Ўзбекистонда сайёҳлик бизнеси нақадар даромадли соҳа?

    • Author, Шодиёр Сайф
    • Role, Би-би-си, Олма-ота

Ўзбекистонда 865 сайёҳлик фирмаси фаолият юритади. Уларнинг сони янада ўсиши кутилмоқда. Аммо бу соҳада ишлаётганлар сайёҳларнинг нонини ейиш анча қийин эканлигини айтишади. Боз устига Оврўпода давом этаётган иқтисодий инқироз сайёҳлар оқимини бир мунча пасайтирган.

Ўзбекистонда сайёҳлик фирмаси очишингиз учун ҳисоб рақамингизда 35 миллион сўм ёки 13 минг доллар пулингиз бўлиши керак. “Ca-Mille Tours” фирмаси раҳбари Азиз Сирожов ушбу соҳага кириб келганига икки йилдан ошди. Унинг айтишича, ушбу пуллар “Ўзбектуризмдан” лицензия олиш учун керак бўлади.

“Ўзбектуризм”дан лицензия олиш учун ушбу пулларни ҳисоб рақамимизда бор деб кўрсатамиз. Келаётган сайёҳларга қанақа кафолат бера оласизлар, деб сўрайди. Шунинг учун бу пуллар туради. Бошида мижоз топиш учун текинга ҳам хизмат қиламиз. Хориждаги турфирмаларнинг операторларини ўзимизнинг ёнимиздан чақирамиз”, - дейди Азиз Сирожов.

Бундан ташқари фирмани ривожлантириш учун веб-сайт очиш, ишчилар ёллаш ва уларга ойлик бериш керак бўлади. Фирма раҳбарига кўра ундан сўнг харажатлар янада ошиб бораверади.

- Фирмам янги очилгани учун ҳозиргача харажатлар билан юрибман. Шу йилнинг ўзида 5 минг долларга яқин харажат қилдим. Бошқа давлатдан тур агентларни топиб, уларни Ўзбекистонга таклиф қилиш ва кўрсатишим учун шунча ҳаражат қилдим, дейди “Ca-Mille Tours” ширкати раҳбари.

Лекин шу вақтгача натижаси кутилганидек бўлгани йўқ. Сайёҳлар оқимининг пастлигига Оврўпа давлатларида давом этаётган иқтисодий инқироз ҳам катта таъсир қилмоқда.

“Шу йил Франциядан бешталик бир гуруҳ ва 3 та одам умумий 8 та сайёҳ келди. Тасаввур қилаяпсизми? Бу кам. Кризис дейишяпти. Болгарияда ҳамкорим бор. У ҳам жўната олмаяпти. Майли энди, кризиснинг ўтишини кутамиз”, - дейди Азиз Сирожов.

Бундан ташқари мижозларни топиш учун фирма хорижда ташкил қилинадиган туристик ярмаркаларга бориши ва ўз хизматларини жонли равишда тарғиб қилиши ҳамда буклет ва альбомлар чиқариши лозим. Буларнинг ҳаммаси харажат устига харажат.

Ўзбекистонда туризм бизнеси йилдан-йилга ривожланаётгани ва бугунга келиб сайёҳликдан тушадиган даромад Ялпи Ички Маҳсулотнинг салкам 2 фоизини ташкил қилаётгани айтилади.

Республикадаги 865 та сайёҳлик ташкилотининг ярмидан кўпи меҳмонхона бизнеси билан шуғулланади.

“Ўзбектуризм” миллий ширкати мамлакатга бир йилда ўртача ярим миллионга яқин хорижлик сайёҳлар кириши ҳақида маълумот беради.

Сайёҳлик фирмалари ҳар бир туристдан ўртача 30-50 доллар хизмат ҳақи олиши мумкин. Бу бизнесга йирик сармоя киритган фирмалар ҳар йили бир неча автобус ва микроавтобусларда сайёҳларни олиб келишга муваффақ бўлишаяпти.

Бироқ кам сармоя ва ҳамкорлар билан ишлаётган ўртача турфирмалар сўнгги йилларда қаттиқ қийинчиликларга дуч келган. Бир йилда ўртача 100 нафар сайёҳга хизмат кўрсатувчи Тошкентдаги фирма ходими кризис ва Ўзбекистонда инфратузилманинг ривожланмагани сайёҳлар оқимига кескин таъсир қилаётганини билдирди. Унга кўра оврўполик сайёҳлар олдингидек сифатга эмас, арзон нархларга эътибор қаратишмоқда.

“Инқтисодий инқироз туфайли Ўзбекистонга келадиган туристлар сони кескин камайди, десам адашмайман. Бу ерга келишга қизиқиш ортиб боряпти, лекин инфраструктура яхши ривожланмагани, меҳмонхоналар ўртасида рақобат пастлиги ва нархларда чегирмалар йўқлиги туфайли, мамлакатимизга келиб-кетиш харажатлари қисқармаяпти, ҳозирда фирмалар даромад кўришдан ҳам муҳимроқ нарса - ўз ҳамкорларини ушлаб қолиш йўлида бош қотиришмоқда”, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган фирма ходими.

Самарқанд шаҳридаги “Salom Travel” фирмаси раҳбари Қаҳрамон Тоштемиров фирмалар ушбу вазиятдан чиқиб кетиш учун турли чораларни кўраётганини айтади.

“Вазиятдан чиқиш учун хизмат турларимизни бойитаяпмиз. Қўшимча хизматларни таклиф қилаяпмиз. Нархларимизни ҳам туширишга ҳаракат қилаяпмиз. Оддий мисол қўшимча концертлар қўйиб бераяпмиз. Миллий таомлардан фантазия ярата оладиган ошпазларни жалб қилаяпмиз”, - дейди Қаҳрамон Тоштемиров.