ИШИД: 'Доғистонда биз ҳужум қилдик'

Сурат манбаси,
Ўтган сешанба куни кечга яқин қуролли шахслар Доғистоннинг машҳур Дарбанд қалъаси яқинига келиб ўт очишганди.
Зўравонликда бир киши нобуд бўлиб, 11 нафар яраланганди.
Шимолий Кавказдаги Дарбанд қалъаси - ЮНЕСКО рўйхатига киритилган қадимий обида.
ИШИД айни ҳужум учун маъсулиятни ўз бўйнига олиб, Telegram тармоғида хабар тарқатди.
Гуруҳнинг ижтимоий тармоқдаги баёнотига кўра, улар Россия жосуслик хизмати зобитларини нишонга олганлар.
Ўт очган қуроллилар тез орада воқеа жойидан қочиб қолишганди.
ИШИД Россияда фаолми?
Шимолий Кавказ ҳамон Россиянинг нотинч минтақаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йиллари Чеченистонда тинчлик ўрнатилгани айтилади.
Бироқ қўшни Доғистон қатор зўравонлик ҳолатлари ва хужумларга саҳна бўлмоқда.
Россия давлат хабар агентликларига кўра, сўнгги ҳужумда ҳалок бўлган шахс Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати (собиқ КГБ) ходими бўлиб, яна бир зобит жароҳат олган.
Ўтган ёз бошида ИШИД гуруҳи Кавказда фаолият олиб бораётганини баён этган ва сентябр ойига келиб, Доғистондаги Россия ҳарбий базасига қилинган ҳужумни ўз елкасига олганди.
Сурия ҳукуматига қарши урушаётган "Ал-Нусра" жабҳаси яқинда барча мужоҳидларга мурожаат билан чиқиб, Сурия ҳукуматига ёрдам бераётган Россияни нишонга олишга чақирганди.
Россия ҳозир ИШИД ва ўзи террорчи, деб биладиган Суриядаги гуруҳларни бомбалаётганини айтади.
Лекин минтақадаги халқаро ташкилотларга кўра, Россия бомба ҳужумларида тинч аҳоли ҳам нобуд бўлмоқда.
Туркия ҳукуматининг айтишича, хусусан, Россия ИШИДни ураяпмиз деган баҳонада, аслида Суриядаги тинч туркманларни бомбалаяпти.
Бироқ Россия - собиқ Шўро ҳудудидаги Ўзбекистондан кейин иккинчи энг кўп сонли мусулмон аҳолисига эга мамлакат. Россия мусулмонларнинг қарийб барчаси - суннийлар.
Россия жосуслик хизматлари маълумотларига кўра, 3 минг нафарга яқин россиялик мусулмон ИШИД сафига қўшилиш учун Сурия ва Ироққа кетган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












