Генерал Дўстум илк бор ‘Исломий Давлат’ хавфидан огоҳлантирди

Афғонистон вице-президентининг дунёдаги энг жангари ва қудратли бу гуруҳнинг ўз мамлакатига жиддий таҳдид эканига оид сўзлари шимолий Мозори Шариф шаҳрида бўлиб ўтган Наврўз тантаналари чоғида янграган.
Бу – “Исломий Давлат” гуруҳи Афғонистонга сизиб киришга ҳаракат қилаётгани айтилган ўтган ярим йилча вақт бадалида генерал Абдулрашид Дўстумнинг илк бор ошкора бу каби огоҳлик билан чиқиши бўлади.
Афғонистондан мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг хабар беришича, жаноб Дўстум ўз чиқишида “Исломий Давлат” ҳозир мамлакатнинг қатор шимолий вилоятларига кириб боришга ҳаракат қилаётганини айтган.
“Бугун мамлакати, халқи ва қўшниларига таҳдид солаётган бошқа бир хатар – қора байроқлар” эканини баён қилган.
Генерал Дўстумнинг сўзларидан аён бўлишича, “Исломий Давлат” номи остида ҳаракат қилаётган жангарилар ҳозир ўз оилалари билан шимолий Фарёб, Жаузжон, Сарипул ва шимолий-шарқий Бадахшон вилояти атрофларига келиб жойлашишмоқда.
“Бу эса, Афғонистон халқи учун жиддий таҳдиддир”, - деб айтган қудратли ўзбек генерали.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Афғонистон вице-президенти ўз чиқишида тилга олиб ўтган бу вилоятларнинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадошдир.
Устига устак, яқинда маҳаллий масъулларнинг ўзлари Афғонистоннинг Тожикистонга туташ яна бир шимолий-шарқий вилояти – Қундузда ҳам ўнлаб жангариларнинг “Исломий Давлат” байроғи остида фаолият юритишни бошлашганини расман билдиришганди.
Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги бу қудратли гуруҳ Афғонистоннинг қатор жанубий ва айрим ғарбий вилоятларида ҳам янги жангарилар ёллаш, ўз базаларини барпо этиш ва тайёргарлик жамлоқларини ташкил этишга ҳаракат қилаётганига оид хабарлар бор.
“Исломий Давлат”нинг минтақадаги илк лидери ва хизматга ёлловчиси ҳам яқинда америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган Афғонистон Толибон ҳаракатининг жанубий Ҳелманд вилоятидаги юқори мартабали собиқ қўмондони Мулла Абдул Рауф бўлганди.
Афғонистон президенти ҳам хавотирда

Сурат манбаси,
Шу йил феврал ойида эса, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани илк бор "Исломий Давлат" гуруҳи ўз мамлакатида жадаллик билан уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасига етиб бораётгани билан огоҳлантириб чиққанди.
Устига устак, жаноб Ғанининг бу сўзлари глобал хавфсизлик масалаларига бағишланган йирик Мюньхен анжумани чоғида янграганди.
Бу - янги афғон раҳбарининг биринчи бор халқаро минбардан туриб, дунёдаги энг қудратли ва энг жангари гуруҳнинг Афғонистонга солаётган таҳдиди ҳақида сўз юритиши бўлганди.
Афғонистон президенти Мюньхендаги чиқиши чоғида мамлакати "Исломий Давлат" дохил глобал террорчи тармоқларнинг учрашув нуқтаси бўлиб қолаётгани ва бу гуруҳга қарши халқаро миқёсда кескин чоралар кўрилмоғи лозимлигини таъкидлаганди.
Президент Ғани Афғонистонда вужудга келаётган вазиятни Сурия, Ироқ, Яман ва Ливиядаги воқеалардан айри кўрмасликнинг жуда муҳим экани, агар, халқаро ҳамжамият мавжуд вазиятни назардан қочирса, бунинг оқибатлари яхши бўлмаслиги билан огоҳлантирганди.
Афғонистон раҳбарининг айтишича, Покистон Қуролли кучларининг ўтган йилдан буён қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасида олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, минтақада ўринлар алмашган ва тортишиш маркази бугун Афғонистонга кўчган.
Вазиристон минтақаси, йилларки, ҳар икки Толибон ҳаракати аъзолари, “ал-Қоида”, “Ҳаққоний” тармоғи, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари ва яна қатор исёнчи гуруҳлар учун хавфсиз бошпана вазифасини ўтаб келган.
Минтақадан олинаётган сўнгги хабарлар эса, президент Ашраф Ғани иқтидорга келган ўтган беш-олти ой ичида Яқин Шарқдаги бу гуруҳ Афғонистонга ҳар томондан "сизиб кириб", янги жангарилар ёллашга, афғон тупроғида ўз базаларини ташкил этишга уринаётганига далолат қилади.
Шу йил январ ойида эса, "Исломий Давлат" гуруҳи аудиомурожаат билан чиқиб, Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солгани ва унинг Афғонистонда ҳам фаолият олиб боражагини баён қилганди.
Аммо, ҳозирча, қўшни Афғонистон ва Покистон тупроғида уюштирилган бирор бир ҳужумга масъулиятни Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг ўзи бевосита ўз зиммасига олиб чиқмаган.
Истиқбол

Сурат манбаси,
Минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, шу яқин йиллар ичида Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегарадош минтақалардан янги, ёш қўмондонларнинг ҳам "Исломий Давлат" сафларига қўшилишларини кутиш мумкин.
Таҳлилчиларнинг айтишларича, бу каби қўмондонлар Яқин Шарқда асос солган исломий халифатини кўриб, аллақачон “Исломий Давлат” раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга мафтун бўлиб улгуришган.
“Шу боис ҳам, баҳорда "Исломий Давлат"нинг Афғонистонда бироз фаоллашиши эҳтимоли бор. Бошқа томондан, худди шу пайтда айрим маҳаллий исёнчилар "Исломий Давлат"га аъзо бўлмай туриб ҳам, уларни қўллаб юборишлари мумкин. Яъни, шу йил ёз ойларида афғон хавфсизлик кучлари ва жанговар эмаса-да, Афғонистонда қолаётган Нато ҳарбийларига қарши туриш учун бу икки гуруҳ муайян соҳаларда стратегик ҳамкорликка бориши мумкин”, - деб айтганди Покистондан минтақавий таҳлилчи Хадим Ҳусайн яқинда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида.
Жорий пайтда Марказий Осиёликлари дохил бутун Жанубий Осиё давлатларидан Яқин Шарқда “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган фуқароларнинг сони минглаб экани айтилади.
Яқинда эълон қилинган расмий маълумотлар ўтган бир неча йилнинг ичида ўз йўлларини Сурия ва Ироққа солган марказий осиёликларнинг сони икки мингдан тўрт мингтагача эканига далолат қилганди.
"Исломий Давлат" гуруҳи катта сондаги Ғарб қўшинлари Афғонистонни тарк этган, президентлик сайлови билан боғлиқ ярим йиллик бўҳрон ва Афғонистон янги Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишдаги кечикишлар сабаб, Афғонистонда турли қуролли гуруҳлар қайта фаоллашган бир манзарада минтақага сизиб киришга ҳаракат қилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, гуруҳ Яқин Шарқ, Эрон, Покистон ва Афғонистон каби қатор минтақа мамлакатларини ўз ичига олувчи янги Хуросон давлатини барпо этиш ҳаракатида.
Аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни Эрон ва Афғонистоннинг маълум ҳудудлари эса, қадимда Хуросон, деб юритилган.
Каттаю кичик хавотирлар

Сурат манбаси, Getty
Воқеаларнинг бу каби ривожи аллақачон Ўзбекистон дохил қатор минтақа давлатларининг ошкора хавотирларию, ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва хавфсизлик чораларини кучайтиришга ўтишларига ҳам сабаб бўлган.
Шу ҳафта душанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг махсус йиғинида ҳам “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистондаги ҳозирлиги юзасидан жиддий хавотирлар янграганди.
Халқаро ташкилотнинг махсус вакили, агар, “Исломий Давлат” Афғонистондаги жангариларини бир сафга жамлайдиган бўлса, воқеалар хавотирли тус олиши эҳтимолидан ҳам ташвиш билдирганди.
Худди шу йиғинда чиқиш қилган Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги элчиси муовини ҳам Афғонистонда террорчилик хавфи ортиб, “Исломий Давлат”нинг фаолият ҳудуди кенгайиб бораётганидан жиддий ташвиш изҳор этган.
Владимир Сафронков, бу билан кифояланмай, “Исломий Давлат”нинг Афғонистонда фаоллашишига йўл қўймаслик учун Хавфсизлик Кенгашини лозим чораларни кўришга ҳам ундаганди.
Бу каби чиқишларга расман муносабат билдираркан, Афғонистон президенти идораси “Исломий Давлат”ни мавҳ этиш учун махсус чораларга қўл уриш режасида эканликлари ва гуруҳга қарши ўз курашларини давом этдиришларини билдирганди.
Аммо, таъкидлаш жоиз, сўнгги ойларда бу каби хавотир билан чиқаётган бирор бир томон Афғонистондаги “Исломий Давлат” сафларига ёлланган жангариларнинг аниқ сони ҳақида бирор бир маълумот беришмаган. Аммо уларнинг сўзларидан улардан аксариятининг собиқ толиблар экани англашилади.
Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, ҳар икки Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси саналган ва сўнгги йилларда асосан Афғонистон шимолида қайта фаоллашишга муваффақ бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган йил охирида расман "Исломий Давлат" гуруҳига байъат келтирган.
Бошқа томондан, Афғонистон ўтган 14 йил бадалида ўн минглаб сондаги хорижий қўшинларнинг кўмаги билан ҳам ўз ҳудудидаги Толибон муаммосига барҳам бера олмаган.

Афғонистон вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум эса, Наврўз тантаналари иштирокчиларига мурожаат қиларкан, “Биз урушда хаста бўлганмиз. Биз урушни хоҳламаймиз. Мен ўтган 14 йил давомида шимолда сизларнинг ҳарбий раҳбарингиз вазифасини бажадим. 14 йиллик ҳарбий тажрибага эгаман. Агар, бу балодан халос топмоқчи бўлсангиз, бирлашинг”, - дея хитоб қилган.
Афғонистон шимолидаги хавфсизлик мулозимларига кўра, Мозори Шарифдаги Наврўз тантаналари чоғида генерал Дўстумнинг ҳаётига қасд қилиш мақсадида бўлган бир худкуш ҳужумчи ҳам қўлга олинган.
Масъуллар унинг устидан дастлабки тергов жараёни бошланганини маълум қилишаркан, суиқасд уюштириш истагида бўлган бу шахснинг, ҳозирча, қай бир исёнчи гуруҳ аъзоси эканлигини айта олмасликларини билдиришган.
Аммо бу шахсни ёнида портловчи моддалар билан бирга ҳибсга олганликларини айтишган.
Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналган Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши урушиб келган.
Генерал Дўстумнинг кучлари халқаро иттифоқ кучларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда ҳам муҳим ўрин тутган.

Жаноб Дўстум илк босқичи ўтган йил 5 апрел куни бўлиб ўтган сайловлар арафасида ғолиб чиққан тақдирларида, Афғонистонга тинчлик келтиришга кўзлари етишини баён қилганди.
Генерал жаноблари Би-би-си билан суҳбатида бу масалада иш фақат дипломатия билан битмаслиги ва қатъият ҳам лозим бўлишини таъкидлаганди.
У, "Президентнинг муовини бўлиш билан бирга, ўз полиция, қуролли кучларимиз ва бошқа генераллар билан ҳамкорликда, улар билан ўз тажрибаларимни ўртоқлашган ҳолда бунга муваффақ бўламиз", деган умидларни изҳор этганди.
Аммо ўзбек генерали бу галги сайловларда ўз номзодини президентликка илгари сурмасликка қарор қилганди.
Бунинг ўрнига, асосий номзодлардан бири сифатида кўрилган Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг 1-муовини сифатида иштирок этганди.
Генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан чегарадош шимолидаги энг қудратли мухолиф сиёсатчилардан бири санаб келинган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












