Қандай қилиб Президент Раҳмон қудратни ўз қўлида жамлади?

Сурат манбаси, Getty

22 май куни тожикистонликлар Президент Раҳмонни умрбод президентга айлантирадиган Тожикистон конституциясига ўзгартириш киритиш референдумида овоз берадилар.

Бу қонун жаноб Раҳмон расман аталадиган "Миллат пешвоси" учун президентлик муддати чекловини олиб ташлайди. Ҳозир у ўзининг тўртинчи президентлик муддатини ўтамоқда, у бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқлайдиган конституциявий ўзгаришлардан фойдаланяпти деб кўрилади.

Жаноб Раҳмоннинг охирги муддати бўлиши керак бўлган жорий муддати 2020 йили ниҳоясига етади. Аммо мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиладиган бўлса, у ўзи хоҳлаганича президентлик лавозимида қолиши мумкин.

Халқаро кузатувчилар Тожикистондаги аксар сайловларнинг демократик стандартларга мос келмаганини айтсалар-да, жаноб Раҳмон учун қайта сайланишда бирор бир мушкуллик йўқ.

Имомали Раҳмон 1992 йилдан буён қудратда ва сиёсий мухолифларига босим ўтказиш ҳамда сўз эркинлигини бўғиш эвазига ўз қудратини оширишнинг уддасидан чиқиб келмоқда.

Уни аҳолининг салмоқли қисми дастаклайди, жаноб Раҳмоннинг улкан фотосуратлари бутун Тожикистон бўйлаб осилганини кўриш мумкин.

Одамлар унга мадҳиялар куйлайдилар, унга бағишлаб шеърлар ёзадилар. Ва президент иштирокидаги тадбирларда йирик сондаги оломон иштирок этади. Ўз навбатида бу иштирокчилар қатнашишга мажбур этилган давлат идора-ташкилотларининг ходимлари эканини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Жаноб Раҳмоннинг дастакловчилари 1990 йиллардаги фуқаролар урушига чек қўйилганидан миннатдорлар. Бироқ ҳаёт аксар тожикистонликлар учун осон эмас.

Халқи қашшоқ, раҳбарлари бой мамлакат

Сурат манбаси, mfa.tj

Тожикистон собиқ Совет давлатлари орасида энг қашшоқларидан биридир, мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи қашшоқлик чизиғидан паст даражада яшайди.

Кўплаб тожиклар ишлаб пул топиш учун Россияга ўхшаш мамлакатларга кетишга мажбур бўлганлар. Уларнинг юбориб турган пул жўнатмалари Тожикистон йиллик Ялпи Ички маҳсулотининг қарийб ярмини ташкил этади.

Бу манзарага зид равишда президент оиласининг аъзолари ва яқин қариндошлари Тожикистоннинг энг бой-бадавлат одамларидан ҳисобланадилар. Улар ҳукуматдаги энг юқори лавозимларни эгаллаганлар, мамлакатдаги асосий бизнесларга эгалик қиладилар.

Жаноби Олий Раҳмоннинг қизи Озода яқинда президент маъмуриятининг раҳбари этиб тайинланди, ўғли Рустам Имомали аксилкоррупция агентлиги директори лавозимида ишлайди.

Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи қашшоқлик чизиғидан паст даражада яшайди.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи қашшоқлик чизиғидан паст даражада яшайди.

Кўпчилик, Рустам отасининг сиёсий вориси этиб тайёрланаяпти, деб ишонади ҳамда бу нуқтаи назарни яқинлашиб келаётган референдум ҳам мустаҳкамлаётгандек.

Илгари сурилаётган тахминлардан бири шуки, референдумда президентлик номзоди учун талаб қилинадиган ёш чекловини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш таклиф этилмоқда. Бу дегани, ҳозир 29 ёшда бўлган Рустам Имомали агар лозим бўлса, 2020 йилда кутилаётган президентлик сайловига ўз номзодини илгари суришга ҳақли бўлади.

Конституцияга ўзгартишларни ҳукумат ва маҳкамалар томонидан дастакланган.

Иқтисодиёт вазири ўринбосари Умед Давлатзод айтишича, ўзгаришлар "инсон ҳуқуқлари ва эркинликлар муҳофазасини кафолатлайди ҳамда ёшларни сиёсий ҳаётига жалб этади".

Конституциявий маҳкамага кўра, таклиф этилаётган ўзгартиришлар "конституцион режимни мустаҳкамлайди" ва Тожик жамиятидаги демократик ўзгаришларни ўзида акс эттиради".

Аксар тожикистонликлар ишлаб пул топиш учун Россияга кетишга мажбур бўлганлар.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Аксар тожикистонликлар ишлаб пул топиш учун Россияга кетишга мажбур бўлганлар.

Танқидчилар эса конституцияга ўзгартиришлар демократик тараққиётга эмас, яккаҳукмронликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтмоқдалар.

Тожикистонни тарк этишга мажбур бўлган мухолифатдаги асосий Ислом Уйғониш партиясининг раҳбари Муҳиддин Кабирийнинг Би-би-сига айтишича, бу референдум қудратни бир кишининг қўлига топширишни назарда тутар экан, у демократия тамойилларига зиддир.

"Элита ўз бошқаруви келажагини кафолатлашни истайди", дейди Муҳиддин Кабирий.

Унинг айтишича, ўтган йили Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг фаолияти ёпилгани сабаби шуки, исломий партия "бир шахс ёки бир оиланинг давлатни бошқаришига тўсиқ қўйиб келган" ягона гуруҳ эди.

Тожикистондаги 5 йиллик фуқаролар урушида 20 минг инсон ҳалок бўлган, 600 минг киши яшаб турган жойини ташлаб қочган.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Тожикистондаги 5 йиллик фуқаролар урушида 20 минг инсон ҳалок бўлган, 600 минг киши яшаб турган жойини ташлаб қочган.

Конституцияга ўзгартириш динга асосланган ҳар қандай партияга тақиқ қўйишни таклиф этади, бу эса Ислом Уйғониш партиясини қонунга зид фирқага айлантиради.

Бу эса 1997 йилда эришилган тинчлик битимига нуқта қўйилганини англатади.

Қонли тарих

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Тожикистонда турли гуруҳлар ҳокимият учун курашга киришдилар, бу эса фуқаролар урушига олиб келди.

Уруш якунида сиёсий фирқалар ҳамда қудратли шахсларнинг иттифоқидан тузилган Бирлашган Тожик мухолифати Президент Раҳмон билан тинчлик келишувини имзоладилар. Бунда Исломий Уйғониш партиясини асосий ролни ўйнаганди.

1991 йили Шўролар Иттифоқи парчаланди, қадриятлар ўзгарди.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, 1991 йили Шўролар Иттифоқи парчаланди, қадриятлар ўзгарди.

Ўша келишувга биноан Ислом Уйғониш партияси ва бошқа мухолифат гуруҳлари қонуний деб тан олинган ҳамда жаноб Раҳмон улар билан қудрат бўлашишга рози бўлган. Ҳукуматдаги ўринларнинг учдан бир қисми мухолифатга берилиши лозим эди.

Аммо вақт ўтиши билан Бирлашган Тожик мухолифати аъзолари ҳукуматдан сиқиб чиқарилдилар.

Босим ва таъқиблардан қўрққан мухолифатнинг етакчи сиёсатчилари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар - лекин хорижда ҳам таҳдидларга дуч келдилар.

Россияда бўлган сиёсатчи Маҳмадрўзи Искандаров ўз истагига қарши равишда 2005 йили Тожикистонга олиб борилди ва терроризмда айбланиб озодликдан маҳрум этилди.

Яна бир фаол Умарали Қувватов номаълум шахс томонидан 2015 йили Туркияда отиб ўлдирди.

Президентга қарши чиққан бошқалар ҳам қатор қийинчиликларга дуч келдилар.

Ойниҳол Бобоназарова 2013 йилдаги президентлик пойгасига кирган эди.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ойниҳол Бобоназарова 2013 йилдаги президентлик пойгасига кирган эди.

Зайд Саидов собиқ саноат вазири ва Тожикистондаги энг бой одамлардан бири эди. У 2013 йили янги мухолиф партия фаолиятини бошлаш режасида эканини эълон қилишидан кўп ўтмай ҳибсга олинди.

2013 йилги президентлик сайловига мухолифатнинг ягона номзоди сифатида илгари сурилган ва қудратдаги президент учун ҳақиқий таҳдидни пайдо қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ойниҳол Бобоназарованинг айтишича, уни президентлик пойгасидан чиқиб кетишга мажбур этганлар.

Бобоназарова хоним ўз номзодини рўйхатдан ўтказиш учун етарли имзо тўплай олмаган, бунда у полицияни ўз дастакловчилари ва кампанияси фаолларига босимлар қилишда айблайди.

Шундай қилиб жаноб Раҳмон ҳокимиятни ўғлига топширгунича умрбод президент бўлиб қоладими?

Расман Тожикистон демократик мамлакат ҳисобланади ва бу ўзгаришлар кучга кириши учун референдум талаб қилинади.

Аммо Тожикистондаги сайловлар ва референдумлар кутилмаган натижаларни бермайди. Шундай экан, референдумга таклиф этилаётган ўзгаришлар аҳолининг "аксар қисми" томонидан қўллаб-қувватлагани ҳақидаги тахмин тўғри чиқмаслигига камдан-кам кузатувчилар ишонадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг