Генерал Дўстум шимолда нима қилмоқчи?

Ҳозир Туркманистон билан бевосита чегарадош Жаузжон вилоятида бўлган Афғонистон биринчи вице-президенти шахсан ўзининг баён қилишича, мамлакат шимолини бу гал толиблардан мутлақ тозаламоқчи.
Афғонистоннинг айнан шимолий ва шимолий-шарқий минтақалари Ўзбекистон дохил аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош ҳудудлар саналади.
Кетма-кет иккинчи йилдирки, айни шу минтақалар Афғонистон Толибон ҳаракати баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланиб келади.
Афғонистон Толибон ҳаракатининг Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур бошчилигидаги асосий қаноти ўтган ҳафта ўзларининг бу йилги баҳорги амалиётларини бошлашларига оид баёнот билан чиққан, кенг кўламли ва худкушликлари дохил қонли ҳужумлар ваъда қилганди.
Ҳаракат ўз баёнотидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистоннинг қўшни Тожикистон билан бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз вилояти баробарида қатор шимолий вилоятларида ҳам қарши ҳужумларга ўтганди.
Худди шу ҳужумлари манзарасида сешанба куни пойтахт Кобулда ҳам ҳалокатли худкушлик ҳужуми уюштиришнинг уддасидан чиққан.
Шаҳар қоқ марказида ва устига устак Афғонистон Миллий Хавфсизлик Идорасининг махсус бўлимини нишонга олишга муваффақ бўлганди.
Қонли ҳужумлар 70 га яқин инсоннинг умрига зомин бўлган, юзлаб одамларга тан жароҳати етганди.
Афғонистон Толибон ҳаракатининг мамлакат шимоли-шарқидан тортиб, пойтахт Кобул қадар бир неча куннинг ўзида устма-уст уюштиришга муваффақ бўлган ҳужумлари эса, афғон ҳукуматининг толиблар баҳорги амалиётларига ҳар томонлама ҳозир эканликларига оид такрорий баёнотлари манзарасида кузатилмоқда.
Устига устак, толибларнинг қонли ҳужумлари янги лидерларининг ким бўлиши юзасидан ҳаракат сафларига жиддий дарз етган бир шароитда амалга оширилаётгани билан ҳам эътиборга лойиқдир.
Янги ҳарбий амалиётлар

Генерал Абдулрашид Дўстум ҳам ҳаракат баҳорги амалиётларига оид баёнотидан саноқли кунлар ўтиб, мамлакат шимолига сафар қилган ва ўзининг бу галги кенг кўламли ҳарбий амалиётларини ҳам кеча чоршанба куни мамлакатнинг Туркманистон билан бевосита чегарадош Жаузжон вилоятидан бошлаганди.
Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг хабар беришича, генерал Дўстум бошчилигидаги икки мингга яқин қўшин бор-йўғи бир кеча-кундузнинг ўзида вилоятнинг энг беқарор уч – Оқча, Хонақоҳ ва Минггажак туманларини толиблардан тозалашга муваффақ бўлишган.
Афғонистон шимолида бошланган янги амалиётларга Афғонистон Қуролли, хавфсизлик, полиция кучларидан ташқари, генерал Дўстумнинг махсус бўлинмаси ҳам жалб қилингани айтилмоқда.
Хабарларга кўра, уларга Афғонистон Мудофаа вазирлигига қарашли қирувчи тикучарлар ҳаводан ҳам туриб мадад беришмоқда.
Сўнгги пайтларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий ёмонлашгани айтилувчи бу уч тумандаги толибларнинг сони юзлаб экани тахмин этилади.
Аммо, маҳаллий масъулларга кўра, уларнинг орасида хорижий жангарилар деярли учрамайди.
Мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, айниқса, Оқча толиблар учун муҳим аҳамият касб этган.
Жангарилар бу ерда ўзларининг шимолдаги асосий истеҳкомларидан бирига эга бўлишган, шу ердан туриб, ён-атрофдаги минтақаларда уюштираётган ҳужумларини бошқаришган.
Агар, вилоятдан шу кеча-кундузда олинган хабарларга таянилса, сўнгги ҳарбий амалиётлар жараёнида уларнинг бу истеҳкомлари йўқ қилинган, катта миқдордаги қурол-яроғ, ўқ-дори ва портловчи моддалар қўлга киритилган.
Жаузжон вилоятининг аксарият аҳолиси ўзбеклар ва туркманлар бўлган Оқча тумани Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Мозори-Шариф шаҳрига яқин жойлашган.
Вазиятни яқиндан кузатиб бораётган мухбиримизнинг айтишича, толиблар ҳар уч туманда ҳам афғон кучларига деярли қаршилик кўрсатишмаган ва бунинг ўрнига, амалиётлар бораётган ҳудудларни ташлаб чиқишни афзал билишган.
Мухбиримизга кўра, бу каби ҳолат манзарасида генерал Абдулрашид Дўстум ҳар бир толибни топиб, йўқ этиш истагида эканликлари баён қиларкан, ҳарбий амалиётлар қидирув босқичига кирган.
Маҳаллий масъуллар эса, жангариларнинг Туркманистонга бевосита чегарадош Хамоб ва Қарқин туманларидан бошпана топганликларини тахмин этишмоқда.
Режалар

Афғонистон биринчи вице-президентининг баёнотларидан аён бўлишича, кенги кўламли янги ҳарбий амалиётлари доирасида асосий эътибор мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги жиддий таҳдид остида бўлган ҳудудларга берилади.
Агар, афғон ҳукумати маъқул деб топса, амалиётлар Туркманистон билан бевосита чегарадош Фарёб, Тожикистонга шундоққина қўшни шимолий-шарқий Қундуз ва сўнгги пайтларда ўзбекистонликлари дохил хорижий жангарилар жиддий фаоллашгани айтилувчи шимолий Сарипул вилоятлари қадар кенгайтирилиши мумкин.
Афғонистон шимоли-шарқидаги вазият жиддий ёмонлашиб бораётгани кузатиларкан, бу – мамлакат вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўтган бир ярим йил ичида жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларга бошчилик қилиш учун учинчи бор минтақага сафар қилиши бўлади.
Ўтган йилнинг август ойига тўғри келган ва асосан шимолий Фарёб вилоятида кечган илк ҳарбий амалиётлари чоғида генерал Абдулрашид Дўстум ўзларига қарши ИШИД гуруҳининг аъзолари бўлган ва аксарияти марказий осиёлик жангарилар жанг қилишаётганини ҳам баён қилганди.
Лекин кенг кўламли экани айтилганига қарамай, ҳар гал, бу каби ҳарбий амалиётлар ортидан толиблар қайта фаоллашишга муваффақ бўлишган.
Таҳлилчилар эса, бунга асосий сабаб қилиб, Афғонистон шимоли-шарқининг мураккаб жўғрофий жойлашуви, урушларнинг партизанча табиати ва айрим ҳолларда, афғон кучларида жанг қилиш учун хоҳиш-ироданинг ўзи йўқлиги каби омилларни ҳам келтиришган. Уларга кўра, ҳаво кучларининг заифлиги ҳам жангариларга қарши курашда Афғонистон ҳукуматига панд бераётган яна бир муҳим фактордир.
Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда тузуми қулатилган ўтган 15 йил ичида Толибон ҳаракати уюштиришга муваффақ бўлган энг кенг кўламли, ҳалокатли ҳужумлари ва муайян муддатга бўлса-да, эришган энг катта ютуқлари ҳам айнан мамлакатнинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита қўшни шимолий-шарқий вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Ҳаракат катта сондаги хорижий қўшинларнинг ҳозирлигисиз кечган ва Афғонистон учун энг қонлиларидан бири бўлгани айтилган 2015 йилда маҳаллий масъулларнинг ўзлари ИШИД жангариларига нисбат берган иттифоқчилари билан бирга бу вилоятларнинг Туркманистон ва Тожикистонга чегарадош қатор туманларини қайта-қайта босиб олишга муваффақ бўлган.
Ҳатто, Афғонистонда қолган оз сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг кўмаги билан ҳам, афғон ҳукумати бу туманлар назоратини катта қийинчилик билан қайтариб олишнинг уддасидан чиққанди.
Хавотирлар

Афғонистоннинг шундоққина биқинларидаги шимолий-шарқий минтақаларида бир йилнинг ичида вужудга келган бу каби вазият Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари қолиб, ҳатто, Россия раҳбариятининг жиддий хавотирларига сабаб бўлган.
Россия томони афғон ҳукуматини минтақа хавфсизлигига жиддий эътибор қаратишга ундаш баробарида, лозим бўлган тақдирда, уларга расман ўз кўмакларини ҳам таклиф қилган.
Яқинда эса, Афғонистон томонига текинга катта сонда “Калашников” русумидаги автоматларни ҳам етказганди.
Бундан ташқари, аллақачон Афғонистон билан ўзаро чегараларини мустаҳкамлаш ҳаракатига тушиб қолган айрим Марказий Осиё давлатлари билан устма-уст кенг кўламли қўшма ҳарбий-ўқув машғулотларига ҳам зўр берган.
Расмий Ашхобод ошкора рад этганига қарамай, Афғонистон билан ўзаро чегарасининг ҳимоясида Туркманистонга, ҳатто, ўз кўмакларини таклиф қилиш даражасига борган.
Қирғизистон каби айрим минтақа давлатлари эса, Россияники қаторида Хитой ҳисобидан ҳам ўз ҳарбий арсеналларини яхшилаш ҳаракатига тушиб қолишган.
Россия Ички ишлар вазирлиги шу ой бошида Афғонистонда марказий осиёлик минглаб жангарилар тўпланишгани, уларнинг орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан бориб қўшилганлари катта сонда эканини баён қилганди.
Вазирлик вакили бу маълумотлар жиддий текширувлар ортидан олинганини таъкидларкан, минтақада толиблар ҳам ўз мавқеъларини кучайтиришга уринишаётгани манзарасида мавжуд вазият жиддий эътиборга олинмаса, чегаралар назорати қўлдан бой берилиши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирганди.
Россия дохил аксарият Марказий Осиё давлатлари лидерлари орада Афғонистондаги вазиятнинг Ироқдаги каби тус олиб кетишидан ошкора баёнотлар билан ҳам чиқишган.
Россия етакчи ўрин тутувчи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти эса, ўтган йил охирларида Афғонистондаги ИШИД жангариларининг сони уч минг атрофида эканини баён қилганди.
Афғонистон раҳбариятининг ўзи ҳам халқаро ҳамжамиятни ўз мамлакатини ташлаб қўймаслик, акс-ҳолда бунинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирганди.
Бу каби хавотирли баёнотлар манзарасида Марказий Осиё давлатлари орасидан, айниқса, Россия ўзининг ҳарбий базасига эга ва Афғонистоннинг қатор энг беқарор шимолий-шарқий вилоятлари билан бевосита чегарадош Тожикистон кескин чораларга қўл урган.
Чоралар

Ўтган бир ярим йилнинг ичида Афғонистон билан ўзаро чегарасида қўшимча ҳимоя чизиқларини ташкил қилган ва чегарага минглаб қўшимча ҳарбийларини сафарбар этган.
Сўнгги ойларда Афғонистонга шундоқ қўшни жанубий минтақаларида Россия билан минглаб аскарлар ва катта сондаги ҳарбий техника иштирокида йирик ҳарбий-ўқув машғулотларига ҳам зўр берган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг айнан Афғонистондаги сўнгги вазият сабаб уюштираётган қўшма ҳарбий-жосуслик машқлари ҳам шу ҳафта бошида айнан Тожикистонда бошланган.
“Қидирув-2016”, деб номланувчи бу машқларда Арманистон истисно ташкилотга аъзо қолган барча давлатлар жосуслик бўлимлари 1500 га яқин ҳарбийсининг штирок этаётгани, уларнинг 22 апрел кунига қадар асосан ўз ҳудудларида террорчилик амалларининг олдини олиш, жосуслик маълумотларини тўплаш ва таҳлил қилиш борасида ўз малакаларини оширишлари айтилмоқда.
Хабарларга кўра, Тожикистон томони Афғонистондаги Толибон жангариларининг эҳтимолий ҳужумларидан ташвишда.
Аммо, Душанбедаги етакчи журналистлардан бири Искандар Фирузнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ўзаро чегаранинг ҳам Хатлон ва ҳам Бадахшон йўналиши бўйича вазият ўз назоратимиз остида, жиддий хавотирланишга ўрин йўқ, деган мавқеъда.
Суҳбатдошимизга кўра, Тожикистон-Афғонистон чегараси ҳимоясида ҳам ҳозир ортиқча чора-тадбирлар кўзга ташланмайди ва ўзаро чегара сўнгги пайтларда жорий этилган фавқулодда тартибда қўриқланмоқда.
Унинг айтишича, Тожикистон куч тизимлари ҳозир Бадахшон ва Қундуздаги ҳозирги вазиятни яқиндан кузатиб туришибди ва улар Афғонистондаги жангариларнинг ҳар қандай амалларини бартараф этишга қодир эканликларини баён қилишмоқда.
Сўнгги ойларда ўзаро чегарадан ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи қуролли шахсларнинг Тожикистон ҳудудига бостириб киришга уринганликлари, ўзаро тўқнашувлар натижасида қурбонлар борлиги ва бунинг ортидан махсус тозалаш амалиётлари йўлга қўйилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Суҳбатдошимизнинг ўзига имконли бўлган маълумотларга таяниб айтишича, бунга яқинда Тожикистон куч ишлатар тизимларининг қатор давлатлар махсус хизматлари билан бирга қатор юқори мартабали Толибон етакчиларини йўқ қилишгани воқеълиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, AFP
Худди шу манзарада Афғонистон билан ўзаро чегарасида вужудга келган вазият сабаб, Туркманистоннинг Марисида ҳам мамлакат қуролли кучларининг жанговор ҳолатга келтирилгани айтилмоқда.
Қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳам чегара қўшинларининг шай аҳволга келтирилганига оид хабарлар бор.
Бунга қўшимча, Қирғизистоннинг Боткент вилоятида ҳам “Хавфсизлик 2016” номи остида махсус ҳарбий-ўқув машқлари бошланган.
Агар, Суриядаги аксарият аъзолари ўзбеклардан иборат экани айтилувчи “ал-Бухорий” жангари гуруҳининг даъволарига ишонилса, Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош минтақаларида ўзининг “Афғон бўлими” жангчилари жанг қилишмоқда.
Генерал Дўстум илк бор ўтган йил март ойида Афғонистондаги ИШИД хавфидан ошкора огоҳлантирган.
Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналган Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши урушиб келган.
Генерал Дўстумнинг кучлари халқаро иттифоқ кучларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда ҳам муҳим ўрин тутган.
Жаноб Дўстум илк босқичи ўтган йил 5 апрел куни бўлиб ўтган сайловлар арафасида ғолиб чиққан тақдирларида, Афғонистонга тинчлик келтиришга кўзлари етишини баён қилганди.
Генерал жаноблари Би-би-си билан суҳбатида бу масалада иш фақат дипломатия билан битмаслиги ва қатъият ҳам лозим бўлишини таъкидлаганди.
- BBC O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02.
- TELEGRAMDA ESA kanalimiz - http://bbc.in/1Si6GlC
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+ - BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1WCQHUC)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.












