Маҳкумга мадҳия айттириш Ўзбекистонга муҳаббатни кучайтирадими?

Ўзбекистон қамоқхоналари маҳкумларга нисбатан ноинсоний муомалалари билан дунёга танилган
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон қамоқхоналари маҳкумларга нисбатан ноинсоний муомалалари билан дунёга танилган
Ўқилиш вақти: 1 дақ

Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган инсонларга ғайриихтиёрий мамлакат мадҳиясини куйлатишнинг салбий оқибатлари ҳақида фикрлар билдирилмоқда.

Сўнгги хабарга кўра, Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри яқинидаги "Шайхали" қамоқхонаси номи билан танилган жазони ижро этиш муассасасида Ўзбекистон давлат мадҳиясини маҳкумларга мажбуран куйлатиш пайтида кўнгилсиз ҳодиса юз берган.

Қамоқхонада сақланаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли Ғайбулла Жалилов мадҳияни айта олмаган, қамоқхона нозирининг унинг қулоғига тўқмоқ билан уриши оқибатида ҳушидан кетиб йиқилган.

Ушбу жазони ижро этиш муассасасидан озодликка чиққан маҳбус айтишича, Ғайбулла Жалилов қулоқларидан қон оқиб, шундан сўнг у эшитмай қолган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, қамоқхонада сақланаётган инсонлар баъзан шафқатсизлик билан Ўзбекистон мадҳиясини куйлашга мажбур этиладилар.

Фаоллар мадҳиянинг матнини билмагани ёки бошқа миллат вакили бўлгани сабабидан тили келишмасдан овоз кечайтиргич орқали қўйилган мадҳияга жўр бўлмаган маҳкумларнинг калтаклангани, йиқилганидан кейин ҳам нозирлар томонидан тепилгани ҳолларидан хабардор эканини айтадилар.

Ўзининг уйи Ўзбекистондаги қамоқхоналардан бирига яқин жойлашганини айтадиган инсон "қишнинг совуқ қоронғи тонгида маҳкумлар жўр бўлиб куйлаётган баланд мадҳия овозидан этим жунжикиб уйғонаман", дейди.

Шу йил апрелида Тошкентдаги Эксперт Ишчи гуруҳи давлат маҳиясини куйлатишнинг шафқатсиз усуллари ҳақида хабар тарқатган эди.

Қашқадарё вилоятидаги икки қамоқхонада бир неча диний маҳбус Ўзбекистон мадҳиясини айтишдан бош тортганлиги учун қолган ҳамма маҳбуслар уни куйлашга мажбур қилинган, деб хабар қилган Эксперт Ишчи гуруҳи.

"Қамоқхона назоратчилари аввалига у ерда турган 80 га яқин маҳбусни роса калтаклашган, кейин бир неча соат давомида уларга мадҳия айттиришган," дейилади ташкилот тарқатган хабарда.

Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов айтишича, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги инсонга ўзининг ихтиёрига қарши ҳар куни мамлакат мадҳиясини айттириши Ўзбекистонга, Ўзбекистоннинг муқаддас рамзларига нисбатан меҳр-муҳаббат эмас, нафратни шакллантириши мумкин.