Нима учун баъзи зилзилалар ҳалокатлироқ бўлади?

Сурат манбаси, AFP GETTY
2014 йил 1 апрел куни Чилида Рихтер шкаласи бўйича 8.2 баллик зилзила рўй берди.
Ўшанда 6 киши ҳалок бўлди, 2,500 уй вайрон этилди ва 80,000 киши бошпанасиз қолди.
Бир йил ўтар-ўтмас Непалда 7.8 баллик зилзила рўй берди.
7,500 киши ҳалок бўлди, бутун бошли шаҳар ва қишлоқлар вайрон этилди.
Оқибатларнинг бу каби кескин ўзгачалиги сабаби нимада?
Энг асосий омил албатта, биноларнинг на қадар хавфсиз ҳамда мустаҳкам қурилгани ва мамлакатнинг қанчалар фаровонлиги билан боғлиқдир.
1960 йили Чилида 9.5 баллик зилзила рўй берганида 5,500 киши ҳалок бўлганди. Ўшандан бери мамлакатдаги зилзилабардош уйларни қуришда катта ишлар амалга оширилди.
Непалда эса бундай бинолар кам ва кўплаб бинолар зилзила вақтида қулаб тушди.
Лекин қурилишдан ташқари минтақа геологияси ҳам катта рол ўйнайди.
Непал икки қитъа платоси тўқнашган ерда жойлашган, Хинд платосининг Осиё платосига қўшилган ерида ва у ерда зилзила чизиқлари анчайин чуқур жойлашган.
Чилидаги зилзила чизиғи эса қитъа билан уммон учрашган ердадир.
Бундан ташқари Непалдаги икки платонинг "тўқнашув" тезлиги йилига атиги 4.5 см ва йирик зилзилалар камдан-кам рўй беради.
Чилидаги платолар "тезлиги" эса йилига 10 см ва кучли зилзилалар деярли ҳар йил рўй беради. Шунинг учун зилзилабардош амалларни қўллаш анчайин катта аҳмият касб этган.
Умуман, Ўрта ер денгизидан тортиб Индонезияга қадар минтақада Африка, Араб ва Ҳинд платолари ташкил қилувчи Овросиёда кўплаб зилзила чизиқлари бор.
Улардан энг йириклари Истанбул, Теҳрон, Табриз ва Ашхободдир.
"Қитъалараро зилзила чизиқларида зилзилалар анчайин онда-сонда рўй беради. Баъзи ерларда ҳатто бир неча минг йилда бир маротаба", дейди Кембриж Университетидан мутаҳассис Жеймс Жаксон.
1900 йилдан бери қитъалараро зилзила чизиқларида рўй берган офатлар уммон-қитъа чизиғида рўй берган зилзилалардан кўра анчайин кўпроқ инсоннинг ёстиғини қуритган.
Жеймс Жаксон ҳамкорлари билан биргаликда Эрон, Қозоғистон ва Хитойдаги қитъалараро чизиқларни ўрганиб келишмоқда.
Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар орқали улар кейинги зизила чизиғи қаердан ўтиши мукминлиги ҳақида маълумот йиғишлари мумкин.
Непал борасида ҳам бу каби маълумот талайгина эди ва маҳаллий ташкилотлар зилзилага тайёргарлик кўриш учун анчайин ишларни ҳам амалга оширгандилар.
"Кўринишича, бу каби зилзила оқибатида қурбон берилиши кутилганидан анчайин камроқ инсон ҳалок бўлган. Непал ҳукумати ва баъзи ноҳукумат ташкилотлар амалга оширган чоралар инсонлар ҳаётини сақлаб қолганлиги ҳақида далиллар бор", дейди Окфорд Университетидан геолог Филип Ингланд.
Лекин Непалдаги фожеа зилзилабардошликни яратиш қанчалар муҳим эканлигини яна бир бор намоён қилди.
"Зилзила оқибатларини бартараф қилиш учун одатда зилзилабардошлик амалларини йўлга қўйишга қараганда беш баробар кўпроқ молия сарфланади" , дейди Лондондаги хорижни ривожлантириш тадқиқот марказидан Кети Питерс.
Непалдаги зилзиладан сўнг сунъий йўлдошдан олинган суратларга мувофиқ зилзила оқибатида ер сатҳи ёрилмаган. Бу дегани ер остида яна кўплаб зилзила энергияси сақланиб қолган ва яқин ўн йилликда яна йирик офат рўй бериши эҳтимоли бор.
"Бу галги зилзила оқибатлари бундан-да ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Лекин келгуси гал янада кўпроқ тайёр бўлиш учун бу ўзига хос огоҳлантириш бўлиши мумкин", дейди Филип Ингланд.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












