СССРда 'оқ олтин'ни олтин қўллар яратган', бугун-чи?

Бугунги оммавий мажбурий сафарбарлик Шўро замонидагидан фарқ қиладими?
Сурат тагсўзи, Бугунги оммавий мажбурий сафарбарлик Шўро замонидагидан фарқ қиладими?

Қашқадарё вилояти фаолларига кўра, давлат идора-ташкилотлари ходимларини пахта йиғим-теримига олиб чиқиш бошланган, бутун вилоят бўйича бозорлар ёпилган.

Бугун Ўзбекистонда СССР замони қораланади, лекин ўша замоннинг энг кўп танқидга тутилган пахтаяккаҳокимлиги сиёсатига бўйсундирилган йиғим-теримга мажбурий сафарбарлик амалиёти ҳали ҳам сақланиб қолган.

Айрим ҳолларда каттаю-кичикни пахта даласига мажбуран олиб чиқиш кўринишлари Шўро замонидан ҳам ёмонлашган.

Маҳаллий инсон ҳақлари фаолларига кўра, СССР пайтида терган пахтанг учун пул тўланган.

Бугун эса ўзи шундоқ ҳам иш топиш мушкул мамлакатда бирор идорага ишга жойлашган кишидан пахта теришга чиқиш талаб қилинади.

Унинг саломатлиги ва оилавий шароити бунга имкон берадими-йўқми, ҳокимликдаги амалдорни қизиқтирмайди.

Пахта йиғим-теримига чиқишдан бош тортиш мумкин эмас, акс ҳолда ишдан ажралиш мумкин.

Пахта теришга чиққан ходим "бир-икки сўм даромад" билан эмас, қарздор бўлиб қайтиши кўп учрайди.

Шўролар замонида раҳбарлар "Она-Ватан хирмонига 6 миллион тонна оқ олтин йиғиб бериш" мақсадини кўзлаганлар, шу мақсадда куз ойларида бутун бошли шаҳарлар ҳувиллаб қолган.

Терилган пахта эвазига Ўзбекистон бюджетига Москвадаги марказдан йирик маблағлар ажратилгани учун пахтани "Оқ олтин" деб атаганлар.

Бугунги кунда эса Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги нечта ширкатга Ўзбекистон пахтасини четга сотиш ҳуқуқини бергани жамоатчиликка ошкор этилмайди.

Ҳар йили Ўзбекистонда 1 миллион тонна атрофида пахта толаси етиштирилади.

Бу толалар қайси мамлакатга, қанча нархга сотилаяпти?

Пахта толаси сотилиши эвазига келган валюта кимнинг ҳисобига тушаяпти, қандай мақсадларга сарфланаяпти, бу саволларни ҳам жавобсиз қолдириш маъқул кўрилади.

Аксар мустақил таҳлилчилар фикрича, кўпроқ даромад олиш мақсадида республикада пахта харид нархлари паст қилиб белгиланади.

Пахта хомашёси таннархи янада арзон тушиши учун мажбурий оммавий сафарбарлик ташкил қилинади.

Охирги йилларда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳам пахтага сафарбарликни ўзларининг ноқонуний даромадлари манбаига айлантириб олганлар.

Ёш оналарга пахта йиғим-теримига чиқмаса ёки ўрнига одам топмаса, чақалоғи учун нафақа пули берилмаслиги айтилиб босимлар ўтказилмоқда.

Туман маориф бўлимлари амалдорлари учун ҳам кузги пахта йиғим-терим мавсуми "яхшигина даромад йиғиш мавсумига" ҳам айланиб қолганига бир неча йиллар бўлди.

Бир кишининг пахтага чиқмасдан, 1 ойга "пул бериб қутулишининг нархи 100 доллар" қилиб баҳоланган.

Халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда вояга етмаганлар пахта йиғим-теримига мажбурланаётганига қарши бошлаган кампанияларини Ўзбекистон расмийлари Ўзбек пахтасининг рақиблари бошлаган носоғлом рақобат кураши воситаси деб баҳоладилар.

Айнан ана шу босимлар туфайли кичик ёшдаги мактаб болаларини пахта теришга олиб чиқиш тўхтатилди.

Бунинг оғирлиги эса давлат бюджетидан молияланадиган идора-ташкилотлар, тиббиёт муассасалари ходимлари ва талабалар елкасига тушмоқда.