ПАУ: Ислом Каримов номзоди президентликка кўрсатилгани ноқонуний!

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси (ПАУ) Бош Прокурордан Президент Ислом Каримов номзодининг президентликка кўрсатилганини ноқонуний деб топишни талаб қилмоқда.
Бундан олдин Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аҳолини 29 мартда ўтадиган президентлик сайловларини байкот қилишга чақирганди.
Алянснинг Ўзбекистон Бош прокурори, Олий Мажлис Сенатининг раиси, Конституциявий суд раиси ва Марказий сайлов комиссияси раиси номига йўлланган "Ўз.ЛДП нинг ғайриконституциявий Қарорига нисбатан шикоят хати"да Ислом Каримовнинг номзоди президентлик сайловига қўйилишининг ўзи Конституциянинг 90 моддасини бузиш экани айтилади.
"Муҳтарам Президентимиз И.Каримов уч маротаба Президент бўлиб сайланиб, уч маротаба Президент лавозимида ўз ваколатини ўтаб бўлдилар. Шунга қарамай, Ўз.Р.ЛДП навбатдаги Президент сайловига амалдаги Президент И.Каримовнинг номзодини тўртинчи маротаба кўрсатиб Қарор қабул қилибди. Ўз.Р.Конституциясининг 90 моддасида: "Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас", деб ёзилганлиги учун Ўз.Р.ЛДП нинг мазкур Қарори Ўз.Р.Конституцияси талабларига зиддир ва сўзсиз бекор қилиниши лозим", дейилади шикоят хатида.

Алянс аъзолари номидан ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова имзоси қўйилган шикоятда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди шикоятни кўриб чиқиб, Ўз.Р.ЛДП нинг мазкур қарорини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларига мос эмаслиги тўғрисида хулоса чиқаргунича ва Ўзбекистон Бош Прокурори ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Раиси шикоят юзасидан тегишли қарорлар қабул қилгунича Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов ҳайъати Раисидан амалдаги Президент И. Каримовни президент лавозимига номзодлар рўйхатига киритишни тўхтатиб туриш сўралади.
2 февралда Тошкентдаги Ташаббус гуруҳи тарқатган баёнотда айтилишича, собиқ коммунист раҳбар бўлган Ислом Каримов мустақилликнинг илк йилларидаёқ сиёсий мухолифатни йўқ қилган ва 26 йилдан буён қудратни ўз қўлида ушлаб турибди.
"Ҳукуматнинг лаёқатсизлиги боис фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маиший турмуш даражаси чидаб бўлмас даражада ёмонлашди", дейилади баёнотда.
Ташкилот мамлакатда коррупция ва порахўрликнинг авж олгани, куч тизимлари ва амалдорлар ўз ваколатларини суиъистеъмол қилаётгани, мамлакатга фойда келтириши мумкин бўлган сиёсий фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва тадбиркорларнинг ноҳақ қамоққа ташланганини таъкидлайди.

"2005 йил 13 майида Андижонда бир неча юз фуқароларнинг отиб ўлдирилиши учун масъул бўлган шахс қандай қилиб давлатни бошқариши мумкин?"
"8 миллиондан ортиқ фуқаролар иш йўқлигидан Россия, Қозоғистон ва бошқа МДҲ мамлакатларида сарсон-саргардон юргани учун ким айбдор?" дея хитоб қилади ўз мурожаатида мустақил инсон ҳақлари гуруҳи.
Ташкилот ўзбекистонликларни ўз яқинларига сайловларни бойкот қилиш ҳуқуқлари борлигини тушунтириш, таҳдид ва босимлардан қўрқмасликка чақирган.
"Унутманг, сиз мустақил Ўзбекистоннинг ҳақиқий эгасисиз" дейилади баёнотда.
Хориждаги бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар ҳам Виртуал Сайлов комиссиясини ташкил қилганлар.
Улар Ислом Каримов номзодининг президентликка илгари сурилиши Ўзбекистон конституциясига зид, демоқдалар, ўз номзодларини рўйхатга олиб, Интернет оламида президентлик сайловини ўтказмоқчилар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002












