МСК сайловчиларнинг юксак сиёсий фаоллигини кўрди
21 декабр куни Тошкент вақти билан соат 17 гача Ўзбекистонда рўйхатга олинган барча сайловчиларнинг 78 фоиздан ортиғи парламент сайловида овоз бериб бўлди, дея эълон қилди Марказий Сайлов комиссияси.
Сайлов расмийлари сўзларига кўра, улар соат 17 гача 16299024 сайловчининг овоз беришда қатнашганининг гувоҳи бўлганлар.
Бу жами сайловчиларнинг 78,4 фоизини ташкил этиши хабар қилинган.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов маҳаллий вақт билан соат 10 гача парламент сайловини бўлиб ўтган, деб қарор беришга асос бўладиган сондаги сайловчилар иштироки қайд этилганини эълон қилган.
Жаноб Абдусаломов Ўзбекистон қонунчилигида жами сайловчиларнинг 33 фоизининг овоз беришда қатнашиши сайловни қонуний деб ҳисоблашга асос бўлишини эслатган ва соат 10 гача 34 фоизлик иштирок кузатилганини хабар қилган.
"Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловда юксак сиёсий фаолликни намоён этмоқдалар", деб айтган Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси.
Мамлакатда сайлаш ҳуқуқига эга 20789572 фуқаро рўйхатга олингани эълон қилинган.
Овоз беришга қобил Ўзбекистон фуқароларининг камида 2 миллиони Россияда меҳнат муҳожири ва хорижий мамлакатларда бўлган барча ўзбекистонликларнинг ҳам сайловдаги иштироки учун шароит яратилган-яратилмагани номаълум қолган.
Марказий Сайлов комиссияси чет элда 44 та сайлов участкаси очилганини хабар қилган.
Марказий Сайлов комиссияси кейинги брифинг Тошкент вақти билан соат 22 да бўлишини маълум қилган.
Бундан олдин Интернетда Ўзбек сайлов мулозимларига жами сайловчиларнинг 93 фоизлик иштирокини таъминлаш топшириғи қўйилгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб улгурган.
Ўзбекистон Олий мажлиси қуйи палатасидаги ўринлар учун курашаётганини айтадиган тўртта партия ва экологлар ҳаракати сайловларда иштирок этаётгани айтлган.
Тўрт сиёсий партия (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси, Халқ демократик партияси ва "Адолат" социал-демократик партияси) ҳам ҳукуматпараст партиялардир.
Ўзбекистонда мухолиф партиялар фаолияти тақиқланган.
Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бир баёнот чиқариб, сайловларни "қўғирчоқлар сайлови" деб атаган ва аҳолини овоз бериш жараёнини бойкот қилишга чақирган.
"Ўзбек халқи 25 йил ва 6 ой давомида фавқулодда ҳолатда яшамокда. Бу муддат ичида халқнинг моддий ва маънавий ва захиралари ҳалокатли равишда эриб, тамом бўлиш арафасида. Жамиятда йўқсиллик, жаҳолат ва энг ёмони - умидсизлик ҳоким. Бу ҳолатдаги халқ на эркин сайлов, на-да ҳурриятни уйлайди", дейилади ЎХҲ аввалроқ эълон қилган баёнотда.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайловларда рақобатнинг йўқлигини айтиб, Ўзбекистонга чекланган кузатувчилар гуруҳини юборишини айтган.
Ташкилот Ўзбекистонда ҳозирга қадар ўтказилган сайловларнинг биронтасини ҳам эркин ва адолатли деб топмаган.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломовнинг соат 12 даги Тошкентдаги брифингдаги баёнотини тингланг!
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002