Би-би-сига айтаман: Тошкент бозорлари олибсотарлар қўлида

Тошкентдаги "Юнусобод", "Олой", "Эски Жўва", "Фарҳод" ва “Қўйлиқ” бозорлари ораларидаги фарқ ер билан осмонча.
Нисбатан арзон бозор “Қўйлиқ” ва "Эски Жўва" ҳисобланади.
Қўйлиқ бозорида туршак (ўрик қоқи) тўрт - беш минг сўм.
“Олой” бозорида унинг нархи 17 мингдан 35 минг сўмгача.
"Эски Жўва", “Чорсу”, “Қўйлиқ” бозорларидан 14 мингдан 20 минггача гўшт сотиб олса бўлади.
"Олой", "Фарҳод" бозорларидан эса уни 25 минг сўмдан камига тополмайсиз.
Бозорлар аро пиёз, картошка, сабзи каби маҳсулотлар нархлари ораларидаги тафовутлар ҳам икки ҳатто уч баравар катта.
“Қўйлиқ” бозоридан 1500 сўмга яхши гуруч харид қилиш мумкин.
“Олой” бозорида эса унинг нархи 3500 сўм.
Энг ачинарлиси, Тошкент бозорлари олиб-сотарлар қўлида.
Деҳқонлар ўз меҳнатлари, қора терлари билан етиштирган маҳсулотларини бу бозорларда эмин-эркин сотолмайдилар, бунга олибсотарлар йўл қўймайдилар...

Улар деҳқонлардан маҳсулотларни сув текинга сотиб олиб, элга отасининг баҳосини қўйиб сотадилар.
Шу сабабли Ўзбекистон, хусусан, Тошкент бозорларида нарх-наво қиммат ва нархлар хилма-хил.
Бозорқўмлар(бозор бошлиқлари) паттачилар, олиб-сотарлар семиргандан – семириб кетишган.
Бозорқўмлар: “Бизнинг устимиздан эмувчилар бор...” деб писанда қилишни яхши кўришади.
Олибсотарлар ҳам айни шу гапни такрорлашади.
Олибсотарлар ўз исм-шарифларини яширишади ва Эркин, Тоҳир, Қобил, Даврон, Сардор каби ясама номлар билан иш юритишади.
Вақти-вақти билан исмларини ўзгартириб туришади.
Бозорларда маҳсулотларнинг сифат масалалари ҳам санитария-гигиена талабларига кўпам жавоб беравермайди.
Бу ҳақда ҳам алоҳида мақола ёзамиз. Албатта синчиклиб ўрганиб.
Бизнингча, бозорларни давлат миқёсида назоратга олиш керак.
Олибсотарлар йўлини кесиш керак.
Деҳқонлар, чорвадорлар ўз маҳсулотларини, ўз молларини ўзлари сотишлари керак.
Бу элда арзончилик туғдиради.
Дастурхонга файз – барака киритади.
Ойдин Очил
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002
Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.












