Ўзбекистонликлар Фейсбукда энг кўп нимадан баҳслашди?

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Тошкентдаги Brandbox Creative агентлиги Facebook'даги ўзбекистонлик фойдаланувчилар йил давомида энг кўп муҳокама қилган мавзулар ўнлигини тузган. Хабарга илова қилинган суратга кўра, ўтаётган йилда ўзбекистонликлар учун энг баҳсли мавзу мобил телефон алоқаси хизмати экан.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мобил алоқа сифати билан боғлиқ муаммолар ҳақида энг кўп фикр билдиришган ва ўзаро муҳокама қилишган.

Тошкентдаги Brandbox Creative агентлиги тузган рейтингга қараганда, бу йил твиттерда ўта фаол бўлган Гулнора Каримова Ўзбекистонда энг кўп муҳокама қилинган шахс бўлганига қарамасдан, рўйхатда иккинчи ўрнини эгаллаган.

Ўзбекистонда ёзнинг ҳар йилгидан ҳам иссиқ келгани ва ичимлик суви билан муаммолар энг кўп муҳокамалар марказида учинчи бўлгани ёзилади.

Россиянинг "Голос" танловининг иккинчи мавсуми бошланганига унча кўп бўлганига қарамасдан унда қатнашаётган асли ўзбекистонлик Наргиз Зокированинг чиқиши, ҳам ташқи кўриниши , ҳам кучли овози ҳақидаги муҳокамаларнинг қизғинлиги билан йил рейтингининг тўртинчи ўрнига чиқибди.

Фойдаланувчилардан бири Наргиз Зокированинг сочи қириб ташланган боши ва татуировкалари ўзбекчиликка тўғри келмаслигини ёзса, иккичиси унинг ташқи кўринишига эмас, истеъдодига эътибор қаратишни маслаҳат беради. Наргиз Зокирова ҳақидаги баҳслар нафақат Ўзбекистонда Россиянинг интернет нашрларида ҳам давом этаётгани билан қизиқ.

Бензин билан боғлиқ муаммолар, ёнилғи қуйиш жойларидаги узундан-узун навбатлардан дарғазаб интернет фойдаланувчилар баҳси рўйхатда бешинчи ўринни олган.

2012 йилда ўз фаолиятини тўхтатган МТС мавзуси, бир пайтлар қудратли мобил алоқа ширкати ўрнини энди ким эгаллаши ҳақидаги тахмину фикрлар энг кўп муҳокамалар рўйхатида олтинчи ўринда экан.

Шунингдек, "Голос" шоусининг яна бир ўзбекистонлик иштирокчиси Севара Назархоннинг шоудан чиқарилиши ноҳақ бўлгани ҳам энг кўп баҳсларни келтириб чиқарган.

Жаҳон чемпионатига чиқолмай футбол ишқибозларини армонда қолдирган миллий терма жамоаси ўйинлари, Федерация Президентидан тортиб, мураббийлар, Миржалол Қосимовнинг нималарга қодирлиги муҳокамалари 8-ўринда.

GM Ўзбекистон қўшма корхонаси ишлаб чиқараётган машиналар ва уларнинг нархи ҳамда янги йилда чиқадиган машиналар ҳам энг кўп муҳокама қилинганлар қаторида.

Brandbox Creative келтирган рўйхатга кўра, ўзбекистонлик фойдаланувчилар орасида оммалашган WhatsApp, Telegram дастурлари билан муаммолар, унда чиққан шов-шувли видео, суратларга боғлиқ баҳслар миқёси 10-ўринга лойиқ кўрилган.

Кока Кола нархи муҳокамада

Агентлик йил давомида муҳокамалар марказида бўлган мавзуларни сарҳисоб қиларкан, айни пайтда ўзбекистонлик фойдаланувчилар бошқа мавзу- кока коланинг нархи осмонга чиққанини муҳокама этишмоқда.

Podrobno.Uz интернет-нашрининг ёзишича, Тошкентдаги Korzinka.Uz супермаркетлар тармоғида бунгача уч минг 800 сўмдан сотилган бир ярим литрли ичимлик нархи етти минг сўм қилиб қўйилган.

Унда айтилишича, Korzinka.Uz ва Makro супермаркетлари бир ярим литрли Coca-Cola'га ярим литрли Fuse муздек чойини қўшиб сотмоқда. "Икки маҳсулот учун нархни оширишга уялмайсан ҳам", - деб ёзади Podrobno.Uz. Coca-Cola'нинг "ака-укалари" - Fanta ва Spriteнинг нархи ҳам қимматлашиб, 6-7 минг сўм атрофида сотилмоқда.

Супермаркет сотувчилари харидоргир маҳсулот қимматлашувини Тошкентдаги Coca-Cola заводида маҳсулот йўқлиги, эҳтимол, завод ёпилган ва расталардаги маҳсулот - сўнгги партия бўлиши мумкинлиги билан изоҳлашган.