Интернет орқали кимлар кўпроқ хавф солади: экстремистларми ва ё 'Шайтон издошлари'?

    • Author, Тўлқинбек Турдибоев
    • Role, Би-би-си, Бишкек

Қирғизистон махсус хизматлари интернетдан орқали келаётган терроризм ва экстремизм хавфидан огоҳлантирмоқда.

Расмийлар мамлакатда ноқонуний фаолият қилувчи диний ташкилотлар одатдаги усулларидан фарқли равишда энди ўз ғояларини тарғиб қилишда интерентдан фойдаланишаётгани ҳамда ёшлар орасида ўз тарафдорлари сафини оширишга уринишаётганини айтишади.

Айни пайтда ахборот технологияларини тўла назорат қилиш имконсиз экани ҳам эътироф этилади.

Ким кўпроқ хавф солади

Қирғизистонлик ёшлар кўпчилиги виртуал саҳифаларда асл исм-шарифларини ўзгартириб киришади.

Масалан, ўзини Ойбек Бараташвили дея танишган интернет истеъмолчиларидан бири Facebook, Twitter ижтимоий тармоқларида ўз фикрлари билан фаол иштирок қилади.

Унинг айтишича, у яқинда Гуржистондаги ислоҳотлар натижаларини ўз кўзи билан кўриб қайтгани боис ўзига гуржича тахаллус олган.

Ойбек Бараташвили "Қирғиз ёшлари маданий маркази" деб номланган виртуал ташкилотлардан бирига раҳбарлик қилади:

-Қирғизистонлик аксарият ёшлар учун аввало Интернетдаги маориф, кўнгилочар ва танишув саҳифалари қизиқ. Лекин, сўнгги пайтда ижтимоий тармоқларда қарама-қарши фикрлар алоҳида кўзга ташланади.

Шу борада Ойбек уз шахсий тажрибасидан хам айтиб берди:

- Бир воқеани айтиб берай. Ўз хусусий саҳифамга ярим-ёрти яланғоч аёлнинг суратини жойлаштирдиму, ёнига ўз фикримни ёздим. Шундан сўнг, менга шундай ҳужумлар бошландики, кўраверинг. "Мусулмонларда унақа қилинмайди, бунақа ёзилмайди", - деб, ҳатто пўписалар ҳам қилишди. Яна бир гал интернет саҳифамга "Ялонғоч Маха" деган лақаб билан таниқли бир рассомнинг машҳур суратини жойлаштирдим. У суратга қарши ҳам нималар дейилмади, дейсиз. Афсус, лекин анча бир одамлар санъат билан ахлоқсизлик, разолат фарқини ажрата олишмайди экан. Худди шундай ҳодисаларни виртуал экстремизм аломатлари, дейиш мумкин, - дейди Ойбек Бараташвили.

Интернет истеъмолчилари айтишларича, интернетнинг KG минтақасида ҳаддан ошган миллатчилик, ўта мутаассиблик ҳам кўзга ташланади экан. Ўзини Мирзагул деб таништирган бир талаба қиз бу ҳақда қуйидагиларни айтади:

- Мен пойтахт Бишкекдаги Қиргиз-Славян университетида ўқийман. Хавфли тармоқлар сирасига Россияда ташкил қилинган Қирғизистон ёшларига ҳам яхши маълум бўлган "Сатанистлар", яъни "Шайтон издошлари" каби веб саҳифаларини қўшса бўлади. Ўшалар орасида, ҳатто ўз жонига қасд қилиш усулларни ўргатувчи саҳифалар ҳам бор. Мазкур интернет саҳифалар ёшлар учун қизиқарли, лекин нормал ҳолатдаги одамлар учун бундай қизиқиш тушунарли эмас, - дейди Мирзагул.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи Эмил Жиянбековнинг айтишича, ноқонуний ташкилотлар ўз ишлаш услубларини даврга мослаштириб, ўзгартирган:

- Сўнгги пайтларда мамлакатда тақиқланган экстремистик ва террористик, ноқонуний дейиладиган гуруҳлар аъзолари кўпроқ ва жиддий бир шаклда интернет имкониятларидан фойдаланишмоқда. Энди бу ташкилотлар оддийгина варақалар тарқатишмайди, улар ўз тарғибот-тшавиқот ишларини интернет орқали амалга оширишмоқда, - дейди Эмил Жиянбеков.

Таҳлилчилар виртуал дунёни бутунлай назорат остига олиб бўлмаслигини айтадилар.

Ва интернетдан қандай маълумот олиш ва ундан қандай фойдаланиш истеъмолчиларнинг ўзларига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Интернет фаоли Ойбек Бараташвилининг фикрича, виртуал дунё ривожланиши - ён бермайдиган жараён ва уни бутунлай маън этиб ҳам, батамом тақиқлаб ҳам бўлмайди:

- Мен интернет саҳифаларидан университетда йўқ маълумотларни оламан. Масалан, бизнинг марказимизда турли видео-тасвирларни тайёрлаш билан бандмиз. Лекин, уларни ишлаб чиқариш усулларини мен фақат интернетда ўргандим. Айни дамда интернетга боғланган бўлсангиз, барча нарса ҳақида бир неч дақиқада ўзингизга керак ахборотларни топа оласиз. Истасангиз, чет тилларини ҳам виртуал олам орқали ўрганаверасиз. Аммо, шу билан бирга тўппонча ёки портловчи воситаларни қандай ясаш усулларини ҳам худди шу ердан ҳеч бир қийинчиликларсиз ўрганишингиз мумкин, дейди Ойбек.

Қирғизистон интернет тармоқларига боғлиқ хавфсизлик ва виртуал дунёни назорат қилиш масаласи кўпдан беори муҳокама қилиб келинади.

Лекин, давлат муассасалари бу борада ҳали бирон бир жиддий таклиф билан чиқмаган.

Шарҳловчиларга кўра, беш миллион аҳолиси бор ушбу мамлакатда интернет истеъмолчилари сони тахминан икки миллиондан ортиқни ташкил қилади.