Тожикистонда ИШИД билан боғлиқ ҳукмлар

Сурат манбаси, AP

Тожикистонда "Исломий Давлат" гуруҳининг тарафдорлари экани айтилган етти нафар шахс узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

Хабарларга кўра, улар "жиноий уюшмаларга бош қўшиш", "ошкора конституцион тузумни ағдаришга чорлаш" ва "бошқа давлат ҳудудларида фуқароларни жангари фаолиятларга жалб этиш"да расман айбдор, деб топилишган.

Бу ҳақда хабар тарқатган Тожикистон интернет нашрлари жанубий Хатлон вилояти маҳкамаси вакилининг сўзларига таянишган.

Хабарлардан аён бўлишича, маҳкумлардан бири ҳали вояга етмаган шахс бўлган.

Маҳкама еттовлонни 7 йилдан 27 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этган.

Улар барчасининг Тожикистоннинг Афғонистон ва Ўзбекистон билан бевосита чегарадош Шаҳритус туманидан эканликлари айтилади.

Узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган бу шахслар ҳибсга жорий йилнинг август ойида олинишган.

Бунга уларнинг Исмоил Сомоний ҳайкалига "Исломий Давлат" гуруҳининг қора байроғини илиб кетишгани сабаб бўлган.

Агар, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси вакили келтирган янги рақамларга таянилса, ўтган ярим йил ичида “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган тожик фуқароларининг сони қарийб икки баробарга ортган.

Қўмитанинг Душанбе бошқармаси ходими Баҳриддин Маҳмадовнинг шу кунларда баён қилишича эса, ҳозирга келиб бу рақамлар 700 дан ҳам ортган.

Аммо, Баҳриддин Маҳмадовга кўра, улардан 300 нафари аллақачон ҳалок ҳам бўлишган.

Сурат манбаси, Getty

Агар, унинг сўзларига таянилса, Яқин Шарқдаги қуролли можароларда бевосита иштирок этган 394 тожикистонликка нисбатан 370 та жиноий иш ҳам очилган.

Тожикистон президенти яқинда қилган чиқишларидан бирида ёшларни мўмайгина пул илинжи “Исломий Давлат” сафларига тортаётганини баён қилганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра эса, тожикистонлик фуқаролар кўпроқ Яқин Шарқдаги бу гуруҳнинг глобал исломий халифат қуриш ғоясига учишмоқда.

Бундан ташқари, Тожикистондаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий вазият ва сўнгги йилларга келиб, диндорларга нисбатан кучайиб бораётган турли кўринишдаги босимлар ҳам бу масалада ўз сўзини айтмай қолмаётир, дейишади улар.

Шу йил май ойида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги кутилмаган баёнот билан чиққан: Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган фуқаролари ортга қайтишса, уларни афв этишга ваъда берган, қайтишларига, ҳатто, ўзлари кўмак беришларини ҳам билдирганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Тожикистон четда жанг қилаётган фуқароларига расман афв таклиф қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлади.

Тожикистон яқинда дунёдаги энг қудратли ва бадавлат бу жангари гуруҳни экстремистик ва террорчи, дея эълон қилган.

Унинг фаолиятини ўз ҳудудида расман тақиқлаган.

Шу йил август ойида эса, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон "Исломий давлат" ва бошқа террорчи гуруҳларга алоқадорлиги аниқланган шахсларнинг автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқариб юборилишига оид янги фармонга имзо чекканди.

Сўнгги ойларда Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига бевосита чегарадош Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи ўзининг ҳам анчайин фаоллашгани кузатилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio