"Исломий давлат" Ўзбекистонга хуружни режалаганми?

Сурат манбаси, AFP
Ўзбекистон Интернет нашрлари хабар қилишича, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати "Исломий Давлат"нинг мамлакат ҳудудида террорчилик хуружларини режалаганидан бохабар бўлган.
12 нюс нуқта уз сайтига кўра, "Исломий Давлат" Ўзбекистонда баҳорда зўравонликларни режалаган. Шунинг учун Ўзбекистон чегараларини мустаҳкамлаш, хавфсизликни кучайтириш чораларини кўришга қарор қилган.
Шу пайтгача Ўзбекистон расмийлари Ироқ ёки Сурияда қанча ўзбекистонлик борлиги ҳақида маълумот бермаган.
Би-би-си сўнгги хабар нақадар ишонарли бўлиши мумкинлиги ҳақида ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Рафиқ Сайфуллиндан сўради.
Рафиқ Сайфуллин: Биринчидан, бу янгиликлар тарқалганига анча бўлди. Аллақачон Ўзбекистон ўзининг Афғонистон билан чегараларини янада мустаҳкамлаётгани борасида анча-мунча шарҳлар ҳам эълон қилинди. Бунинг сабаби тушунарли - Ўзбекистон жанубий сарҳадларида ҳозир юзага келган вазиятни қулай деб атаб бўлмайди. Афғонистоннинг Ўзбекистонга яқин ҳудудлари тинч эмас, шунинг учун чегарани мустаҳкамлаш чораларини кўриш лозим. Афғонистондан хорижий қўшинлар чиқиб кетаётгани инобатга олинса, чегаралар мустаҳкам қўриқланаётганига тўла ишонч ҳосил қилиш керак. Афғонистондан Ўзбекистонга таҳдид ҳар доим бўлиб келган, ҳозир ҳам бор бу таҳдид. Ва бундан кейин ҳам бўлади. Ҳозир Афғонистонда нафақат Толиблар, балки таркибида асли Ўзбекистондан келиб чиққан аъзоларига эга бошқа турли гуруҳлар ҳам фаол. Мисол учун, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва бошқалар.
Би-би-си: Ҳозир минтақа мамлакатлари, хусусан, Тожикистон ёки Қирғизистон расмийлари "Исломий Давлат" сафларида жанг қилаётган ўз фуқароларининг сони ҳақида бераётган баёнотларини биз кўриб турибмиз. Лекин Ўзбек расмийлари бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бермаганлар. Сизнингча, Ўзбек расмийлари Ироқ ёки Сурияда бўлган ўзбекистонлик фуқаролар ҳақида аниқ маълумотга эгамилар?
Рафиқ Сайфуллин: У ерда ўзбекистонликлар борлиги аниқ. Бироқ уларни ҳеч ким санаётгани йўқ. Ахир "Исломий Давлат" сафидаги ўзбекистонликларни санаб чиқишнинг имкони йўқ. Улар Ироқ ёки Сурияга Афғонистондан ўтиб борган бўлишлари мумкин. Покистон шимолидан қочиб борганлар бўлиши мумкин. Ким қаердан эканини ҳисоб-китоб қилиш қийин. Қўшни мамлакатларнинг ўз фуқаролари сони ҳақидаги баёнотларини эса мен ўзига эътиборни жалб қилиш мақсадидаги "шақилдоқ ўйини" деб атаган бўлардим.
Би-би-си: Танқидчилар айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ҳар доим сайловга ўхшаш муҳим тадбирлар арафасида хавфсизлик баҳонасида оддий одамларга, жамиятга босимни кучайтиради, буни 1999 йилдан буён кўриш мумкин...
Рафиқ Сайфуллин: Вазият жиддий экани аниқ. Танқидчилар ҳар нарсани гапираверишлари мумкин. Лекин сиз мамлакат ичкарисидаги кайфият билан қизиқсангиз, оддий аҳолининг кўпчилигига хавфсизликни таъминлаш учун мана шундай чоралар кўрилаётгани маъқул. Мана, Олий Мажлисига сайловлар бўлиб ўтди. Ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. Одамлар тинч, хотиржам вазиятда бориб, фаол овоз бердилар. Буни менинг ўзим сайлов учаксткаларида ўз кўзим билан кузатдим. Президентлик сайлови жуда муҳим тадбир. Бу пайтда хавфсизлик таъминланиши шарт. Сайлов арафасида ва овоз бериш кунида хавфсизлик кучайтирилишининг ҳеч қанақа ғайритабиий, қўрқинчли жиҳати йўқ. Энг муҳими, биров бировга таҳдид қилмасин, аҳвол тинч бўлсин. Мана ўзингиз қаранг, дунёда ҳозир қандай тартибсизлик юзага келган: Украинани оласизми, Ироқ ёки Сурияними, ёки мана Франциядаги энг охирги ҳодисалар. Ўзбекистонда энг оддий хавфсизлик чоралари кўрилаяпти. Токи, одамлар тинч яшасинлар ва ишласинлар, тинчликда болаларини вояга етказсинлар. Кимгадир бу амаллар тарғибот босими бўлиб туюлиши мумкин. Лекин аслида бу ҳеч қандай босим эмас. Бундан оддий одамларнинг кўнгли тинч бўлади. Улар ҳеч қандай портлаш ёки бошқа хуружлар содир бўлмайди, деб хотиржам бўладилар. Мен бундай чораларнинг бирор бир салбий жиҳатини кўраётганим йўқ. Бундай фикрда бўлган одам фақат мен эмасман, ўзбекистонликларнинг аксари шу фикрга қўшиладилар.
Би-би-си: Ўзбекистон Интернет нашрлари Миллий Хавфсизлик хизмати таҳлилчиси Алишер Ҳамдамов сўзларидан иқтибос келтирганлар. Унда "Исломий Давлат" аъзолари баҳорда Ўзбекистонда террорчилик хуружларини режалаштирганлар, деб айтилади. Агар бундай таҳдидлар реал бўлса, нега бу режаларнинг тафсилоти жамоатчиликка ошкор қилинмайди?
Рафиқ Сайфуллин: Агар бу гапни Миллий Хавфсизлик хизмати ходими интервьюда айтаётган бўлса, демак бундай фактлар мавжуд. Демак, Миллий Хавфсизлик хизмати бундай ҳодисалар рўй бермаслиги учун фаол иш олиб бораяпти. Ҳар йили баҳор келиб кунлар исиши билан жангарилар таҳдиди кучайиши бор нарса. Таҳдид минтақанинг жанубий сарҳадларида юзага келади. Тожикистон бундай таҳдидларда Россия ва ОДКБга орқа қилади, Қирғизистон ҳам. Ўзбекистон эса ўз кучига ишонади, ўз хавфсизлик чораларини ўзи кўради. Хавфсизлик хизматининг бу ҳақда хабар бериши - моҳиятан хавф мавжудлигидан огоҳлантиришдир. Бу билан одамларга эҳтиёт бўлиш кераклиги тушунтирилаяпти, давлат ўзининг фуқароларни муҳофаза қилиш вазифасини адо этаяпти.
Би-би-си: Сизга сўнгги савол президентлик сайлови билан боғлиқ - мамлакатдаги икки инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ислом Каримов номзодининг президентликка илгари сурилиши Ўзбекистон конституциясига зид эканини айтиб баёнот тарқатдилар. Сиз буни қандай шарҳлайсиз?
Рафиқ Сайфуллин: Агар бу масалага юридик нуқтаи назардан ёндашиладиган бўлсак, ҳеч қандай қусур йўқ. Чунки бошида фақат беш йиллик муддат бўлган. Кейин етти йиллик муддат ва иккинчи етти йиллик муддат. Шундан кейин президентлик муддатини амал қилиш йилларини қисқартиришга қарор қилинди. Нега бундай қарор қабул қилинганини шарҳлаб беришни юристлардан сўраш керак. Бошқа томондан, шахсан мен бугун муқобил муносиб номзодни кўраётганим йўқ. Чунки вазият жиддий бўлган пайтда халқ ўз лидерини қўллаб-қувватлайди. Мана мисол тариқасида АҚШ тарихига бир назар ташланг: Франклин Рузвельт кетма-кет тўрт марта президент этиб сайланган. Бу АҚШ конституциясини тўғридан-тўғри поймол этилишидир. Чунки замон шундай эдики, мамлакатга айнан мана шундай ақлли, етук ва доно лидер керак эди. Мен Ислом Каримовни ана шундай фазилатларга эга раҳбар, деб ҳисоблайман. Мен Ўзбекистонни бошқариш учун бугунги кунда Ислом Каримовга муқобил сиёсатчини на мамлакатнинг ичкарисида, на ташқарисида кўраётганим йўқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002












