Ўзбекистон бир кунда дунёни неча марта тан олдирди? Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Кулол аёллар

Ўзбекистон халқаро миқёсда олдинга сурган уч таклиф тан олинди. Улар - Ўзбекистон кулолчилиги, Ифтор ва Тазҳиб китоб безаш санъати.

Энди Ифтор ҳам, ўзбек кулолчилиги ҳам ЮНЕСКОнинг Номоддий Мерос рўйхатига киритилди.

Тўғри, ўзбеклар Ифторни Туркия, Озарбайжон ва Эрон билан биргаликда олдинга суришгани айтилади.

Ифтор - барча мусулмонлар учун Рамазон ойида оғиз очишни англатадиган диний амал. Аммо айни маросим замирида оилавий ва инсоний ришталар мустаҳкамлиги, жамиятдаги бирдамлик, хайрия ва йўқсиллар ҳақида қайғуриш каби хусусиятлар ҳам жамланган.

Олдин Ўзбекистон Лазги Хоразм рақси ва бошқа миллий бойлик ҳамда қадриятлар борасида ҳам айни ютуққа эришганди.

Ўзбекистон Шашмақом, Наврўз, Катта ашула, Аския, Палов маданияти ва анъаналари, Хоразм Лазгисини ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий меросига тақдим этган.

Алоқадор мавзулар:

Кулолчилик Марказий Осиё халқлари тарихида ўзига хос ўрин тутиб келаётган касб.

У ҳатто якка ҳунармандчилик хуш қаршиланмаган Совет даврида ҳам дўппидўзлик, каштачилик, тўқувчилик, заргарлик ва мисгарлик каби ҳунарлари қаторида яшаб қолган.

Сўнгги йиллари эса айни ҳунарнинг ривожланиб, оммалашганини кўриш мумкин.

Эндиликда кўплаб ўзбек хонадонлари қўлда ишланган маҳаллий сопол идишларда таом ейишни маъқул кўришмоқда.

Ўзбекистонда кулолчилик анъаналари қадим илдизларга эга ва ранг-баранг.

Хусусан, Риштон кулолчилиги бутун минтақага машҳур ва кейинги йилларда эса ўз тарихий хусусиятларини сақлаган ҳолда замонавий қиёфа касб этмоқда.

Риштонлик кулол
Сурат тагсўзи, Риштон кулолчилиги нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақада машҳур.

Ботсванада эълон қилинган БМТ номоддий маданий мерослари сирасига Италия опера ашулачилиги ҳам киритилди.

Италия опера санъати 1500-1600 йиллар Флоренцияда ривожлана бошлаган, деб ишонилади.

Айни пайтда, Перунинг Севиче таоми, Бангладешнинг рикша нақшлари, Фил Суяги Қирғоғи давлатининг этаксимон иштон тўқиш санъати ҳам номоддий маданий мерос сифатида тан олинди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.