Нукус музейида 100 йиллик сурат остидан янги сурат топилди

Михаил Соколовнинг "Дарё устидаги туман" асари
Сурат тагсўзи, Михаил Соколовнинг "Дарё устидаги туман" асари
    • Author, Ибрат Сафо
    • Role, Би-би-си, Лондон

Жаҳон бўйлаб "Савицкий коллекцияси" дея танилган Нукусдаги Қорақалпоқ Давлат Санъат Музейи ноёб топилма ҳақида хабар тарқатди.

Музейдаги реставрация бўлими ходимлари ва франциялик реставраторлар таниқли рассом Михаил Соколовнинг 1920-йилларда чизилган "Дарё устидаги туман" асарини қайта тиклаётганларида, унинг остида бошқа расм чизилгани аён бўлган.

Би-би-си билан суҳбатда музей директори Мариника Бабаназарова бу кутилмаган кашфиёт бўлганини билдирди.

"Бу топилма тасодифан юз берди. Музейимизда ахир расмларнинг кимёвий ва технологик таркибини аниқлайдиган ускуналар йўқ. Реставраторларнинг тажрибаси ва сезгирлиги иш берди. Улар расмнинг баъзи қисмларида бегона бўёқлар қатламини кўриб қолишди. Кейин Нукус шаҳридаги оддий касалхонага уни олиб бориб рентгентга туширганимизда, реставраторларнинг шубҳаси асосланди", - дейди Бабаназарова хоним.

1885-1948 йиллар орасида яшаб ижод қилган рус рассоми Михаил Соколовнинг "Дарё устидаги туман" асарида дарёдаги кичик кема ва қалин кулранг туман ортидаги катта кўприк ва бинолар чизилган.

Сурат остидаги қария портрети кимнинг мўйқаламига мансублиги номаълум қолмоқда
Сурат тагсўзи, Сурат остидаги қария портрети кимнинг мўйқаламига мансублиги номаълум қолмоқда

Рентгентда аниқланган остки суратда эса буткул ўзга манзара - қимматбаҳо тошлар билан безанган устбош ва қалпоқ кийган қариянинг портрети намоён бўлди. У юқори мартабали католик руҳонийсига ўхшайди.

Соколов нима учун қариянинг портретини қалин бўёқ қатлами билан қоплаб "Дарё устидаги туман" асарини яратгани ҳозирча номаълум.

"Топишмоқлар кўп"

Михаил Ксенофонтович Соколов - 20-асрнинг таниқли рассомларидан. У 1930-йиллар охирида Сибирнинг Тайга посёлкасидаги сиёсий маҳбуслар лагерига сургун қилинган. Унинг асарлари жаҳоннинг машҳур музейлари ва хусусий коллекцияларида сақланади. Нукус музейининг ўзида унинг 18та сурати ва 288та график асарлари мавжуд.

"Бу бизнинг тажрибамиздаги илк шундай топилма, лекин аминманки, коллекциямизда бу каби топишмоқлар ҳали кўп. 1920-30-йилларнинг нақадар драматик бўлганини ҳисобга олсак, бу каби экспериментлар бошқа суратларимиз остида ҳам топилиши мумкин", - дейди музей директори.

Бабаназарова хоним, музей кенгаши "Дарё устидаги туман" асаридаги юқори қатламни сақлаб қолиш ва реставрация қилиш қарорига келганини билдирди.

Ҳозирда асар музейнинг доимий кўргазмаси таркибидан ўрин олган.

"Албатта, бу каби ҳолатлар жаҳон бўйлаб тез-тез юз беради. Лекин бу асарга бўлган қизиқиш энди бошқача бўлади, чунки остки сурат муаллифи ким эканини ҳали номаълум. Интрига сақланиб қолаяпти. Бу топилма Соколов тақдирига яна бир қўшимча чизги бўлди", - деди Мариника Бабаназарова Би-би-сига.

Нукусдаги Қорақалпоқ Давлат Санъат Музейига асос солган Игорь Савицкий Иккинчи Жаҳон Урушидан аввал Ўзбекистонга кўчиб ўтган ва ўз коллекционерлик фаолиятини қорақалпоқ осори-атиқаларини йиғишдан бошлаган.

У сўнгра йиллар давомида Россия ва Ўзбекистонда совет тарғиботи ва совет реализмига тўғри келмайдиган авангард асарларни тўплай бошлаган.

Унинг ёрдами билан совет ҳукумати қора рўйхатига тушган рассомларнинг кўргазмалари уюштирилган.