Доғистон пойтахтида юз берган 2 портлашда ўндан зиёд одам ҳалок бўлди

Сурат манбаси, AFP
Доғистон пойтахти Махачкалада пайшанбадан жумага ўтар кечаси 20 минут оралиғида юз берган икки портлашда камида 13 инсон ҳалок бўлди, 90 дан зиёд одам яраланди.
Қурбонлар орасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг уч ходими, 7 полициячи ва бир ҳарбий бор, дея хабар берди ҳукуматдаги бир манба.
Россиянинг Доғистон бўйича тергов қўмитаси портлашларни "террорчилик амали" дея баҳолади.
Биринчи портлаш маҳаллий вақт билан 22:20да, Махачкала шимолига кираверишда полиция ходимлари "Лада-Приора" автомобилини тўхтатган пайтда юз берган.
Дастлабки тахминларга кўра, машина ҳайдовчиси портловчи мосламани ишга солган.
Орадан тахминан 20 минут ўтиб, ҳодиса жойига қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилар келган пайти, маҳалга яқин жойга ташлаб кетилган яна бир автомашина портлаган.
Портлаш тўлқини воқеа жойидан ўтган газ қувурига шикаст етказган ва натижада 40 дан зиёд автомобил ёниб кетган, дейилади хабарларда.
"Кавказ-центр" исломий веб саҳифаси ҳодисани "шаҳид ҳужуми" деб атади.
Унинг таъкидлашича, портлаш натижасида полиция назорат пости бутунлай йўқ этилган.
Нотинч минтақа
Россия жанубида жойлашган Доғистон Республикаси охирги йилларда исломий исёнчи гуруҳларга қарши асосий кураш ўчоқларидан бирига айланди.
У ердан деярали ҳар ойда бир ҳуқуқ тартибот идоралари ва исёнчилар ўртасида қонли тўқнашув юз бергани ҳақида хабарлар келади.
Ҳужумлар кўп ҳолларда ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига қарши қаратилган бўлади.
Апрел ойи бошида Сергокалин районининг Кадиркент қишлоғида полиция ва исёнчилар ўртасида юз берган отишмада 7 инсон ҳалок бўлганди.
6-мартда эса худкуш ҳужумчи аёл Карабудахкент қишлоғидаги полиция назорат пости ҳудудига кириб ўзини портлатиб юбориши натижасида Ички ишлар вазирлигининг камида 10 нафар ходими қурбон бўлганди.
Феврал ойи ўрталарида куч ишлатиш тизимлари Доғистон ва Чеченистон чегарасида бир гуруҳ исломий жангариларни ўраб олдилар: бир ҳафтача давом этган жангларда ҳуқуқ тартибот идораларининг 13 ходими ҳалок бўлганди.












