Эмомали Раҳмон Миллий Бирлик куни мухолифат ва матбуотни огоҳлантирди

Эмомали Раҳмон тобора қаттиққўл бўлиб бораётгани айтилади

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, Эмомали Раҳмон тобора қаттиққўл бўлиб бораётгани айтилади

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга кўра, мамлакатда миллий бирлик ғояси сиёсий ва фирқавий манфаатлардан устун бўлиши керак.

Президент Раҳмон бу ҳақда мамлакатда фуқаролар урушига нуқта қўйган шартнома имзоланиши ортидан эълон қилинган Миллий Бирлик кунида гапирган.

“Сиёсий фирқалар, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги вазиятни баҳолашда эҳтиёткор ва мулоҳазакор бӯлиб, мустақиллик, миллий манфаатларни ҳимоя этиш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш жараёнида фаол иштирок этишлари лозим”, деб айтган Тожикистон президенти.

Президентнинг айни чиқиши сўнгги йиллар тобора қаттиққўл ва авторитар бўлиб бораётган ҳукуматдан мухолифат ва эркин матбуотга яна бир бор огоҳлантириш ўлароқ қабул қилинмоқда, дейди Би-би-сининг минтақадаги мухбири.

Кузатувчиларнинг фикрича, Тожикистон президенти миллий ярашув ва бирлик борасида гапирар экан, айни дамда ҳукумат мухолиф фирқалар, нодавлат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларига босимларни кучайтирмоқда.

Босимлар кучаймоқда

"Ҳукумат босимларни тўхтатиши керак!.."

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, "Ҳукумат босимларни тўхтатиши керак!.."

Ўтган ҳафта Тожикистон хавфсизлик қўмитаси раиси Саймӯмин Ятимов Душанбе шаҳрида бӯлиб ӯтган халқаро конференцияда " хорижий жосуслик хизматларини нодавлат ташкилотлар орқали Тожикистон вазиятини беқарор қилиш ҳаракатида эканини" айтиб танқид қилди.

Шунингдек, Канаданинг Торонто шаҳри университети сиёсий масалалар бўйича тадқиқотчи олиб, Тожикистон фуқароси Александр Содиқов Тоғли Бадахшон вилоятида хавфсизлик органлари томонидан “жосуслик” айблови билан қӯлга олинди.

Хавфсизлик қўмитасининг баёнотига кӯра, жаноб Содиқов Душанбедаги хорижий жосуслик хизматлари томонидан минтақадаги вазият борасида маълумот йиғиш ва мухолиф қўмондонлар билан учрариш мақсадида Тоғли Бадахшон вилоятига юборилган.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқларни ҳимоя этиш ташкилотларининг талабларига қарамай олим ҳамон тутқунликда қолмоқда.

Тожикистон ҳукуматига йирик ва асосий мухолиф куч, ҳамда 1997 йилда имзоланган тинчлик битимининг иккинчи муҳим томони саналган Ислом Уйғониш партиясига нисбатан босимлар кучайиб кетган.

Шу ой жанубий Тожикистондаги Кӯлоб шаҳрига ёшлар билан учрашиш мақсадида сафар қилган партия раҳбари Муҳиддин Кабирий бир неча ёш йигитлар ва аёллар томонидан ҳужумга учраган.

Улар Кабирий жанобларининг машинаси томон тухум ва помидор отишган.

Айни жараённи видеога олаётган партия аъзоси эса калтакланган.

Ислом Уйғониш партиясининг Хўжанд ва Панжакент шаҳарларидаги идоралари мулозимлар томонидан бузиб ташланган.

Жаноб Кабирий Тожикистон ҳукуматининг Миллий Бирлик байрами арафасида бундай амалларини қоралаб, расмийларни ҳукумат ва мухолифат ўртасида имзоланган тинчлик битими ва мамлакат қонунларига риоя қилиш, ҳамда мухолиф фирқа фаолиятига тӯсқинликни тўхтатишга чақирган.

Унинг таъкидлашича, ҳукумат нафақат мазкур битимдаги мухолифат вакилларига давлат идораларида вазифалар бериш ва мухолифатнинг собиқ жангчиларини афв этиш талабларини тӯла бажармаган, балки мухолифат партияга мамлакат қонунлари доирасида эркин фаолият кўрсатишига ҳам қаршилик қилмоқда.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02