Россияда икки ярим миллиондан ортиқ ўзбек муҳожири бор

Россияга келадиган меҳнат муҳожирларининг асосий муаммоси ўз ҳуқуқларини билмасликларидир.
Сурат тагсўзи, Россияга келадиган меҳнат муҳожирларининг асосий муаммоси ўз ҳуқуқларини билмасликларидир.

Россия Федерал Миграция хизмати раҳбари Анатолий Фоменкога кўра, ўтган йилларда мамлакатга кириб келаётган меҳнат муҳожирларининг сони янада ошган.

Миграция хизмати 2010 йилдан 2012 йилгача Россияга келган меҳнат муҳожирларининг сонини таққослаб, ана шундай хулосага келган.

Фоменконинг айтишича, айни пайтда Россияда 10,5 миллион хорижий меҳнат муҳожири бўлиб, ундан 2,5 миллиони Ўзбекистон, 1,1 миллиони Тожикистон, 500 минги Қирғизистон фуқароларидир. Бу рақамлар асосан қайси табақа муҳожирларига таалуқли , уларнинг қанчаси қонуний ёки йўқ?

Биз Россиядаги "Мигрантлар ва қонун" марказининг ходими Юлдуз Аминова билан боғланиб, Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳақида сўрадик.

"Фоменко келтирган рақамлар муҳожирларнинг умумий сонига таалуқли, -дейди Юлдуз Аминова. - Лекин буни аниқ рақамлар деб бўлмайди. Миграция хизмати ўз имкониятидан келиб ҳисоблаб чиққан. Булар қонуний ва ноқонуний муҳожирларнинг тахминий сони ҳисобланади".

Юлдуз Аминова ўзи ишлаётган марказга мурожаат қиладиган муҳожирларнинг катта қисми аввало иш ҳақини ололмаган одамлар эканини айтади.

Патент бўйича рўйхатдан ўтиш ёки ўтмаслик ҳам муҳожирларни қизиқтирадиган масала. "Биз яқинда бу масалада жавоб олдик. Энди патенти бўлса рўйхатни чўзиш шарт эмас, яъни патент бўйича минг рублдан тўлаб борган бўлса, ўша асосда регистрация муддати чўзилади", деб маълум қилади Юлдуз Аминова.

Россиядан турли сабаблар билан ватанига қонуний ёки ноқонуний депортация қилинадиган муҳожирлар муаммоси доимо бўлган. Уларнинг муаммоси марказнинг аралашуви билан 20 фоизгача ечилишига эришилади.

Юлдуз Аминова меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларини Россияга келмасдан туриб ўрганишлари учун Ўзбекистонда жамоат ташкилотлари тузилгани, уларга барча йўл-йўриқлар берилганини айтади.

Бироқ унга кўра, келувчилар ўзларича иш қилишади. Кўпчилик қўшним бор, унинг олдига бориб пул ишлаб келаман деб орқа қилиб боришади Россияга.

"Биринчидан, бировнинг пулига келмаслик керак бу ерга. Ёнида ҳеч бўлмаса 600-700 долларсиз Россияга келиши керак эмас. Бундай инсонлар бу ерда ҳуқуқий томондан билимсизликлари томонидан алданиб қолишлари осон", дея ачинади у.

Россияга кетаётган муҳожирларнинг жуғрофий чиқиши ҳам ўзгариб бораётганлиги, олдинлари кўпроқ одамлар Ўзбекистон шаҳарларидан Россияга кетишган бўлса, кейинги йиллардан тирикчилик илинжида деҳқонлар ҳам оқиб бораётгани кузатилмоқда.

Деҳқонларнинг аксарияти эса рус тилини умуман билмаслиги, ким нима деяпти тушунмаслиги оқибатида қийин, баъзан ночор вазиятларга тушиб қолишганининг гувоҳи бўлинади.

"Иш бераман деган одамнинг гапларига ишониб, алданиб қолаётган жудаям кўп. Шуниси ачинарлики, топган иши ўзининг овқатига етадими ёки уйига жўнатишгами ўйламайди. Бу ерга тайёр бўлиб келиш керак. Қандай қийинчиликларга дуч келишини билиши керак меҳнат муҳожирлари. Улар эса катта шаҳарда билинмай кетаман деб ўйлашади. Лекин билинмай кетишнинг умуман иложиси йўқ ҳозир", -дейди Россиядаги "Мигрантлар ва қонун" марказининг ходими Юлдуз Аминова.