Гулнора Каримова, Фонд Форум ва ё катта сиёсатга интилишлар

Гулнора Каримова Фонд Форум раисаси сифатида маданият соҳасига тааллуқли тадбирларни ташкиллаштириб келади

Сурат манбаси, none

Сурат тагсўзи, Гулнора Каримова Фонд Форум раисаси сифатида маданият соҳасига тааллуқли тадбирларни ташкиллаштириб келади

Ўзбекистондан олинаётган тобора кўпроқ хабарлар Гулнора Каримованинг охирги вақтлардаги фаоллиги Президент Ислом Каримов атрофида ҳокимият учун талашув кучайиб бораётганидан далолат экани ҳақидаги ишораларни тасдиқламоқда.

Биринчи ишорани оммага Гулнора Каримованинг ўзи берди. У ҳукуматдаги рақибларини Twitter ижтимоий тармоғида коррупция ва касбий нўноқликда айблади.

Гулнора Каримованинг ўз рақибларига қарши очиқдан-очиқ танқидий чиқишлари тарафдорлари орасида у ўзбек сиёсий саҳнасидаги муқобил куч деган тасаввурни уйғотди.

Каримова 2014 йилдаги парламент ва ундан кейинги президентлик сайловларини тилга олган иттифоқдошларининг Twitterдаги ёзувларини танлаб олиб ўз микро-блогида қайта нашр этмоқда.

Гулнора Каримова ҳам сиёсий ва ҳам сиёсий бўлмаган қўллаб-қувватловни Ўзбекистонда энг йирик нодавлат ташкилот деб саналган Фонд Форум – “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг турли хил тадбирлари орқали қўлга киритишга уринмоқда.

2004 йили ташкил топган ва номи ҳатто қаттиқ давлат назорати остидаги ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситаларида ҳам Фонд Форум деб аталадиган жамғарма гламур мода-шоуларидан тортиб, то замонавий технологияга чанқоқ ўзбек ёшлари иштирокидаги онлайн семинарларгача бошқариб келади.

Фонд Форумнинг кенг қамрови

Жамғармани яқиндан билганлардан бирининг айтишича, бир неча йил мобайнида Фонд Форум Ўзбекистон аҳолиси турмушининг турли жиҳатларини назорат қилувчи ташкилотга айланишга муваффақ бўлган.

Булар хотин-қизлар масалалари, сиёсат, хайрия тадбирлари, фермерлар ва кичик тадбиркорларни рағбатлантириш деб айтилаётган лойиҳалар, грантларни тарқатиш каби ҳаракатларни қамраб олади.

Маҳаллий матбуот воситаларига кўра, молиявий ёрдамнинг бир қисми Фонд Форум қошидаги “Меҳр Нури” хайрия ташкилотининг тадбирлари воситасида аҳолининг диний қатламларига ҳам қаратилган.

Бир неча йил мобайнида Гулнора Каримова Фонд Форум раисаси сифатида маданият соҳасига тааллуқли “Асрлар садоси” ва ёшлар учун “Келажак овози” каби тадбирларни ташкиллаштириб келади. Мамлакатда Фонд Форумнинг қамровига кирмаган бирорта маданий ёки гуманитар соҳа деярли қолмаган деб айтилади.

Фонд Форум фермерлик ва кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаётганини иддао қилади. Ушбу ташаббуслар ортида ётган ҳақиқий сабабларни ўрганишга ҳаракат қилган Би-би-си коррупция кенг қамров олган ёпиқ жамиятда қассодга учраган кичик бизнес ёки ўз жонига қасд қилган фермерлар борасида хабарларни қўлга киритишга мувафақ бўлди.

Ўтган йили катта шов-шувлар билан кенг кўламда реклама қилинган “1000 та никоҳ ва 1000 та суннат тўй” кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган хайрия ишлари деб айтилганди. Бироқ, кўпгина ҳолатларда аксар харажатлар вилоятлардаги маҳаллий ҳокимият ва кичик бизнес эгаларининг чўнтакларидан қоплангани аниқланди.

Моҳиятан ўзбек халқига бегона деб таърифланган бу тадбирлар аҳоли ва фаоллар орасида танқидга учрагани айтилган. Баъзилар Гулнора Каримова ўзининг мавқеидан фойдаланиб, Ўзбекистондаги кенг тарқалган мажбурий болалар меҳнатини тўхтатишга ҳаракат қилиши керак қабилада ёзишган.

Швейцариянинг Bilan интернет иқтисодий журналига берган интервьюсида Гулнора Каримова Фонд Форум етти миллион кишига ёрдам қилади, деб ёзган. Bilan журнали Каримованинг хорижий телекоммуникация дунёси билан шубҳали алоқалари борасида савол сўраганида, бу каби даъволар уни ўзининг асосий фаолиятидан чалғитишини айтган, яъни, Фонд Форум мамлакат аҳолисининг тўртдан бир қисмига ёрдам бераяпти, деган иддао янграган.

Давлат ичидаги давлатми?

Ўзбек мухолифатининг даъво қилишича, Гулнора Каримова муҳим маъмурий ва молиявий захираларни ўз қўлида жамлаб олган. Уларнинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова ўз сиёсий иштаҳасини дастаклаб турган даромадли бизнес устидан назорат ўрнатган.

Фонд Форум ўз расмий сайтида жамғарма дунё бўйлаб АҚШдан тортиб то Япониягача қатор ўз ваколатхонасига эга эканини эълон қилган.

Гулнора Каримова бир неча бор Фонднинг халқаро ваколатхоналарини бошқариш осон эмаслигини ҳам тилга олган. Бироқ, Би-би-сига маълум бўлишича, Фонд Форум хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон элчихоналаридан фаолият юрғизмоқда.

Бунинг устига, ваколатхоналарни бошқараётган ходимлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маош олаётган дипломатлар эканлари очиқланган.

Баъзи элчихоналардаги дипломатларнинг икки ходими маданият атташелари лавозимида ишламоқда. Чет мамлакатлардан бирида жойлашган элчиликдаги манбанинг айтишича, маданият атташеларидан бири фақат Фонд Форумга тегишли турли хил лойиҳалари билан машғул.

Фақат Францияда жамғарма тадбирларини юритиш Ўзбек элчихонасидан ташқари бўлган Франция фуқаросига юкланган.

Опа-сингиллар

Парижда жойлашган Ўзбекистон элчихонаси Фонд Форум фаолиятини ёритмаётган ягона элчихона.

Аксар шарҳловчиларнинг ишонишларича, Ўзбекистон президентининг кичик қизи Лола Тиллаева-Каримова ЮНЕСКОдаги Ўзбекистоннинг доимий вакили лавозимини эгаллашидан олдин Фонд Форумнинг тадбирларини Францияда тарғиб қилишни истамаган бўлиши мумкин.

Баъзи манбаларга кўра, Президент Каримовнинг оиласида икки қизи ўртасида келишмовчилик мавжуд.

Айнан ўша манбаларга кўра, "дунёқарашлари тўғри келмагани сабаб" ўн йилдан ортиқ опа-сингил бир-бирлари билан гаплашмайди.

Президентликка интилишлари

Ўтган йил март ойида Гулнора Каримова америкалик шоу-бизнес журналисти Пит Алманга берган интервьюсида айтишича, токи у ўзи синаб кўрмагунга қадар , президент бўла олиши ё-да, бўла олмаслиги борасидаги саволга жавоб беролмайди.

Худди шу саволни Фонд Форум ташкиллаштирган матбуот анжуманида Shov-Shov.uz веб-сайти асосчиси Жасур Ҳамроев ҳам берди.

У Гулнора Каримовадан 2014 йилдаги парламент сайловлари ва 2015 йилги президентлик сайловларида қатнашиш ниятлари хақида сўради.

Бироқ, йиғилишда қатнашганларнинг айтишларича, Гулнора Каримова мавҳум жавоб берган. “Агар Худони кулдирмоқчи бўлсанг, унга келаси беш дақиқада нима қилишни истаётганингни айт”, деб жавоб қайтарган рус тилида.

Ўтган йилдан бери Швеция телевидениесида янграган қатор иддаолар Гулнора Каримова ва Teliasonera телекоммуникация ширкати ўртасида ўрнатилган алоқаларнинг шубҳали моҳиятини савол остига олган.

Швед журналистларининг даъво қилишларича, Ўзбек бозорига кириш учун Гулнора Каримова гўёки Teliasonera ширкатидан кўп миллионли пора талаб қилган.

Швед журналистлари сўнги тадқиқотида Teliasonera раҳбарлари Гулнора Каримованинг хайрия тадбирлари (“Асрлар садоси”, “Келажак овози” ва Style.uz) га пул ўтказганларини тан олишган.

Бироқ, Каримова бу ҳақда Twitterда чиқиб, Швеция теледастури бу иддаолари билан сайловолди ҳаракатлари олдидан унинг одамлар орасида қозонган обрўсига путур етказишни мақсад қилган деб ёзган.

Унинг бир неча тарафдори мазкур иддаоларга жавобан Twitterда ёзишича, “айрим сиёсий кучлар Гулнора Каримованинг аҳоли орасидаги ортиб бораётган обрўсига босим ўтказишга уринмоқдалар. У улар учун қулай номзод эмас".

Швед журналистлари қўлига тушган ва Гулнора Каримованинг дастхати деб иддао қилинган ҳужжатларда Фонд Форум спонсорлик лойиҳаларида ҳеч қачон тилга олинмаслиги кераклиги ёзилган.

Эҳтимол, Гулнора Каримова Ўзбекистон сиёсатида ўз келажагини кўзлаб ҳомийлик пуллари Фонд Форумнинг имиджига доғ туширмаслиги мақсадида ўзига хос режаларни парваришлаб юргандир.