Тожикистон: ‘Жангариларнинг ёриб ўтишларига йўл қўйилмайди’

Тожикистонлик юқори мартабали мулозимларга кўра, Афғонистондаги жангариларнинг ўз ҳудудларига ёриб ўтишларига йўл қўйилмайди ва ўзаро чегарадаги вазият тўлиқ назорат остида.

Уларнинг айрим маҳаллий журналистларга айтишларича, бу хусусда Афғонистон раҳбарияти билан аллақачон гаплашиб олишган ва афғон томони ўзларини Қундуз муаммоси тез орада ҳал бўлишига ишонтиришган.

Тожикистонлик масъулларнинг сўзлари Афғонистон ҳарбийлари Америка кучларининг кўмаги остида Қундуз шаҳрини яна ўз назоратлари остига олишга уринаётган бир манзарада янграган.

Юзлаб Толибон жангарилари кеча душанба куни Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни Қундуз вилоятига турли томондан ҳужум қилишган ва бир куннинг ўзида унинг маркази Қундуз шаҳрини босиб олишганди.

Бу – толибларнинг қўшни Афғонистонда ўз тузумлари ағдарилиб, янги афғон ҳукумати қудратга келган ўтган 14 йил ичида қўлга киритган биринчи вилоят маркази бўлганди.

Тожикистонлик масъуллар билан бу хусусда суҳбатлашишга муваффақ бўлган маҳаллий журналист Искандар Фирузнинг айтишича, улар тез орада афғон ҳукумати Қундуз устидан ўз назоратини қайта ўрнатади, деган умиддалар.

“Мен Тожикистоннинг Афғонистонга чегарадош туманларидаги айрим аҳоли вакиллари билан ҳам гаплашдим. Одамларнинг айтишларича, чегара ҳудудларида у қадар катта безовталик кузатилмайди. Аммо, уларга кўра, туни билан Қундуз томондан отишма садолари қулоқларига чалинган. Маҳаллий аҳоли портлаётган ракеталарга ҳам гувоҳ бўлган”, - дейди журналист.

Суҳбатдошимизга кўра, Қундуз вилояти ҳокимининг жанглардан қочиб, Тожикистондан бошпана топганига оид хабарлар ҳам, ҳозирча, расман ўз изоҳини топмаган.

Қундуз

Сурат манбаси, Reuters

Қундуз – ҳам Афғонистон ҳукумати ва ҳам исёнчилар учун стратегик жиҳатдан муҳим вилоят саналади.

Вилоят Марказий Осиёга боғланиб кетувчи муҳим транзит йўлида жойлашган ва Афғонистон шимолидаги энг муҳим Шер Хон бандаргоҳига эгалик қилади.

Худди шу боис ҳам Қундуз - Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги муҳим нақлиёт марказларидан бири сифатида кўрилади.

Маҳаллий ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Қундуз билан бирга яна шимолий Фарёб вилоятининг жангарилар қўлига ўтиши – афғон ҳукумати учун мамлакатнинг шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларига йўлнинг ёпилишини англатади.

“Бошқа томондан, Қундуз – Афғонистоннинг ғалла, гуруч ва бошқа муҳим қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи энг муҳим вилоятларидан саналади. Худди шу боис ҳам, ўз назоратлари остига олишса, Қундуз толиблар ва уларнинг иттифоқчилари учун янги таъминот манбасига айланади”, - дейди, жумладан, Афғонистон шимолидан ҳарбий таҳлилчи Муҳаммад Аъзамий Қочмас Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, 2001 йилга қадар Қундуз Толибон ҳаракатининг Афғонистон шимолидаги муҳим ва энг сўнгги истеҳкомларидан бири бўлган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, агар, ҳозир тўлиқ босиб олишга муваффақ бўлишса, Қундуз – асосан Афғонистон жанубидан бошпана топиб келган Толибон жангарилари учун мамлакат шимолидаги муҳим янги база вазифасини ўтайди ва уларнинг айнан ўша ердан туриб ўз амалиётларини уюштиришларини осонлаштиради.

Қундузни ғарб, жануб ва шимолдан магистрал йўллар Мозори Шариф, пойтахт Кобул ва Шер Хон бандаргоҳи билан боғлаб туради.

Вилоят маркази бўлган Қундуз эса, Афғонистоннинг бешинчи йирик шаҳри ҳисобланади ва аҳолисининг сони 300.000 дан ортиши айтилади.

Тожикистон ва Қундуз

Сурат манбаси, Getty

Тожикистон билан бор-йўғи биргина Панж дарёси ажратиб турган Қундуз Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланган вилоят бўлади.

Шу йил май ойида ораларида хорижий жангарилар ҳам борлиги айтилган юзлаб толиблар Қундузнинг айримлари Тожикистон билан бевосита чегарадош тўрт туманида қарши ҳужумга ўтишган, бунинг ортидан жанглар қақшатқич тус олганди.

Қундуздаги жанглар, ҳатто, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ҳиндистонга сафарини кечиктириши, юзага келган вазиятни АҚШ ҳарбийлари билан муҳокама этиб олишига ҳам сабаб бўлганди.

Орада бутун Афғонистондан Қундузга минглаб қўшимча аскарлар ташланган, юздан ортиқ танк ҳам киритилган. Аммо, қундузлик масъулларга кўра, шунда ҳам, исёнчиларни даф этишлари осон бўлмаган, жанглар бир неча ҳафтага чўзилган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу – Толибон ҳаракатининг Афғонистондаги “Исломий Давлат” гуруҳи аъзолари экани айтилаётган жангарилар билан иттифоқчиликда илк бор уюштирган ҳужумлари бўлганди.

Маҳаллий масъуллар эса, ҳозир Афғонистон шимоли ва шарқида ўтган йил ноябр ойида Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳига расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати яна қайта фаоллашишга муваффақ бўлганини айтишади.

Бунгача аксарият минтақа давлатлари, ҳатто, Россия ҳам Афғонистондаги вазият худди Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ошкора хавотир билдириб келишаётганди.

Қундуздаги жанглар эса, бу яқин йиллар ичида Марказий Осиёнинг шундоқ биқинида кечаётган илк давомий ва кенг кўламли жанглар бўлади.

Афғонистонлик масъуллар, ҳатто, Қундузнинг ўзи ҳам бу яқин ўн йиллар ичида бу каби катта таҳдидга рўбарў келмаганини айтишади.

Муносабат

Сурат манбаси, Getty

Ўзларига бевосита чегарадош Афғонистоннинг Қундузидаги вазият сўнгги ойларда Тожикистон томонини ҳам бефарқ қолдирмай келади.

Хабарларга кўра, Толибоннинг илк ҳужумлари ибтидосидаёқ чегарадаги вазият ўз назоратлари остида эканини айтиб келаётган Тожикистон бор-йўғи бир неча куннинг ўзида қўшимча хавфсизлик чораларига қўл урган.

Тезликда Афғонистон билан давлат чегарасида қўшимча ҳимоя чизиқларини яратган, чегарага яқин туманларга Тожикистоннинг бошқа минтақаларидан катта сондаги қўшимча ҳарбийларини сафарбар этган. Афғонистон билан бевосита чегарадош минтақаларида қатор йирик ҳарбий ўқув машқлари ҳам уюштирган.

Бу ҳарбийлар чегарадаги ҳар қандай эҳтимолий вазиятга шай аҳволда эканликлари, умумий сонларининг ўн мингдан ортиши айтилади.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса, орада мамлакат куч тизимлари вакиллари билан учрашган.

Агар, лозим бўлса, Афғонистон билан чегара ҳимояси учун барча захираларни ишга солиш, эҳтиёж туғилса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан кўмак сўрашлари ва бунга қўшимча, 201-сонли Россия ҳарбий бўлинмаси ёрдамидан ҳам фойдаланилиши мумкинлигини айтганди.

Маҳаллий журналистларга кўра, ўтган ўн йиллар давомида бу каби ҳолат кузатилмаган.

Аммо Қундуздаги воқеаларнинг сўнгги ривожига, ҳозирча, расмий Душанбе бирор бир муносабат билдирмаган.

Афғонистонда жойлашган толибонпараст "Исломий Жиҳод Иттиҳоди" ўзбек жиҳодий гуруҳи эса, куни-кеча баёнот билан чиқиб, "Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларни назорат қилаётганликлари", ўз мужоҳидлари "Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилаётгани"ни иддао қилганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Марказий Осиёнинг шундоққина биқинидаги воқеаларнинг бу каби ривожи катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари афғон можаросига на-да дипломатик ва на-да ҳарбий йўлда ечим топмай, Афғонистонни тарк этиб бўлган бир йилда кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio