Тожикистоннинг биқинида яна қақшатқич жанглар

Афғонистоннинг шимолий-шарқий Бадахшон вилоятидан келаётган бир-бирига қарама-қарши хабарларга кўра, вилоятнинг қўшни Тожикистонга бевосита чегарадош Юмгон тумани яна толиблар ва улар билан бир сафда жанг қилаётган хорижий жангарилар қўлига ўтган бўлиши мумкин.

Агар, туман аҳолиси ва Афғонистон Толибон ҳаракатининг иддаоларига таянилса, Юмгон аллақачон жангариларнинг назоратлари остида.

Аммо, афғонистонлик масъулларга кўра, Юмгонда ҳануз қақшатқич жанглар давом этмоқда ва туман таслим бўлганича йўқ.

Юмгондаги жангларнинг кеча сешанба куни бошлангани, аллақачон туманда Афғонистоннинг бошқа минтақаларидан мадад кучлари юборилгани айтилмоқда.

Тумандаги маҳаллий афғон хавфсизлик кучларига қарши қанча сондаги толиб ва бошқа хорижий жангариларнинг жанг қилишаётганига оид, ҳозирча, аниқ маълумотлар йўқ.

Вилоят масъуллари шу пайтгача Юмгонда жанг қилаётган хорижий жангариларнинг кимликларини ҳам очиқлашмаган.

Шу йил июл ойида ҳам катта сондаги хорижий жангарилар бошчилик қилган қарийб бир ҳафталик қақшатқич жанглар ортидан толиблар Юмгон туманини босиб олишганди.

Ўшанда Бадахшон масъуллари хорижий жангариларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат беришганди.

Бадахшон вилояти ҳокимлиги ҳаводан мадад беришларини сўраб, марказий ҳукуматга мурожаат қилган ва Юмгонни қайтариб олишга қаратилган ҳарбий амалиётлар кунларга чўзилганди.

Афғонистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Юмгонда икки кундан буён давом этаётган сўнгги жангларда бир ҳарбийлари бой беришган. Яна бир нафари яраланган.

Вазирликка кўра, жанглар чоғида жангариларга жиддий талофат етказилган.

Аммо Афғонистон Толибон ҳаракати ва ё-да уларнинг хорижий иттифоқчилари афғонистонлик масъулларнинг бу хусусдаги баёнотларига, ҳозирча, бирор бир муносабат билдиришмаган.

Бадахшон ва жангарилар

Охирги ойларда Афғонистоннинг кўплаб шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлари қаторида Бадахшоннинг ҳам хавфсизлиги жиддий ташвишларга сабаб бўлиб келади.

Яқинда вилоят масъуллари ўнга яқин туман Толибон ҳаракати назорати остига ўтиши мумкинлигидан жиддий хавотир билдиришган ва янги миллий бирдамлик ҳукуматини эътиборсизликда ҳам айблашганди.

Толиблар 2014 йилнинг май ойида ҳам Бадахшоннинг айнан Юмгонини босиб олишган, аммо афғон ҳукумат кучлари туманни яна ўз назоратлари остига қайтаришга муваффақ бўлишганди.

Бадахшон ўтган ой ҳам толибларнинг йирик қонли ҳужумларига саҳна бўлган, бу жангларда ўттиздан ортиқ афғон ҳарбийси ўлдирилган ва бедарак кетганди.

Улардан бир қанчасининг боши танасидан жудо этилгани айтилганди.

Мазкур ҳужум бутун Афғонистон бўйлаб кескин акс-садоларга сабаб бўлган, бунинг ортидан, ҳукуматнинг қатор юқори мартабали мулозимлари Бадахшонга сафар қилишга мажбур бўлишганди.

Ҳам тоғли ва ҳам Тожикистон, Покистону Хитойга бевосита чегарадош экани боис, Бадахшон жангарилар учун ҳам стратегик жиҳатдан муҳим минтақа ҳисобланади.

Сўнгги ойларда Бадахшонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг ҳам анчайин фаоллашишгани кузатилади.

Ўтган йил сентябр ойида Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери Усмон Ғозий эса, яқинда эълон қилган баёнотида ўзларининг Покистондан Афғонистонга тўлиқ ортга қайтганликларини билдирганди.

Орада Афғонистоннинг Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош Имом-Соҳиб, Ғўрмоч ва Хамоб каби қатор шимолий-шарқий туманлари ҳам бир муддат Толибон ва улар хорижий иттифоқчиларининг назоратлари остига ўтган, афғон ҳукуматининг уларни қайтариб олиши эса, осон кечмаганди.

Минтақа ва хавотирлар

Сурат манбаси, MoD

Афғонистоннинг шимоли ва шимоли-шарқидаги бу каби вазият яқинда Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россиянинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлганди.

Россия Ташқи ишлар вазири, ҳатто, расмий баёнот билан чиқиб, афғон ҳукуматини минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун хос чора-тадбирлар кўришга ҳам ундаганди.

Минтақадан олинган хабарларга кўра эса, ўзларига бевосита чегарадош Қундуз ва Бадахшондаги сўнгги ойлардаги вазият Тожикистон ҳукуматини мустақиллик даврида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл уришига ҳам сабаб бўлган.

Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили, ҳатто, куни-кеча жангариларнинг Тожикистонга бостириб кириш эҳтимолларини ҳам назардан соқит этмаганди.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Толибон ҳаракатининг қадами Афғонистонда қудратда бўлган 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида ҳам Бадахшонга бу қадар етмаган.

Худди шу боис ҳам, минтақавий таҳлилчиларга кўра, Юмгондаги сўнгги ютуғи толиблар ва иттифоқчилари учун стратегик жиҳатдан муҳим. Ҳамда уларга янги жанг жабҳасида ўз мавқеъларини мустаҳкамлаб олишга кўмак беради.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон Толибон ҳаракатининг мамлакат шимоли-шарқидаги сўнгги ютуқлари Мулла Ахтар Муҳаммад Мансурнинг янги лидер этиб тайинланиши ва бу толиблар сафларида жиддий парокандаликка сабаб бўлганига оид хабарлардан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Ҳаракатнинг илк ва узоқ йиллик раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг июл ойида бундан икки йил бурун қазо қилгани маълум бўлган, аммо унинг қандай шароитда ҳаётдан кўз юмгани очиқланмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio