Ижтимоий тармоқлар: Каримов, Конституция ва Кетмонов...

Ўзбекистонда шу йил мартидаги сайловларда Президент Ислом Каримов номзодининг яна бир муддатга илгари сурилиши ижтимоий тармоқларда қарама-қарши муносабатларни уйғотган.

Айрим ўзбекистонликлар ушбу қарорни Конституцияга қарши дея баҳолаганлар.

Айримлар собиқ коммунистик партиядан кўпчиликка нотаниш Ҳотамжон Кетмоновнинг президентликка номзод этиб кўрсатилишини унчалик ишонқирамасдан қарши олганлар.

Ижтимоий тармоқларда жаноб Каримов номзодини энг кўп олқишловчи шарҳлар Ўзбекистон ичкарисидаги фойдаланувчилар томонидан ёзилган.

Ҳукуматпараст интернет нашрларидан бири - Podrobno.uz хатто бу борадаги рақамларни ҳам берган: жорий Президент номзоди Facebook даги ўзбек гуруҳларида қолдирилган биринчи 5000 та шарҳ муаллифларининг "80 фоиздан ортиғи" томонидан маъқулланган.

Podrobno.uz иқтибос келтирган қатор фойдаланувчилар Каримов номзодини бошқа номзодлардан афзал кўришлари, чунки мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик фақатгина Каримовнинг хизмати эканини таъкидлашган.

"У энг зўри. Ўзбекистон 2014 йилда дунёнинг энг тинч давлати деб тан олинганини эшитдингларми? Нормал иқтисод ва ҳаёт кечириш учун тинчликдан бошқа яна нима керак?"деб ёзган "Ramziddin Zayniddinov" исмли фойдаланувчи.

Ўзбекистонликлар Кетмоновнинг имкониятлари устидан кулишган
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонликлар Кетмоновнинг имкониятлари устидан кулишган

"Биз бошқа президентни хоҳламаймиз. Фақат Каримов!" дея хитоб қилган "Gulichka Samykova" исмли Facebook фойдаланувчиси.

Аммо жаноб Каримовнинг номзоди эълон қилинаркан, 20 йиллик президентликдан кейин бунинг қанчалик қонунийлиги борасида саволлар ҳам кўтарилди.

"Бу нима деган гап?. Конституция ва инсон ҳақлари қаерда қолди?" дея эътироз билдирган "Nargiz" исмли фойдаланувчи Fergananews.com сайтининг шарҳлар бўлимида.

"Ислом Каримовнинг яна президентлик лавозими учун курашишига ким шубҳа қилган эди?- (кулги белгиси). Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддаси бир шахснинг кетма-кет икки муддатдан кўпга президентликка сайланишини тақиқлайди. Аммо Ўзбекистон Конституцияси қоғоздан бошқа нарса эмас", деб ёзган бошқа бир ўқувчи Fergananews.com вебсайтида.

Бошқа ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳам ушбу янгиликка бефарқ оҳангдаги "Каримовнинг қайтадан сайланиши аввалдан маълум эди", қабилидаги кўплаб шарҳлар қолдирилган.

"Қандай кураш ҳақида гапираяпсиз, жаноблар?. У ўзига, дейлик, 89 фоиз овозни буюртма беради ва худди шунча овоз олади" деб ёзган Fergananews.com ўқувчиси "Rustam".

Айримлар Кетмоновнинг имкониятлари устидан кулишган. "Бу одам 2 фоиз овоз олиши ҳам даргумон" деб ёзган "UZ UZ" тахаллусли Facebook фойдаланувчиси.

"Мен истардимки, унинг ҳеч бўлмаса бир марта муносиб рақиби бўлсин. Ҳаммаси шунчалик зерикарли", деб ёзган "Marina Kim".