Ислом Каримов "Араб баҳори" ва интернетга тўсиқлардан хавотир билдирди

Президент Ислом Каримов ўзининг Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида "Араб баҳори" ва ёшлар норозилигидан хавотир изҳор қилган.
Жаноб Каримов ўзининг 75 дақиқа давом этган нутқида вилоятдаги камчиликлар ва ютуқларни санаб ўтиши ортидан, 2008 йилдан бери вилоят ҳокими лавозимида бўлиб келган Рустам Холматовни масъулиятсизлиги учун ишдан олди. Унинг ўрнига президент Андижон вилояти ҳокими Аҳмад Усмоновни тайинлади.
Президент Каримов ўз нутқида Ўзбекистоннинг бугунги ёшларига бўлган муносабатга алоҳида эътиборни қаратишга уринди. Унинг айтишича, бугунги интернет даврида ўсиб етишаётган ёшлар "ҳамма нарсани тушунади".
Ўзбекистон Чегара Билмас Мухбирлар ташкилотининг йиллик Интернет душманлари рўйхатида ўтган йили яна энг абгор ўринлардан бирини эгаллаган. Ўзбекистон Бирма, Хитой, Куба, Шимолий Корея ва Эрон каби мамлакатлар билан бир қаторда интернетни филтрлаш, фуқароларнинг интернетга киришини чеклаш, интернетдаги диссидентлар изидан қувиш ва интернетдан ҳукуматпараст тарғибот ва мухолифатни ёмонотлиқ қилувчи маълумотларни тарқатишда фойдаланишда айбланади.
Бироқ, Президент Каримовга кўра, "интернет тармоғини қандайдир темир девор билан тўсиб, тақиқлаш - бу мутлақо ақлга сиғмайдиган иш".
"Нима, ўйлайсизларки, болалар, бизларнинг фарзандларимиз, ҳаммаси бир хил ўйлайдими? Йўқ. Интернетни ёпиб бўлмайди. Шуни яхши, ҳаёлимизга, қулоғимизга муҳрлаб олишимиз керак, интернетни ёпиб бўлмайди, дунёдан темир девор қуриб ажратиб бўлмайди", - деди президент маҳаллий раҳбарларга мурожаатида.
Жаноб Каримов ёшлар хоҳиш-истагига етарлича эътибор бермаслик оқибати дея охирги икки йил давомида Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада юз берган "араб баҳори"га тўхталди.
2010 йилнинг 18 декабрида бошланган инқилоблар тўлқини шу кунгача Тунис, Миср, Ливия ва Яманни узоқ йиллар бошқарган ҳукмдорларни ағдарди. Бу тўлқин бугунда онда-сонда Миср, Баҳрайн ва Саудия Арабистони, ҳамда қонли равишда Сурияда давом этаяпти.
Марказий Осиёнинг собиқ шўро ҳудудида эса бу инқилоб тўлқини, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларига кўра, фуқаролик жамиятига енгилликлар ёки мухолифат билан мулоқотдан кўра, интернетни ва ҳур фикрни сиқувга олиш, ёшлар устидан назоратни кучайтириш каби чоралар билан қарши олинди.
Бироқ, жаноб Каримов нутқига қаралса, "араб баҳори" хавотири ўзбек ҳукуматида ҳали аримаган.
"Арабистонда нима бўлди? Нимада, Мирсда нима бўлаяпти? Ливияда нима бўлди? Тунисда нима бўлди? Бошқа-бошқа нималарни оладиган бўлсак, нима бўлаяпти у ерда? Ёшлар норозилиги ҳисобидан бўлаяпти ҳаммаси. Ёшларни ўйлаш керак. Эй, болам, нима ҳақида ўйлаяпсан, қанақа армонинг бор, нимадан норозисан, деб сўраш керак", - деди Ўзбекистон президенти.












