"Ҳамма кириш имтиҳонлари онлайн кўрсатилсин!"

Тошкентдаги Инха университетига кириш имтиҳони

Сурат манбаси, Inha.uz

Тошкентдаги Инха университети кириш имтиҳонларини тўғридан-тўғри Интернетда томоша қилиш мумкинлиги ҳақидаги хабар Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кириш шаффофлиги борасидаги муаммога яна бир бор эътибор қаратди.

Инха университети матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, университет маъмурияти илк бор ҳар бир хоҳлаган инсонга олий ўқув юртига кириш имтиҳонини реал вақт режимида онлайн кузатиб бориш имкониятини беради.

Муддао - имтиҳон жараёнининг шаффоф ва очиқ эканини намойиш этиш, дейилади университет номидан эълон қилинган хабарда.

Ушбу хабар нега 1 август куни Ўзбекистоннинг барча ўқув юртларига тест имтиҳонларини онлайн кузатиб боришни ташкил этиш мумкин эмас, деган саволни туғдирган.

Ўзбекистонда олий ўқув юртига кириш жараёнлари ортида доимо коррупция ва порахўрлик бўлиб келган.

1997 йилдан СССР замонидаги ёзма ва оғзаки кириш имтиҳонлари тартиби бекор қилинди ва тест имтиҳонларига ўтишга қарор қилинди.

Бу қарор ўқишга киришдаги порахўрлик олдини олиш мақсадида қабул қилинди, деб айтилди.

Мамлакатда Давлат Тест маркази ташкил қилинди ва тест имтиҳонларида ноқонуний ишларга йўл қўймаслик мақсадида кузатув Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматига юклатилди.

Аммо ўтган қарийб йигирма йиллик тажриба Ўзбекистонда "ўқишга пул билан кириш" бартараф этилмаганини кўрсатди.

Бу борадаги ишлардан яхши хабардор бўлган ўзбекистонликларнинг сўзларига кўра, қайси ўқув юртида неча абитуриентни неча пулга киритиш ўқув юрти раҳбарияти билан Миллий Хавфсизлик хизматининг масъуллари ўртасида "олди-берди" қилинади.

Тест имтиҳони

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Бугунги кунда 15 дан ортиқ ноқонуний ва норасмий усуллар қўлланилиб тести имтиҳонлари "топширилади".

Улар орасида "Паровоз", "Танка", "Шпора", "Бункер", "Телефон", "Парашют", "Телепатия", "Солдат", "0 вариант ёки Х вариант" каби усуллар кенг тарқалган.

1 август куни бутун Ўзбекистон бўйлаб мобил алоқа операторлари Интернет ва смс жўнатиш хизматларини вақтинча ўчириб қўядилар, кўп минг сонли Миллий Хавфсизлик ва милиция ходимлари қўриқчиликка жалб этилади.

Ота-оналар жазирама ҳавода тест имтиҳони тугаб фарзандлари чиқишини кутиб туришга мажбур бўладилар.

Яна тест имтиҳонлари жавобини бугунги компюетрлашган замонда 10-15 кунлаб кутишга тўғри келади.

Мана шулар ҳам Ўзбекистонда олий ўқув юртига киришда қаллобликлар мавжудлигидан далолатдир.

Инха университетининг хабари Интернет социал тармоқларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг барча ўқув юртларига кириш имтиҳонлари онлайн-трансляциясини ташкиллаштириш лозим, деган таклифлар билдирилмоқда.

Онлайн-трансляция кўп минг сонли қўриқчилар жалб қилинган имтиҳонлардан арзонга ҳам тушиши эслатилмоқда.

Сиз нима дейсиз? Нега шу пайтгача Ўзбекистонда ҳамма институт ва университетларга кириш тест имтиҳонларини онлайн кузатиш ташкил қилинмаган?

Эски тартибдан кимга фойда, кимга зарар?

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.