"Ижтимоий минбар": 2010 йил ҳодисалари такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?

Сурат манбаси, Reuters

Би-би-си "Ижтимоий минбар"ининг навбатдаги мавзуси этиб 2010 йил ёзида Қирғизистон жанубида рўй берган қонли ҳодисалар танланди.

Биз ўзимизнинг Facebook, Twitter, Instagram, Одноклассникидаги саҳифаларимизда қирғин беш йиллиги муносабати билан муштарийларга мурожаат қилдик.

"Бундан беш йил муқаддам Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувлар натижасида юзлаб инсон ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишганди.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг 10-13 июн кунлари юз берган зўравонликларни "қирғин" ва "погромлар" дея тасвирлашган.

Финляндиялик дипломат Киммо Килюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссия "Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида содир этилган "муайян ҳужумларни, агар маҳкамада тасдиғини топса, инсониятга қарши жиноятлар сирасига киритиш мумкин"лигини айтган.

Халқаро ҳисоботда айтилишича, Ўш ва Жалолобод шаҳарларида юз берган зўравонликлар чоғида 470 га яқин инсон қурбон бўлган ва яна минглаб одамлар яраланган.

Қирғизистон ҳукумати зўравонликларда собиқ Президент Қурманбек Бакиев ва Ўзбек жамоаси раҳбарларини айблаган.

Қирғиз томони ўзбекларга қарши "қирғин" содир этилганини рад этади ва зўравонликларда ҳар икки томондан қурбонлар бўлганини таъкидлаб келади.

Аммо маҳаллий ва халқаро инсон ҳақлари гуруҳларининг айтишларича, зўравонликлардан энг кўп жабр чекканлар ҳам, ҳодисаларда айбланиб, жазога тортилганлар ҳам ўзбеклардир.

Қирғизистон парламенти халқаро комиссия ҳисоботини рад этган ва Киммо Килюненнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйган.

Қирғизистондаги қатор ўзбек раҳбар ва фаоллари ватанларида умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганлар.

Ўш ва жалолободлик юз минглаб қочқинларга вақтинчалик бошпана берган Ўзбекистон БМТ минбаридан Қирғизистоннинг ўзбек аҳолисига қарши зўравонликларни қоралаган ва мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирган.

Орадан беш йил ўтиб, Қирғизистондаги ўзбеклар ҳануз ўзларининг камситилаётганликлари ва қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан шикоят қилишади.

Сиз Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Айбдорлар жазога тортилдими?

Бу каби ҳодисаларнинг такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак?"

Facebook фойдаланувчиси Нихон Нихон: Бугунги кунгача Қирғиз давлати Ош воқеаларига бир томонлама изоҳ бериб келади. Оқибат, асл жиноятчилар жазоланмай қолди. Маҳаллий ўзбеклар Қирғизистонда "иккинчи сорт" одамларга айланди. Очиқдан-очиқ ўзбеклардан, юртдан кетишлари яширин ҳамда ошкора равишда талаб қилинмокда. Ўзбек тилидаги мактаблар аста-секин камая бошлади. Уч тилда (ўзбек, рус, қирғиз) тилларида ўтказиб келинган умум таълимни юқори ўқув даргоҳларига кириш тестларидан ўзбек тили олиб ташланди. Ўш шаҳридаги икки Қирғиз-Ўзбек институтлари номлари ўзгартирилиб ўзбек факултетлари олиб ташланди. Ўзбеклар ҳозирги кунда шаҳар марказидаги ўзлари ва ота-боболари яшаган, ўзлари бунёд қилган дам олиш масканларида дам олишдан маҳрум бўлдилар. Ўзбек маҳаллаларининг ичкари қисмларига чойхона ва ошхона очишган ва шу ерларда овқатланишади ва дам олишса-да, бу ерларда ҳам уларга тинчлик йўқ. Налог. Санитария назорати. Милиция ва бошқа куч ишлатиш хизматлари бундай жойларни тирикчилик манбасига аллақачон айлантириб олишган. Порахўрлик ва коррупция президент А. Акаев даврида 6-8 процентни тузган бўлса, А. Атамбаев даврига келиб 50 процентдан ошиб кетди. 2010 йил Ўш ва Жалолобод воқеаларидан сўнг қирғиз криминал олами кучайди. Зўрлаш, қотиллик, наркомания, бола ўғирлаш чет элликларни ўғирлаш, товламачилик, рэкет ва бошқа жиноятлар кўпайди, ваҳоланки мен юқорида айтиб ўтган жиноятларнинг жуда катта қисми жазосиз қолмоқда. Асқар Акаев Қирғизистон республикасини бошқарган даврларда "Демократия ороли" деб ном олган республика бугун "криминаллар" оролига айланиб бўлди. Мен бу билган ва ёзган гапларимни бир қисми, яъни бир томчиси холос. Мамлакат ичкарисида яшаётган бошқа эл ва миллат вакилларини ҳам аҳволлари шунга яқин ҳолатда.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Иззатулла Раҳматуллаев: Мен, Нихон Нихоннинг Ўзбек мактаблари камайиб кетаябди, деган сўзига изоҳ бермоқчиман. Бугунги кунда Ўзбек мактабларини ё реформа қилиш керак ёки умуман ёпиш керак. Ўзбекистонлик ўзбеклар латинга ўтиб кетди. Бундан ташқари, қирғизистонлик биронта ўзбек у ерга бориб ўқий олмайди. Қирғизистонда давлат тили, бу қирғиз тили. Эски ўзбекчага мослашган кириллицада ўқиган ўқувчи, ҳеч кимга кераги йўқ. Қирғизистонлик ўзбеклар, тўла интеграцияга кириб, жамиятни тўлақонли аъзоси бўлиши учун, қирғиз ёки рус тилида ўқиши керак. Бизда ўз тилимизни йўқотиб қўямиз деган хавф йўқ, сабаби тилимизни ядроси Ўзбекистон билан орамиз уч километр.

Тимур Дарвиш ёзади: Ҳақиқатан қийин қирғизистонлик ўзбекларга. Тўғри, яшаш шароити яхши бўлиши мумкин, лекин кўнгиллари роҳат тинч эмас. Бир нимадандир ҳар доим қўрқиб яшашади. Тўғри, ҳеч миллат ажратмаган тоза қалбли қирғиз қардошлар ҳам йўқ эмас, албатта. Лекин жуда кўпи қирғизистонлик ўзбеклар ҳақида ёмон ва нотўғри хаёлда юришади. 2010-йилдаги воқеаларга ҳар хил сабаб бор: ўзбек тарафи ўзи томонига қирғиз тарафи ҳам ўзи томонига маъқул келадиган сабаблар қўйган.

Дилором Зайниддинова: Ўш ва Жалолободдагилага сабр-тоқат тилайман, қачондир ҳақиқат юзага чиқади, ҳеч ким жазосиз қолмайди.

Бектош Маҳмудов: Ҳаммасияммасу, лекин миллатчиларни танобини тортиши керак янги қирғиз ҳукумати агар озгина андишаси бўлса....

Одноклассники фойдаланувчиси Одамий: "Биз ёмон деяверсак, албатта, ёмонликка олиб келади. Шу учун фақат ёмонламасдан, ўз фарзандларимизни ўқитишимиз керак. Шунда улар муваффақият қозонишади. Қирғизистонда яшаганимиздан кейин бу мамлакатнинг давлат тилини, қирғизчани билишимиз, шу ернинг конституциясига бош эгиб яшашимиз керак экан." Шу сўзларга қўшилган бўлардим қирғизистонлик бўлганимда. Чунки ким қаерда яшаса, қайси миллат номидаги давлат бўлишидан қатъи назар ўша давлат қонунларига бўйсунишга Мажбурдир. Аммо қирғизистонлик қирғизлар ҳам унитмасинлар миллатчилик яхшилик келтирмайди. Бу шахсий фикрим, қарашларимдан келиб ёзиб ҳавола этдим. Миллат атама сўздан бошқа нарса эмас . Бир-бирингизни Асранг одамлар!

Иззатулла Раҳматуллаев: Мақола автори ўзи дурбинда кўриб тургандай, бугунги кундаги аҳволни рўй-рост ёзиб қўйибди. Бунга қўшишга ҳам, олиб ташлашга ҳам ҳожат қолмабди. Фақат объектив мақола учун раҳмат дейман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio