Толиблар нима учун ИШИДга қарши?

ИШИД Афғонистонда
Сурат тагсўзи, ИШИД Афғонистонда
    • Author, Довуд Азамий
    • Role, Би-би-си

Афғонистонлик толибларга кўра, улар ИШИДга қарши “махсус кучлар”ни жангга ташлашган.

Икки рақиб гуруҳ ўртасидаги жанглар тобора қонли кечмоқда.

Толибларнинг Афғонистонда жангари гуруҳ ўлароқ “яккаҳокимлигига” ИШИД жиддий таҳдид солаётгани айтилади.

Икки рақиб гуруҳ ўртасидаги бу жангда ким ғалабага эришиши мумкин?

Толиблардаги манбанинг айтишича, бу “махсус кучлар” сафида жангариларнинг сони мингдан ошган.

Улар яхшироқ жанговар тайёргарликдан ўтган ва қуроллари ҳам оддий толибларникидан фарқ қилиши айтилади.

Бу гуруҳнинг ягона мақсади мамлакатда ИШИДни йўқ қилишдир.

Махсус гуруҳга жангариларнинг энг сараси танлаб олинган бўлиб, улар ИШИД фаол бўлган барча минтақалар – Нангарҳор,Фараҳ, Ҳелманд ва Забулда жанг қилишмоқда.

Аммо, манбага кўра, Толиблар бу гуруҳни ИШИД ҳаракатланаётган ҳар бир минтақага жўнатади, қолган жангарилар эса хорижий кучлар ва Афғон қўшинларига қарши курашади.

Ўзбекистонликлар ИШИД қўмондонларими?

ИШИДми ё Толибон

Сурат манбаси,

Сурат тагсўзи, ИШИДми ё Толибон

ИШИД Афғонистонга кирар экан, Толиблар ўз жангариларини бу гуруҳга қарши туришга буйруқ берди.

Айни йўлда “барча имкониятлар” ишга солиниши ҳақида айтилди.

Апрел ойидан бери ИШИД ва Толиблар ўзаро бир неча марта жанг қилишди.

Толиблар ИШИДнинг турфа минтақалардаги “қароргоҳ”ларини ҳужумга тутди.

Афғонистондаги ИШИДга собиқ Толибон жангарилари қатори Покистон ва ўзбекистонлик қўмондонлар раҳбарлик қилишади.

Нангарҳор, Ҳелманд, Фараҳ ва Забулда кечган жангларда ҳар икки томондан юзлаб жангарилар қурбон бўлгани айтилади.

Гарчанд, талофатлар ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса ҳам, октябр ойидан бери Толибларнинг махсус кучлари ўнлаб ИШИД жангариларини ўлдиргани ҳақида хабарлар бор.

ИШИД ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ.

Биргина Нангарҳордаги жангларда ўнлаб толиблар қурбон бўлгани маълум.

Улар Толибларни ҳар имкон бўлган минтақада пистирмадан туриб нишонга олишмоқда.

Шу йил бошларида эса ИШИД 10 нафар толибон жангариларининг бошини танасидан жудо қилган эди.

Июн ойида эса Толибларнинг юқори лавозимли мулозимларидан бири Мавлавий Мир Аҳмад Гул Пешоварда ўлдириб кетилди.

Ишонилишича, бу ҳужумни ИШИД уюштирган.

Ҳозирги пайтда ИШИД мамлакат ғарби ва жанубидан бутунлай сиқиб чиқарилгандай таасурот уйғонади.

Аммо ИШИДнинг кичик гуруҳлари ҳамон Нангарҳор ва Кунар вилоятларида жанг қилишмоқда.

ИШИД шунингдек, мамлакат шимолига ҳам эътиборини қаратган.

Мақсад минтақадаги Ўзбек, Тожик, Чечен ва Уйғур жангарилари билан робитани мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё томон чегараларга осонлик билан дахл қилишдир.

Икки гуруҳ қачон ёвлашди?

"Хуросон"га кўз тиккан Бағдодий

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, "Хуросон"га кўз тиккан Бағдодий

ИШИД “Хуросон” минтақаларида ҳукмронлик даъвоси билан чиқар экан, Толиблар уларга қарши уруш эълон қилди.

Тарихий Хуросон ҳудуди Афғонистон, Покистон, Эрон ва Марказий Осиёнинг айрим минтақаларини қамраб олади.

Бу келиб чиқиши Араб дунёсида бўлган гуруҳнинг илк бор “ҳудудларни кенгайтириш” даъвоси эди.

ИШИД Афғонистон Толибларига қарши курашишга аҳд қилган илк гуруҳ эди.

Муқаддам Ал Қоида раҳбарлари мамлакатга киритилган ва улар Толибларнинг раҳбари “Амирул мўминин” Мулло Муҳаммад Умарга лойиқ “меҳмонлар” деб кўрилганди.

Аммо ИШИД Толибларга очиқчасига қарши чиқди, бу гуруҳ Покистоннинг жосуслик хизмати ISIни қўллаб-қувватлайди дея тарғибот бошлади.

Толиблар эса ИШИДни “муқобил жиҳод жабҳаси”ни очишда айблади.

ИШИД раҳбарига йўлланган очиқ хатда Толиблар “ўз ғалабаларини ҳимоя қилишлари” ҳақида айтди.

ИШИД бир ҳафта ўтиб жавоб қилди.

Унда Ливия, Сурия ва Хуросондаги мухолифлар тилга олиниб, бу гуруҳлар “диний жиноятга” қўл урганликда айбланди.

ИШИД ўз жангариларини “тавба қилмаган ва Халифаликка қўшилмаганларга” нисбатан мутлақо шафқат ва раҳм қилмасликка буюрди.

Вазият Толиблар учун қанчалар жиддий?

Афғонистон Толиблари

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Афғонистон Толиблари

Толибларнинг қудрати ҳеч қачон бошқа бир жангари гуруҳ томонидан бу қадар мухолифликка учрамаган эди.

Ўз бўлган жангариларнинг ИШИДга оммавий қўшилиб кетиш эҳтимоли Толиблар учун энг даҳшатли тушдай бир гап.

Бу эҳтимолнинг олдини олиш учун Толиблар душманга қарши ҳам ғоявий ва ҳам жанговор курашни кучайтиришган.

ИШИД ўз сафига ёллаш учун тажавузкорана усулларни ишга солган.

Бу гуруҳ асосан Толиблар сафидан четлаштирилган ёки қувилган жангариларни ёллаш нишонига айлантирмоқда.

Толиблар ичида Мулло Муҳаммад Умар ўлими эълон қилиниши ва янги раҳбар тайинланиши ортидан юзага келган парчаланиш ИШИД учун айни муддао бўлгани экани айтилади.

Бундан ташқари ИШИД ихтиёридаги молиявий имкониятнинг кўплиги ҳам қўл келмоқда.

Ёш, асосан ишсиз афғонлар ойида 500 АҚШ долларига тенг маош учун айни гуруҳ сафларига кўшилмоқда.

Аммо ИШИДнинг Афғонистондаги фаолияти ва келажаги бевосита унинг Сурия ҳамда Ироқдаги тақдири билан боғлиқдир.

Хабарларга кўра,Толиблар сафидаги аксарият жангарилари ҳозирча кутиб туришни маъқул кўришмоқда.

Айрим жангарилар ИШИД сафига очиқча ўтгач, Толибларнинг қаҳрига дучор бўлишдан чўчишади.

Покистоннинг қудратли армиясидаги унсурлар ҳам бу икки рақиб гуруҳ муҳорабасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

ИШИД Амирликка қарши

Бугун Толибон, эртага...

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Бугун Толибон, эртага...

Айни гуруҳлар бир неча маданий ва ғоявий фарқларга эга.

ИШИД панисломчи ташкилот бўлиб, глобал жиҳод ғоясини тарғиб қилади.

ИШИДга кўра, жиҳоддан мақсад барча мусулмон мамлакат ва ҳудудлардан ягона давлат яратишдир.

Толиблар эса ўз мақсади фақат Афғонистон билан чекланганини урғулайди.

Афғонистонни “хорижий истилочилар”дан тозалаш Толиблар курашининг асосидаги мақсад экани айтилади.

ИШИД раҳбари Бағдодий эса ўзини халифа, ихтиёридаги ҳудудларни халифалик деб эълон қилар экан, ҳамма мусулмонларнинг унга байят келтиришини истайди.

“Хуросон”га аталган видео тарғиботида ИШИД дунёда икки халифа бўлиши мумкин эмаслиги, бир лойиғи топилгач бошқаси йўқ қилишини лозимлигини урғулайди.

Ғояларда ҳам бу икки гуруҳ фарқланади.

Толибон анъанадор диний ҳаракат бўлиб, Ҳанафий мазҳабидаги суннийлардан ташкил топган.

Афғонларнинг аксарияти ҳанафийлардир.

Толиблар сўфийликни инкор этмайди ва шиаларга қарши мазҳабий зўравонликлардан тийилишади.

ИШИД эса ваҳҳобий – салафийлардан ташкил топган, сўфийликка қарши ва шиа мазҳабидагиларни кофир деб санайди.

Дрон ҳужумлари

Дрон ҳужумлари ўнлаб ИШИД жангарилари ўлдирган

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Дрон ҳужумлари ўнлаб ИШИД жангарилари ўлдирган

Афғонистондаги ИШИД жангарилари учун дрон ҳужумлари жиддий муаммога айланган.

ИШИД Хуросон ҳокими деб собиқ Покистон толибларининг қўмондони Ҳафиз Саид Хон ва унинг ўринбосари этиб Абдул Рауф Хадемни тайинлашидан икки ҳафта ўтмай Хадем АҚШнинг дрон ҳужумида қурбон бўлди.

Февралда рўй берган бу воқеа ортидан кўп ўтмай, худди шунга ўхшаш ҳужумда унинг ўрнига тайинланган шахс ҳам ўлдирилди.

Июл ойида ИШИДнинг яна бир кўзга кўринган қўмондони, Покистон толибларининг собиқ қўмондонларидан бири Шаҳидуллаҳ Шаҳид Нангарҳор вилоятида АҚШ ҳаво ҳужумида жонидан айрилди.

Орадан бир неча кун ўтиб эса, Афғонистон хавфсизлик хизмати Ҳафиз Саид Хон ҳам ўзининг 30 нафар жангариси билан шу минтақада, яна АҚШ дрон ҳужумида қурбон бўлганини маълум қилди.

Ўтган йил давомида ИШИДнинг мингдан ортиқ жангариси АҚШнинг дрон ҳужумларида ўлдирилгани айтилади.

ИШИ жангарилари шафқатсиз қатллари билангина эмас, балки ўз мухолифларининг уйларига ўт бериш, молларини талаш билан ҳам ном чиқаришган.

Жанубий ва Марказий Осиёдаги айрим жангарилар ИШИДнинг халифалик ғоясига ошиқ бўлишгани билан, аксарият гуруҳнинг шафқатсиз жанг усулларига қаршидир.

Энди нима бўлади?

Минтақа учун Толиблар ИШИДдан яхшироқми?
Сурат тагсўзи, Минтақа учун Толиблар ИШИДдан яхшироқми?

ИШИДнинг Афғонистонда бўй кўрсатиши Толиблар учун йирик муаммодир.

Аммо айрим соҳаларда Толиблар учун айни гуруҳ “ёрдамчи” ҳам бўлди.

Толиблар минтақадаги бир неча давлатлар билан мулоқотга киришиб, уларга ИШИДни “яқин йўлатмаслик” ваъдасини беришди.

Эрон, Хитой ва Россия каби қудратли давлатлар Толибларга нисбатан сиёсатларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлдилар.

ИШИД эса шундоқ ҳам жангари гуруҳлар кам бўлмаган минтақада анча қийналиб қолгани тайин.

Аммо агар ИШИД Афғонистонда муваффақиятга эришадиган бўлса, бу мамлакатдаги тинчлик жараёнига доир барча умидларни пучга чиқаради.

Кенгроқ минтақада хавфсизлик вазияти ёмонлашади.

Ҳукуматлар ИШИДга қарши ягона режа ишлаб чиқишмас экан, нафақат Афғонистон, балки бутун минтақанинг келажаги анчайин қоронғу кўринади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio