БМТ Бош котиби халқаро ҳамжамиятни Оролни қутқаришга чақирди

Сурат манбаси, none

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида Орол денгизи муаммосига бағишланган халқаро анжуман иштирокчилари олдидаги видеоконференция орқали чиқишида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун халқаро донорларни экологик муаммо оқибатларини бартараф этишга чақирган.

"Бугун Орол денгизи қуриб қолиш ёқасига келиб қолган ва бу йўқотиш нафақат Ўзбекистондаги, балки унинг атрофидаги миллионлаб инсонларнинг ҳаётига таъсир кўрсатади. Орол денгизи қуриб қолишининг асосий сабаби сув ресурсларидан номутаносиб фойдаланишдир", деб айтган БМТ Бош котиби.

Жаноб Пан чегаралараро рус ресурсларидан фойдаланишда халқаро ҳамкорлик, энг аввало минтақавий ҳамкорлик муҳим эканини урғулаган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 2010 йил апрелида Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудини бориб кўрган эди.

Урганчдаги коференцияга "Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш" деб ном берилган.

Анжуман иштирокчиларига мурожаатида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Марказий Осиё республикалари 1993 йилда ташкил этган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси денгиз ва Оролбўйи муаммоларини ҳал қилишга 2 миллиарддан зиёд маблағ сарфлади, деб айтган.

"Минг афсуски, бугунги кунда Орол денгизини тўлиқ қайта тиклаш имкони йўқлиги тобора аён бўлиб бормоқда", деган Президент Каримов.

Сентябр ойида АҚШнинг НАСА агентлиги Оролнинг фазодан тасвирга олинган энг сўнгги фотосуратини эълон қилди.

НАСАнинг Earth Observatory сайтидаги фотосуратларда Жанубий Орол денгизининг шарқий қисми тўлиқ қуриб қолгани акс этган.

Мазкур ҳолат тарихда илк бор кузатилаётган даҳшатли тасвирлар сифатида таърифланган.

НАСА тадқиқотчиларига кўра, 2009-2014 йиллар ўртасида сув сатҳи ёғингарчилик миқдорига қараб ўзгариб турган.

Жорий йил об-ҳавонинг қуруқ келиши Жанубий Оролнинг шарқий қисми бутунлай қуриб қолишига сабаб бўлган.