Болливуд: Салмон Хон қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Сурат манбаси, BBC World Service
Ҳиндистон маҳкамаси Болливуд юлдузини 2002 йилда бир уйсизни ўз машинаси билан босиб ўлдиришда айбдор, деб топди ва уни беш йилга озодликдан маҳрум этишга қарор қилди.
Шов-шувли автоҳалокат Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида юз берганди.
Салмон Хон бўлган машина кўчада ухлаб ётган беш нафар уйсизни босиб ўтиб кетган, ҳодиса ортидан, актёр атайдан одам ўлдириш айби билан маҳкамага тортилганди.
Жабрдийдалардан тўрт нафарининг жароҳат олгани айтилганди.
Болливуд юлдузи рулда ўзи эмас, ҳайдовчиси бўлганини иддао қилган, аммо бунга ҳакамни ишонтира олмаган.
Ҳакам ўша пайтда машинани Салмон Хон бошқаргани ва унинг спиртли ичимлик таъсири остида бўлганини айтган.
Ҳуқуқшуносларга кўра, Болливуд юлдузининг маҳкама ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқиши тайин.
Хоннинг ҳимоячилари эса, Мумбай Олий маҳкамасида бўлиб ўтган жараён ортиданоқ, унинг товон пули эвазига озод этилишини сўраб, ариза киритишган.
Хабарларда улар аризасининг тез орада кўриб чиқилиши, унгача Салмон Хон маҳкама ҳибсхонасида сақланиши айтилмоқда.

Сурат манбаси, BBC World Service
Ҳиндистондаги мухбирларимизга кўра, одам ўлдиришда айбдор, деб топилиши Болливуд юлдузи учун яхшигина зарба бўлади.
Аввалбошда Салмон Хоннинг, ҳатто, 10 йилга озодликдан маҳрум этилиши ҳам кутилганди.
Салмон Хон Болливуднинг энг ёрқин юлдузларидан бири саналади.
Актёр аксарияти томошабинларнинг меҳрларини қозонган 80 дан ортиқ ҳинд фильмида суратга тушган.

Сурат манбаси, BBC World Service
Чоршанба кунги маҳкама жараёнига Салмон Хон оила аъзолари ва яқинлари билан бирга келган. Мухлислари эса, унинг ҳаққига дуо қилиб туришган.
Болливуд юлдузини айбдор, деб эълон қилиши учун ҳакамга узоқ вақт керак бўлмаган.
Жараён бошланишидан бор-йўғи бир неча дақиқа ўтиб, унинг бу хусусдаги хулосаси янграган.
Қолган уч соат эса, қоралов ва ҳимоя томони ўртасида жазонинг қандай шаклда бўлишига оид тортишувлар билан кечган.

Сурат манбаси, AFP
Хабарларга кўра, якунида ҳакамнинг беш йиллик қамоқ жазосига оид ҳукмини эшитиб, Салмон Хон қаттиқ хафа кўринган.
Жорий пайтда Болливуд юлдузининг қатор шов-шувли фильмларда суратга тушаётган бўлгани, агар, қамаладиган бўлса, бундан етажак зиён ҳам озмунчага тушмаслиги айтилади.
Болливуд ва Ҳиндистонни ўз забтига олган мазкур маҳкама жараёнининг ўзи 13 йилдан буён давом этиб келади.

Сурат манбаси, AP
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












