Бозорларимиз ва озорларимиз

"Бииир муштлашсак..."
Сурат тагсўзи, "Бииир муштлашсак..."
    • Author, Усмон Тегирмончи
    • Role, Ўзбекистон

Ушбу ҳафта ҳамманинг оғзида чайналган гап буёғи Сергели мошина бозорида уёғи эса Россиядаги Москва Сити қурилишида юз берган оммавий муштлашувлар бўлди. Икковида ҳам ўзбеклар қатнашган. Энди ҳамма шу ҳақда гапиргандан сўнг мен ҳам ўз айтадиганимни айтиб қолишим керакка ўхшайди.

Мен нима демоқчиман? Демоқчиманки, гала-гала бўлиб муштлашишлар Ўзбекистонда аллақачон одат тусига айланиб қолган. Сергели мошина бозоридаги муштлашув қатнашчиларини милиса олиб кетгандан сўнг бу воқеа овоза бўлди. Овоза бўлмагани қанча!?

Москвада Марказий Осиёдан келган муҳожирлар муштлашган бўлса, Сергели бозорида тошкентлик ва қашқадарёлик олибсотарлар муштлашган. Москвада нима талашилган билмадиму, лекин мошина бозорида "нон" талашилгани аниқ. Нон деб кенг маънода, ризқу рўз маъносида айтдим. Бу бозордаги олибсотарлар (улар айнан олибсотар, савдогар эмас) орасида аслида ҳафтада икки-уч марта тўдалашиб муштлашишлар юз бериб туради. Бу одатда жой, клиент талашиш ортидан келиб чиқади. Сергели бозорига борган бўлсангиз, биласиз, у ерда аксар муттаҳамлар ўтиради, туппа-тузук мошинангизни ҳали у жойи, ҳали бу жойи чатоқ экан деб янги (оригинал) эҳтиёт қисмларини ечиб олиб, ўрнига Хитойнинг усти ялтироқ, ичи қалтироқ запчастини қўйиб беради. Ҳам сиздан пул олиб, ҳам сизнинг оригинал запчастингизни пуллаб, икки баробар даромад кўради. Майли бу бошқа мавзу.

Мен демоқчиманки, оммавий муштлашишлар тобора кўпайиб, шафқатсиз тус олиб бормоқда. Яқинда шундай катта жанжал Қўйлиқ қурилиш бозорида ҳам юз берганди. У ерда ҳам тошкентлик ва қашқадарёлик олибсотарлар муштлашган. Жанжал гувоҳи бўлган бир танишимнинг айтишича, муштлашув танаффуслар билан роса бир соат давом этган. Икки томон бир-бирини аямай калтаклаган. Томонлар ўртадаги ур-тўқмоқдан йиқилиб қолиб кетганларни йиғиштириб олгандан сўнг, муштлашув яна қайта бошланган. Шафқат қилинмаган, милиса келмаган. Бу ерда ҳам "нон" талашилган.

Мен ўзим шу кунларда Олой бозоридаги ёқалашувга гувоҳ бўлдим. Катта бозорнинг катта майдонида бир-бирларини қувалаб роса ур-сур қилишди, биров аралаша олмайди. Сотувчилар қўрққанидан чурқ эта олмай пештахта ортига яширинган. Энди бу ерда, билишимча, бозорни эгаллаб олган йигитлар ўзаро мавқе талашиб ур-йиқит қилди. Шу атрофдаги милисалар бу тўпалондан пинагини ҳам бузмади.

Ҳа, энди йигит кишига муштлашиш ярашади, десангиз, демак тўппа-тўғри айтган бўласиз. Қайси бозорга борманг, албатта бир бақир-чақир, сўкиниш, ёқалашувга гувоҳ бўласиз. Айниқса, аёллар орасидаги жанжалдан худо сақласин. Пештахта устига чиқиб олиб, бозорни бошига кўтариб сўкинганида эркаклар бошини хам қилиб қочиб қолади.

Кийим бозорларимиздаги энг беозор кўриниш бу - икки ёш сотувчи йигитнинг харидорлар йўлини тўсиб ҳазилга кураш тушаётгани ва қолганларнинг пештахтага суяниб томоша қилаётгани. Деҳқон бозорларида эса бу ҳол аравакашлар ўртасида юз беради.

Катталарку, майли, суяги қотган, муштлашса муштлашаверсин, деса керакда милиса ҳам, бозор маъмурлари ҳам. Лекин ёшларга нима бўлган? Кеча қўшнимни кўрдим, коллеждан, ота-оналар мажлисидан қайтаётган экан. Айтишича, ўғлининг коллеж ва лицей талабалари ўртасида юз бериб турадиган оммавий муштлашувларга аралаштирмаслик ҳақидаги таълим вазирлигининг қандайдир буйруғи билан танишгани ҳақида тилхат ёзиб келмоқда экан. Тўдалашиб муштлашишга келиб, милиса қўлига тушиб қолган талабаларнинг ёнидан учи чархланган арматуралар, турли занжирлар, ва ҳар бирининг чўнтагидан пахта чиққан эмиш. Ўқитувчи "муштлашувда пахта нимага керак" деб ҳайрон бўлганмиш. "Нимага керак бўларди, жароҳатига босганида, деб ўқитувчини овутиб қўйдим," дейди қўшним. Кейин секин овозини пастлатиб гапирди: "Бу қурмағурлар пахтани "молотов коктейли" тайёрлаш учун олиб юрган".

Яқинда интернетда милиса ходимлари бир Матиз машинасидан бир қути "молотов коктейли" топиб олганию мошиндага икки киши сўроқ қилинаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Бироқ "коктейл" эгаларининг кимлиги ҳануз сирлигича қолмоқда. Агарда улар шунақанги оммавий муштлашув ишқибозлари бўлиб чиқса, сира ажабланмасам керак.

Мен демоқчи бўлганим, бизнинг матбуот, телевизор қачон ўйин-кулгудан бўшаб, бу каби муаммоларни кўтариб чиқади, ёки текин томошаталаб бўлиб юраверамизми!?