Ўзбекистон: Мажбурий меҳнат 2018 га нисбатан камаймади - АҚШ ҳисоботи- O'zbekiston

Сурат манбаси, US State Depatment
АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео Марказий Осиёда айрим ҳукуматлар аҳолини пахта саноатидаги мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича узоқ тарихга эга экани, аммо Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа давлатлар учун "янги стандартлар ўрнатаётгани"ни айтган.
25 июнь куни Вашингтонда тақдим этилган 2019 йилдаги одам савдосига бағишланган йиллик ҳисоботда Қўшма Штатлар "ҳукуматлар ҳомийлигидаги одам савдосига жиддий ёндашиши" таъкидланади.
"Марказий Осиёда айрим ҳукуматлар одамларни пахта саноати ва бошқа секторларда мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ечиш бўйича сезиларли саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа давлатлар учун янги атандарт ўрнатади", деб айтган Майк Помпео.
Аммо ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш бўйича ҳануз "минимал стандартлар"га эришган эмас.
"Ўзбекистон ҳукумати одам савдосини бартараф этиш бўйича белгиланган минимал стандартларга тўлиқ мос келмаётган бўлса-да, бу соҳадаги камчиликларни йўқотиш мақсадида ҳукумат сезиларли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу ҳаракатлар йиллик пахта терими давомида теримчилар учун мукофот пулини ошириш ва баъзи давлат сектори хизматчиларини теримга сафарбар қилишдан озод қилиш орқали катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишни, шунингдек, теримда болалар кучидан фойдаланишни тақиқлашни давом эттиришни ўз ичига олади", дейилади Америка ҳукуматининг ҳисоботида.
Мажбурий меҳнат даражаси ўзгармади
АҚШ Давлат Департаментига кўра, Ўзбекистон ҳукумат аввалги ҳисобот даврига нисбатан "саъй-ҳаракатлар кўпайганини кўрсата олмаган".

Сурат манбаси, YELENA URLAYEVA
Жумладан, 2018 йилги пахта терими даврида ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатдан фойдаланиш даражаси ўзгармаган.
"Ҳукумат давлат хизматчиларини теримга жалб этиш тақиқини доимий равишда амалга оширмади. Ҳукумат одам савдоси қурбонлари камайганини ва аҳолининг сонига таққослаганда диспропорционал равишда кам сонли трансмиллий одам савдоси қурбонлари мавжудлигини аниқлаган".
Бундан ташқари, ҳисоботда айтилишича, ҳукумат томонидан одам савдоси билан шуғулланишда гумон қилинган шахсларга нисбатан тергов ва жиноий ишлар сони сўнгги беш йил давомида камайган.
"Шу боис, Ўзбекистон иккинчи йил ҳам 2-гуруҳ махсус кузатув рўйхатида қолди", дейилади ҳисоботда.
Унда шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати "қонунни қўллаш амалиётини сустлаштиргани, яъни беш йил давомида тергов ишлари, суд айбловлари ва чиқарилган ҳукмлар қисқаргани"га эътибор қаратилади.
АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини "пахта-йиғим терими даврида пахта етиштириш бўйича квоталарни йўқотиш, пахтакорларнинг иш ҳақларини ошириш ва пахта теримида иштирок этувчи теримчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш каби чораларни қўллаш орқали йиллик пахта терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам бериш ҳаракатларини давом эттириш"га чақирган.
Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига "одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларни тўғри ҳал қилишни ўргатиш" тавсия этилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













