Марказий Осиёда қадимда учар гиламлар бўлганми?

Афсонавий мўъжизалар ҳақида тадқиқот олиб бораётган ёзувчи Кейти Фитзжеральд бир кун интернетда Эрондаги музей вебсаҳифасига кириб қолади.
Унда муғуллар истилосига қадар Марказий Осиёда учар гиламлар кашф қилингани ҳақида ёзилганди.
"Ҳали Сулаймон Шоҳ даврида кашф этилган учар гиламлар 11 асрга келиб, ҳақиқий санъат даражасига кўтарилади" - деб ёзади бу мақола муаллифи Азҳар Обидий -"Учар гиламлар ҳарбий ва тижорий мақсадларда, баъзан юкларни ташиш учун ҳам қўлланилган. Искандариядаги машҳур кутубхонада эса китобхонлар уларда ўтириб, баланд китоб жавонларини оралашган". Эрон музейи вебсаҳифасидаги мақолада битилишича, француз тадқиқотчиси Ҳенри Бак қадимий афсона остидаги ҳақиқатни Эронда топади. Олим Каспий денгизи соҳилидаги Аламут қалъаси ертўласида эски битикларга дуч келади. Бу номалар 13 асрдаги яҳудий олим Изҳоқ Биншарира қаламига мансуб эди.
Мазкур битикларда "Минг бир кеча" эртакларидаги учар гиламлар остида қанчалик ҳақиқат ётгани ҳақида ёзилганди.
Шарқ эртакларидаги девлару парилар, сеҳрли чироқ ё учар гиламлар асрлар давомида инсонларни мафтун этиб келган. Аммо ёзувчи Кейти Фитзжеральд бу эртаклар замирида қанчалик ҳақиқат борлигини тадқиқ этишга киришади.
Аммо Ҳенри Бакни топиб бўлмайди. Бироқ учар гиламлар борасида мақола ёзган муаллиф - Покистонда туғилиб ўсган, бугун Австралияда яшаётган Азҳар Обидийнинг дараги чиқади.
"Учар гиламлар ҳали Сулаймон Шоҳ даврида кашф қилинган, лекин Бағдод халифалиги гуллаб яшнаган ва Исломий илм-фан тараққий этган 11-12 асрларда ушбу кашфиёт санъат даражасига кўтарилган" - дейди ёшлигидан ҳинд ва форс эртакларидаги учар гиламларга ошуфта бўлиб вояга етган Азҳар Обидий.
Аламут қалъасидан топилган битикларда қайд этилишича, учар гиламнинг оддийсидан фарқи уни бўяш жараёнига боғлиқ. "Гиламдўзлар шундай рангли қоплама кашф қилишадики, қаттиқ қизитилган пайти у ернинг тортиш кучини енга олади. Хуллас, шу асно гилам ердан кўтарилади" - дейилади Биншарира қўлёзмасида.
Илм-фан ва учар гилам
Илмий жиҳатдан олганда, учар гиламлар қанчалик ҳақиқат бўлиши мумкин? Сейнт Эндрьюз университетида квант кўтарилиш бўйича мутахассис профессор Олф Леонҳардтга кўра, ашёларни ердан кўтариш аслида қийин иш эмас.
"Бу учун муайян кучларнинг ашёларни ўзига торта олиши ёки итаришига эришиш зарур. Шиша мисолида буни тажриба қилса бўлади. Натижада бир бирига ёпишган нарсалар бир бирини итаради" - дейди Олф Леонҳардт - "Оҳанрабо майдонида ашёларни ҳавода муаллақ тутиш ҳам мумкин. Биласизми, аслида бу учун оҳанрабо майдони ҳам шарт эмас. Оддий бўшлиқда ҳам ашёларни муаллақ тутиш имкони йўқ эмас".
Профессор Леонҳардтга кўра, мўъжизавий кўринишлар қанчалик ғайритабиий туюлмасин, аслида табиат қонунларига зид эмас. Олим ҳозир фазодаги қора ўпқонларни яратиш ва кўринмас одамни кашф қилиш имконлари устида иш олиб бормоқда.
"Мен илмий фаолиятимни хаёлотни тадқиқ этишга бағишлаганман" - дейди Олф Леонҳардт.
Каспий денгизи бўйидан топилган қадимий қўл ёзмада таъкидланишича, Чингизхон кучлари Марказий Осиёга келгач, аксар шаҳарларни ер билан яксон этишади ва хазиналарни талашади.
Талон-тарож пайти муғуллар учар гиламларни ҳам топиб оладилар. Чингизхон гиламларнинг барчасини ёқишга фармон беради. Аммо биттасини олиб қолади. Саркарда қазоим етса, бу гиламни майитим ёнида дафн этасиз, деб фармойиш беради.
Бугун Чингизхонинг қабри қаердалиги номаълум қолаётгани боис, бу битиклар ҳам энди учар гиламлар жумбоғига калит бўла олмайди.
Аммо нима бўлганда ҳам, форсу ҳинд, ўзбегу араб эртакларидаги учар гиламлар хаёлот ва ҳақиқат қоришмаси сифатида ҳали кўпчиликни ўзига ром этиб қолаверади.












