамм ўзини топа олмаган кишилар. Учинчи сабаби, улар билан ишлашаяпти. Эмиссарлар, даъватчилар иш олиб бораяпти. Уларни "Исломий Давлат" сафларига оғдириш мақсадида Афғонистонда ҳам, Покистон Пешоварида ҳам, Россияда ҳам иш олиб боришаяпти, бу ҳаммага маълум нарса. Менинг бу йигитларга раҳмим келади. Бу улар учун ҳар қандай маънода ҳам ҳалокатни англатади. Бу ё жисмоний ўлим, ё маънавий ёки руҳий ўлим. Биласизми, ҳамма кўп пулни бирданига қўлга киритишни хоҳлайди. Лекин ҳаётда бундай бўлмайди. Уларга мана шундай катта пулларни ваъда қилишади. Улар эса ҳали ёш. Ёшлари 19-20 да ва бу ваъдаларга ишонишади. Афсуски, уларнинг ҳали ҳаётда ғўр эканликларидан фойдаланиб уларни ёллашади.

Сиз бугун Сурия ёки Ироқда бўлган ўзбекистонликларнинг сонини биласизми?

Рафиқ Сайфулин: Бу одамларнинг сони менга маълум эмас. Мана қаранг, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ёки "Исломий Давлат"га бориб қўшилган собиқ ўзбекистонликлар қандай бориб қолишган? Улар бу гуруҳларга Афғонистондан бориб қўшилишлари мумкин, Покистондан бориб қўшилишлари мумкин. Туркия ёки Россия орқали. Ҳеч ким уларнинг ҳисоб-китобини юритаётгани йўқ. Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида бирорта ҳам махсус хизмат қайси мамлакатдан қанча одам қаерга борганини ҳисоб-китоб қилмайди. Ҳозир "Исломий Давлат" сафида бўлган ўзбекнинг сони нечталигини ҳисоблаб чиқиш имконсиз иш. Бу ўша одамларнинг фалокати. Яна такрорлайман: ёки уларни у ерда ўлдиришади ёки қайтадиган бўлсалар, бу ерда қамашади. Бу одамларни аниқлаш учун халқаро ҳамкорлик кучайтирилиши лозим. Бунинг учун эса Ғарб, АҚШ дунёдаги нарсаларга ўзларининг қарашини ўзгартиришлари, дунёга бошқача қарашлари лозим. У ердаги ўзбекистонликларнинг сони 600 та, 700 та бўлиши мумкин. Балки 1000 тадир ёки бир ярим мингта. Улар бу ерда Ўзбекистондаги вазиятга таъсир кўрсата олмайдилар. Бир ҳовуч одам 30 миллионлик халқнинг истагига қарши бора олишга қодир эмас.

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз, жумладан, Ўшнинг Новқатидан Abumahdiy сизнинг рангли инқилобларга бағишланган китобингизда илгари сурган асосий фикрингиз ҳақида сўрашган: Сиз нега Ўзбекистонда рангли инқилоблар бўлмайди, деган хулосага келганингизни билишни истаганлар.

Рафиқ Сайфулин: Бунинг учун халқни билиш керак, халқни тушуниш керак. Халққа бундай инқилоблар керак эмас. Мен одамлар билан жуда кўп гаплашаман. Улар жуда ҳам оддий одамлар: улар такси ҳайдовчилари, қаҳвахона ходимлари, кўчада ишлайдиганлар. Бу одамларга ҳеч қандай инқилобнинг кераги йўқ. Шундай экан, ҳокимиятнинг инқилоб ясашга уринишларнинг олдини олишга тўла ҳаққи бор. Бунга қарши чоралар эса жуда қаттиққўл бўлади. Умуман олганда, шундай бўлгани афзал. Нима учун? Чунки одамлар тинчлик замонида бехавотир яшашни исташади. Бу биринчиси. Иккинчидан, эртанги кунидан ҳеч ташвишланмасдан ўзининг келажак режаларини қуришни истайдилар. Учинчидан, болаларини ишлаб боқиш ва вояга етказиш - уларнинг орзуси. Болаларга кўнгилдагидек таълим беришни хоҳлайдилар. Бу кўпчиликнинг хаёлидаги фикр, истак. Тўғри, орада провокаторлар ҳам бор. Улар эса сотиб олинган одамлар. Бунда энг муҳими, омманинг кайфиятини кузатиш керак, омманинг кайфиятига қараб хулоса чиқариш керак. Жамиятдаги кўпчилик нимани истайди? Мана яқинда президентлик сайлови бўлади. Ана шу сайловга нисбатан кўпчиликнинг муносабати қандай? Мана менинг қўлим остида социологлар ишлашади. Улар ана шу омма кайфиятини кузатадилар. Социологлар айтишича, аҳолининг 90 фоизи жорий ҳокимият ўз қудратида қолиши керак, деб ҳисоблайди. Чунки бу барқарорлик кафолати. Халқнинг кўпчилиги мамлакатида тартибсизлик, бошбошдоқлик бўлишини хоҳламайди. Халқ Тожикистондагидек фуқаролар уруши, Қирғизистонда бўлганидек зўравонликлар ёки мана охиргиси Украинада юз бераётганидек қон тўкилиши Ўзбекистонда бўлишини хоҳламайди. Шунинг учун одамлар Каримов учун овоз берадилар. Чунки улар учун, миллатидан қатъи назар, ўзбек, рус ёки яҳудий учун, Каримов - хавфсизлик ва хотиржамликнинг кафолати. Ва у бирор бир "майдан" пайдо бўлишига йўл қўймайди. Бунга қарши қаттиққул, қатъий чора кўради. Чунки мана "майдан" Украинада қандай оқибатларга олиб келди? Сиз журналистлар Ғарб қадриятларини олға суришни яхши кўрасизлар. Лекин Шарқда Шарқнинг ўзига хосликлари борлигини сизлар ҳам тушуниб етишларинг керак. Бизда халқ бошқача. Халқнинг аксар қисми эса ҳозирги ҳокимият сақланиб қолиши керак, деб ҳисоблайди.

<bold>Би-би-си: Яқинда Би-би-си билан <link type="page"><caption> суҳбатда тошкентлик тарихчи Анвар Назир</caption><url href="http://www.bbc.co.uk/uzbek/multimedia/2015/02/150217_karimov_aftermath_anvar_nazir" platform="highweb"/></link>, "ўзбекистонликлар Каримов умуртқаси ҳисобланган жамиятнинг гаровига тушиб қолганлар, бу умуртқага бир нарса бўлса, бутун тана йиқилади", деган мазмундаги фикрни айтганди. Сизнинг бу фикрга муносабатингиз?</bold>

Рафиқ Сайфулин: Ким у киши Анвар Назир? У одамни халқ танийдими? Мана ҳозир сайловолди кампанияси кетаяпти. Президентликка номзодлар тўртта. Улардан учтасини халқ биладими? Билмайди. Улардан айримларини кўпроқ одамлар билиши мумкин. Узоғи билан бир ярим фоиз аҳоли. Ҳамма Каримовга қарайди. Яна такрорлайман: Ўзбекистон халқи учун Президент Каримов барқарорликнинг гаровидир. Бизнинг мамлакатимизда ҳаётни ва яшашни нормал тушуниш бор. Одамлар тоза осмон остида яшаш, ишлаш, боласини вояга етказиш, ривожланишни хоҳлайдилар. Энг муҳим нарса шу. Мана шу муҳим нарсани Президент Каримов нафақат кафолатлайди, балки у одамларга ўзларига келажакдан туриб назар солиш имкониятини беради. Мен кимнидир мақтаб, кимнидир қораламоқчи эмасман. Мен вазиятга объектив назар ташлашга ҳаракат қилаяпман, холос.