Алкоголнинг таъсири ҳақидаги тасаввуримиз нотўғрими?

Алкогол ичимлигини истеъмол қилиш одамни зўравон ва ахлоқсиз ҳаракатларга ундайди, дея ишонилади.
Лекин Британиялик олима Кейт Фокс бу каби тасаввур нотўғри, дея ҳисоблайди.
Кейт Фоксга кўра, қайси бир Британ рўзномасини очиб қараманг, миллатимиз ва айниқса ёшлармиз ичкиликка берилгани, бунинг натижасида эса зўравон ва тажовузкор ҳаракатларга қўл уришаётгани ҳақида ўқиймиз.
Хуллас ичиб олган Бритниялик албатта бир ишкални чиқаради деган ақида бор. Лекин нима учун?
Муаммо шундаки, дея таҳлил қилади Кейт Фокс, алкогол бизларни зўравон, ахлоқсиз ва тажовузкор қилиб қўйишга қодир бўлган сеҳрли бир кучга эга, деган ақидага ишонамиз.
Лекин бу ақида нотўғри, дейди Кейт Фокс.
Кўп миқдорда истеъмол қилинган вақти алкогол бизнинг мушакларимиз устидан назоратимизни, хотира қобилиятимиз, англаш, жавобий муносабат билдириш ва сўзлаш қобилиятларимзни заифлаштиради.
Лекин тўғри келган одамга қараб, "нимага бақрайиб турибсан!", деб бақириб, муштлашишни бошлашга, ёда қўҳликкина аёлни кўрганда "яхши қиз исмингиз нима", деб шилқимлик қилишни бошлашга асос яратмайди.
Бу каби ҳаракатлар алкоголнинг инсон организмига кимёвий таъсири натижаси эмас, ҳар бир маданиятда шаклланган тасаввур натижасидир, дея давъо қилади Кейт Фокс.
Жаҳон бўйлаб турли маданиятларда алкогол таъсири ҳақидаги тасаввурлар турличадир.
Масалан Британия, АҚШ ва Австралияда маст одамнинг зўравон ва ахлоқсиз йўлда ҳаракат қилиши ҳақидаги тасаввур кенг тарқалган.
Лекин Лотин Америкаси ва баъзи Ўрта ер денгизи ҳудуди миллатларида алкогол ичимлик ичиш бу каби ҳулқ-атворга олиб келмаслиги ҳақида тасаввурлар мавжуд. Чунки у ерларда алкогол ичимликларни маълум миқдорда истеъмол қилиш чой ёки қаҳва ичиш каби кундалик машғулотлардан бири сифатида кўрилар экан.
Бундан ташқари ушбу маданиятларда киши бошига алкогол ичимликлар ичиш даражаси ҳам юқорироқ бўлишига қарамай, салбий оқибатлари у қадар эмас ва бу ҳолат турли тадқиқотлар натижасида қайта-қайта тасдиқланган, дейди Кейт Фокс.
Баъзи тажрибаларда одамларга алкогол ичимлик, дея яхна ичимлик бериб кўрилган вақтда ҳам, улар ўзларининг тасаввурларидаги маст одамнинг ҳаракатларига монанд равишда ҳаракат қила бошлаган эканлар.
Хуллас алкогол ичимлик сизни энг мулойим одамдан ўта безорига айлантириб қўйишига ишонсангиз, энг оддий яхна ичимликни алкогол, дея сизга тақдим этсалар ҳам ҳудди ўша йўлда ўзингизни тута бошлар экансиз.
Олима Кейт Фоксга кўра, шунинг учун маданиятларда шаклланган тасаввурларни ўзгартириш йўлида ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир.












