Тожикистон: ‘ИШИД чилар сони 700 дан ортган'

Сурат манбаси, APTN
Агар, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси вакили келтирган янги рақамларга таянилса, бу – ўтган ярим йил ичида “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган тожик фуқароларининг сони қарийб икки баробарга ортганини англатади.
Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода шу йил май ойида жорий пайтда Ироқ ва Сурияда бўлган фуқароларининг сони 386 кишини ташкил этишини айтганди.
Аммо вазир жаноблари уларнинг сирасига Сурия ва Ироқдан ташқари, Покистон ва Афғонистонда ҳам жанг қилаётган фуқаролари киришини билдирганди.
Тожикистон Ички ишлар вазири, ўз ўрнида, жангариликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан 150 та жиноий иш очилганини ҳам маълум қилган.
Сурия ва Ироқда ҳалок бўлган фуқароларининг сони 50 нафар эканини ҳам қўшимча қилганди.
Қўмитанинг Душанбе бошқармаси ходими Баҳриддин Маҳмадовнинг шу кунларда баён қилишича эса, ҳозирга келиб бу рақамлар 700 дан ҳам ортган.
Asia-Plus мустақил ахборот агентлиги хабарига кўра, хавфсизлик қўмитаси ходими янги маълумотларни Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган ва ёшлар радикаллашувининг олдини олишга қаратилган халқаро анжуман чоғида ошкор қилган.
Аммо, Баҳриддин Маҳмадовга кўра, улардан 300 нафари аллақачон ҳалок ҳам бўлишган.
Тожикистон Миллий Хавсфизлик Давлат қўмитаси вакилининг чиқишидан маълум бўлишича, “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган 417 фуқароларининг кимлар эканини аниқлашган: Улардан 90 га яқини пойтахт душанбелик бўлиб чиққан.
Агар, унинг сўзларига таянилса, Яқин Шарқдаги қуролли можароларда бевосита иштирок этган 394 тожикистонликка нисбатан 370 та жиноий иш ҳам очилган.
Тожикистон президенти яқинда қилган чиқишларидан бирида ёшларни мўмайгина пул илинжи “Исломий Давлат” сафларига тортаётганини баён қилганди.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра эса, тожикистонлик фуқаролар кўпроқ Яқин Шарқдаги бу гуруҳнинг глобал исломий халифат қуриш ғоясига учишмоқда.
Бундан ташқари, Тожикистондаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий вазият ва сўнгги йилларга келиб, диндорларга нисбатан кучайиб бораётган турли кўринишдаги босимлар ҳам бу масалада ўз сўзини айтмай қолмаётир, дейишади улар.

Сурат манбаси,
Яқинда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги махсус тезкор бўлинмаси (ОМОН) раҳбари полковник Гулмурод Ҳалимов Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи сафларига қўшилган энг юқори мартабали Тожикистон фуқароси бўлганди.
Сурия ва Ироқда жанг қилаётган тожикистонликлар орасида собиқ меҳнат муҳожирлари ҳам оз эмаслиги, уларнинг гуруҳ сафларига Россиядан ёлланганликлари айтилади.
Шу йил май ойида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги кутилмаган баёнот билан чиққан: Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган фуқаролари ортга қайтишса, уларни афв этишга ваъда берган, қайтишларига, ҳатто, ўзлари кўмак беришларини ҳам билдирганди.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Тожикистон четда жанг қилаётган фуқароларига расман афв таклиф қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлади.
Агар, Халқаро Инқироз гуруҳи яқинда эълон қилган маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб, Сурия ва Ироқда жанг қилаётган марказий осиёликларнинг сони икки мингдан-тўрт минг нафаргача бўлиши мумкин. Уларнинг орасида энг кўпини ўзбеклар ташкил этиши айтилади.
Қирғизистон эса, ўз ҳудудида "Исломий Давлат" гуруҳининг фаолиятини расман тақиқланган минтақадаги биринчи давлат бўлганди.
Бунинг ортидан, Тожикистон ҳам дунёдаги энг қудратли ва бадавлат бу жангари гуруҳни экстремистик ва террорчи, дея эълон қилганди.
Шу йил август ойида эса, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон "Исломий давлат" ва бошқа террорчи гуруҳларга алоқадорлиги аниқланган шахсларнинг автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқариб юборилишига оид янги фармонга имзо чекканди.
Сўнгги ойларда Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига бевосита чегарадош Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи ўзининг ҳам анчайин фаоллашгани кузатилади.

Сурат манбаси, BBC World Service
Шундоқ биқинларида кечаётган қақшатқич жанглар Тожикистон томонини ҳам жиддий хавотирга солмай қўймаган, уларни Афғонистон билан ўзаро чегарани янада мустаҳкамлаш учун қатор қўшимча чора-тадбирларга қўл уришга ҳам ундаган.
Аммо ICSR ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг шу йил март ойида эълон қилган расмий маълумотлари 'Исломий Давлат" сафидаги марказий осиёлик жангариларнинг энг катта сондагиси ўзбекистонликлар эканига далолат қилганди.
Давлатлар рўйхатининг юқори 13 талигидан собиқ Шўро Республикалари орасидан фақат Россия ва Ўзбекистон жой олганди.
1.500 та экани айтилган жангариларининг сони бўйича Россия рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган.
"Исломий Давлат" сафидаги "500 нафар жангариси" билан Ўзбекистон энг қуйи ўринда келганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












