Опа-сингил Каримовалар 'жангги' интернетга кўчди

Франциянинг Франс24 ва Австралиянинг Хералд Сан нашрлари ҳам Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳақида мақолалар чоп қилишган.
Улар Гулнора Каримованинг ўз синглиси Лолани отаси таъминлаган бойликни исроф қилиш ва қора кучлар билан дўстлашишда айблаган баёнотига эътибор қаратганлар.
Ғарб матбуотидаги чоп этилган мақолаларда айтилишича, Ўзбекистон Президентининг тўнғичи синглисини бузғунчилик ва "жодугарлар"га алоқадорликда айблаган.
Бу билан Марказий Осиёдаги энг қудратли ҳукмрон оилалардан биридаги зиддиятни янада очиб берилган.
Гулнора Каримова синглиси Лола Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив интервьюси ва унда опаси билан 12 йилдирки гаплашмаслиги ҳақида айтиши ортидан бу каби ғазабга минган.
Каримова хонимнинг иддаолари онасининг жияни Акбарали Абдуллаев ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан Instagram саҳифасида битилганди.
Интернет фойдаланувчилардан бирининг "таъзияси"га жавобан Гулнора Каримова ҳаётда ҳамма нарса ҳам кўнгилдагидек кетаётгани йўқлиги ҳақида ёзган.
"Оиланинг бир қисми (ота) "таъминлаш" билан бошқа қисми эса бу таъминотларни йўқотиш ва қора кучлар ила дўстлашиш билан овора...Баъзида эса, Тошкентдаги Хлебушкин номидаги болалар уйи пештоқидаги "Бисмиллоҳу Раҳмону Раҳим" деган ёзувларни ўчириш билан", дея маъноли ишора қилган Гулнора Каримова.
У Лола Каримовага тегишли "Сен ёлғиз эмассан" ҳайрия ташкилотига ишора қиларкан, синглисини болалар уйидаги қимматбаҳо жиҳозларни ўғирлаш ва таъмирлаш даврида пештоққа ёзилган муқаддас Исломий калимани ўчиртириб ташлашда айблайди.
Франс24 ва Хералд Сан ўз мақолаларида, одатдагидек, Гулнора Каримованинг қимматбаҳо ва ранг-баранг турмуш тарзига ҳам тўхталган.
Каримованинг Твиттер тизимидаги ҳисоблари ва Wordpress сайтидаги блоги ўтган бир неча кун ичида сирли ҳолатда ғойиб бўлганига ҳам эътибор қаратилади.












