Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол қирғизистонлик зиёлиларга мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол Қирғизистон зиёларига мурожаат қилиб, ўтган июн ойида мамлакат жанубида ўз берган миллий зўравонликларга бефарқ қарамасликка чақирган.
Шоирга кўра, Ўш ва Жалолободда кечган ҳодисалар - одамларнинг тириклай ёқиб юборилгани, кексалар, болалар ва аёлларнинг аёвсиз ўлдирилгани ҳамда қиз-жувонларнинг жинсий зўрлангани каби даҳшатли ҳоллар ўзбекистонликларни ўта қайғуга солган.
Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғиз ва ўзбек жамоалари ўртасида юз берган этник тўқнашувларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлган ва минглаб уй-жойлар вайрон этилган эди.
Иккала миллатдан ҳам қурбонлар бўлган, бироқ кўплаб халқаро кузатувчиларнинг ишонишича, қурбонларнинг аксари ўзбеклардир.
Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолнинг мурожаати ҳодисалар ортидан ҳибсга олишлар, қийноқлар ва адолатсиз маҳкамалар кучайгани хабар қилинаётган бир пайтда янграмоқда.
У Қирғизистон жанубида кечган хунрезликлар ва ундан кейин юз бераётган ҳодисалар юзасидан қирғизистонлик маданият арбобларини огоҳликка чақираётган илк ўзбекистонлик зиёлидир.
Бундан олдин бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёлилар БМТ, Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ва бошқа ташкилотлардан Жалолобод, Ўш, Сузоқ қамоқхоналарида "азоб чекаётган" Усмонжон Аблазов, Улуғбек Абдусаломов ва бошқа ўнлаб қирғизистонлик ўзбекларнинг озод этилишини Қирғизистон ҳукуматидан талаб қилишни сўрашганди.
Ўзбекистон Қирғизистон жанубидаги бир неча кунлик миллий низолардан қочиб ўтган юз мингга яқин қирғизистонлик ўзбек қочқинларини муваққат бошпана билан таъминлаган.
Аммо, Қирғизистондаги воқеалар бутун жаҳон матбуоти диққат марказида бўлиб турган бир пайтда қўшни Ўзбекистонда матбуот ушбу миллий низолар ҳақида сукут сақлагани хабар қилинганди.












