Москвада меҳнат муҳожирларига қарши рейдлар давом этмоқда

Муҳожирларнинг сақланиши қамоқ шароитларини эслатади
Сурат тагсўзи, Муҳожирларнинг сақланиши қамоқ шароитларини эслатади

Москва полицияси чоршанба куни меҳнат муҳожирларига қарши рейдларда яна юзлаб инсонларни қўлга олган. 400дан ортиқ полициячиларнинг иштирокида Садовод бозорида ўтган амалиёт давомида мингдан ортиқ меҳнат муҳожири ушланган. Полиция бу ҳақда хабар тарқатган эса-да, буларни ҳибсга олиш асосларини билдирмаган.

Расмийларнинг билдиришича, сешанба куни камида 7 киши Ўзбекистон ва Қирғизистондан Россияга ноқонуний миграцияни уюштириш айби билан ҳибсга олинган.

Парижда жойлашган Иқтисодий Ҳамкорлик ва Ривожланиш Ташкилотининг ўтган йил чиқарган ҳисоботига кўра Россия дунёда энг катта ноқонуний меҳнат муҳожирлари сонига эга. Булар жами ишчи кучининг етти фоизини ташкил қилишади.

Москвадаги элчиликлар ўз ташвишларини билдирган, аммо:

Ўзбек элчихонаси Москва лагеридаги юртдошлари тақдири билан қизиқмаяпти

Кўпгина нашларда "концентрацион лагерь" дея тасвирланаётган Москва шаҳрининг Гольяново мавзесидаги махсус жамлоқда меҳнат муҳожирлари сақланишда давом этмоқда. Беш кун аввал ташкил этилган бу лагерда 600дан зиёд муҳожирлар суд ҳукмини кутишмоқда. Улар Вьетнам, Миср, Марокаш, Сурия, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларидир. Улардан тахминан 100 нафари ўзбеклардир.

Улар орасида ноқонуний ишлаб юрган "келгинди"лардан ташқари, қонуний иш рухсатномасига эга муҳожирлар ҳам талайгина.

Россия расмий идоралари рад этаётганига қарамай, журналистлар талабига кўра маълумот берган шифокор лагерда 20га яқин ҳомиладор аёл борлигини маълум қилди. Уларнинг бири ўзбек аёлидир.

Москвадаги мухбиримиз билан суҳбатлашган ва ўзини Севинч деб таништирган бу аёлнинг айтишича, лагерда иссиқ сув ё ювинишга шароит йўқ. "Бераётган овқатларига қорин тўймайди. Ҳомиладорлигим ҳам ҳисобга олинмаяпти. Чодирнинг ичи иссиқ ва дим, тоза ҳаво йўқлигидан бош айланади. Диққатчиликка асабларимиз ҳам чидамаяпти", - деб айтди аёл.

Россия қонунчилигига зид деб кўрилаётган бу жамлоқдаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг аҳволи билан Ўзбекистон элчихонаси умуман қизиқмаган. Би-би-си Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ва консуллигидан ўз юртдошларига қандай амалий ё ҳуқуқий ёрдам бераётганини билишга уринди, бироқ уринишлар зое кетди. Элчихона веб саҳифасида бу борада бирон баёнот йўқ.

Россияда, норасмий рақамларга кўра, 5 миллион ўзбекистонлик ишлаб яшаб келаётгани хабар қилинса-да, Ўзбекистон элчихонасида меҳнат муҳожирларига қандайдир ҳуқуқий ёрдам таклиф этилиши борасида маълумот йўқ.

Москвадаги мухбиримизнинг айтишича, лагердаги ўзбек муҳожир аёл телефон қилиб ёрдам беришларини сўраганида, элчихонадан кимдир "Қандай бориб қолган бўлсанг, шундай чиқиб кетавер", дея жавоб берган.

Москвада фаолият юритувчи инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроевнинг Би-би-сига айтишича, Матвеевск бозорида доғистонлик киши томонидан рус полиция зобитининг дўппосланиши ортидан бошланган пойтахт бозорларидаги "тозалашлар" муҳожирларни ваҳимага солган.

"Ётоқхоналарига гуруҳ-гуруҳ бўлиб полициячи ва аскарлар бостириб кириб, ўзбекларни олиб кетишган. Улар кутилмаганда ҳудди уруш бошланган деб ўйлаб, қўрқиб қолганлар. Кеча мен 29 ўзбекнинг Подмосковьедаги бўлимдан озод қилинишларига ёрдам бердим. Улар гаражларга қамалиб, қаттиқ дўппосланганлар. Баъзилари жуда оғир жароҳатлар олишган", - дейди жаноб Ҳамроев.

Унинг айтишича, бу 29 муҳожир сўнгра ёрдам истаб Ўзбекистон элчихонасига борганларида, ёш ходим уларнинг қаршисига чиқиб, паспортларидан нусха кўчириб олган ва ортларига қайтарган. Ходим бу жабрланган мардикорларга элчихонага бошқа мурожаат қилмасликни тавсия қилган.

Тожикистон элчихонаси ҳам "тозалашлар"га муносабат билдирмаяпти.

Айни дамда Қирғизистон элчихонаси вакили муҳожирлар лагерида бўлиб қайтган ва ҳибсга олинган қирғиз фуқароларига ёрдам кўрсатмоқда. Президент Алмазбек Атамбаев буйруғи билан ўтган йили элчихонага ишга сафарбар қилинган тўрт ҳуқуқшунос бу сафарги "тозалашлар"да қўлга тушган 11 қирғизни озод қилишга муваффақ бўлганлар. Ҳозир яна тўрт қирғиз полиция қўлида қолаётгани айтилади.

Би-би-си билан суҳбатлашган бир мардикорнинг айтишича, Москвада муҳожирлар орасида қўрқув ва ваҳима юзага келган, лекин рухсатномаси бор ишчилар қўрқсаларда бозорларга савдо қилишга чиқаяптилар. "Ўзбекистонимиз президентининг ўзи бизни дангаса деб ҳақорат қилиб турганда, элчихонаси қанақа ёрдам берарди?", - дейди бу савдогар.