Ўзбекистон АҚШ ҳарбий техникаси учун рақобатда "ютқазаяпти"

Марказий Осиё давлатлари Афғонистонда қўлланилган Америка ҳарбий техникасини ҳали ҳам қўлга киритишлари мумкин, бироқ улар бу йўлда пайдо бўлган рақобатда ўз жанубий қўшнилари – Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистонга ютқизиб қўйишмоқда.
Айни хулоса Eurasianet.org хабар агентлиги чоп қилган мақолада янграган. Унинг муаллифи Жошуа Кучеранинг ёзишича, Афғонистонда ҳозирда Американинг 1600та миналарга қарши кучайтирилган мудофаага эга бронетранспортерлари бор ва АҚШ уларни ўз иттифоқчиларига беришга тайёр.
Бу қуролли машиналарни қабул қилиб олиши мумкин бўлган мамлакатлардан бири – Ўзбекистон.
Айни ҳарбий техника ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон вакиллик гуруҳи Вашингтонга ташриф буюрганида тилга олинганди.
Кучеранинг ёзишича, жорий йил мартида «Вашингтон пост» бу ҳарбий техника Покистонга берилиши ҳақида мақола чоп қилиши ортидан, можаро келиб чиққан.
Унга кўра, Исломободда ишонмайдиган Афғонистон ҳукуматида бу хабар салбий муносабатни уйғотган.
Кўп ўтмай, АҚШ тарафи мазкур хабарни рад қилиб чиқди, Афғонистондаги НАТО ва АҚШ кучлари қўмондони Жозеф Данфорд: “Бизнинг афғон халқи ва афғон миллий мудофаа кучларига бўлган дастагимиз шубҳасиздир”, - дея баёнот қилди.
Бу ҳафта АҚШ Давлат департаменти эҳтиёткорона баёнот чиқариб, бу техникаларни Афғонистон қўшниларига бериш нияти йўқлигини билдирди.
Бироқ, Кучеранинг ёзишича, бу Ўзбекистон ва Покистоннинг қандайдир харбий техникани қўлга киритиш ниятлари пучга чиққанини англатмайди.
Баёнотда бу мамлакатлар Афғонистондаги бронетранспортерларнинг тўғридан-тўғри олмасликлари айтилади, холос.
Лекин, улар, АҚШнинг ўзи айтишича, Excess Defense Articles (Ортиқча Мудофаа Жиҳозлари) дастури доирасида ишлатилган ҳарбий техникага эга бўлишлари мумкин.
Шунга қарамай, Ўзбекистон бронемашиналарни олиш рўйхатида устивор турган кўринмайди. “Вашингтон пост”даги мақолада Ўзбекистоннинг бу борадаги шанслари Покистон АҚШ ва НАТО учун транзит йўлларини ёпиб қўйганида ошгани, бироқ ундан бери вазият Исломобод фойдасига ўзгаргани айтилади.
“АҚШ бошқарувчи иттифоқ Покистон орқали ўтадиган маршрутлар қисман тўсиб қўйилгани учун Афғонистондан ҳарбий жиҳозлар ва бошқа юкларни олиб чиқишда Ўзбекистонга кўпроқ пул тикаётганди”, - дейилади мақолада.
Бироқ, Кучеранинг ёзишича, ундан бери Покистондаги ҳукмдор партия мамлакат шимолидан ўтадиган НАТО транзит йўлларига қўйилган тўсиқларни олиб ташлади.
Январь ойидан бери Покистон ва АҚШ ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қатор юқори даражали учрашувларни ўтказганлар.
Ундан ташқари, яқинда истеъфога чиққан юқори даражали Пентагон вакили Дэвид Седни бронетранспортерлар ҳар қалай Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистонга берилиши мумкинлигини айтди.
“Бироқ, охир оқибат қандай қарор қилишимиз ҳозирча ноаниқ”, - деди у “Мудофаа янгиликлари” (“Defense News”) нашрига берган интервьюсида.












