Россиялик милиция ходимлари ўзбек муҳожирининг ўлимида айбланмоқда

Милиция ходимлари ўзбекистонлик муҳожирнинг ҳамкасблари томонидан қатл этилишини томоша қилиб туришган
Сурат тагсўзи, Милиция ходимлари ўзбекистонлик муҳожирнинг ҳамкасблари томонидан қатл этилишини томоша қилиб туришган

Хабаровскда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини ўлдирган милиция ходимлари ҳибсга олинган, зўравонликни четдан кузатиб турган яна бир неча ходим ишдан бўшатилган.

"Известия" рўзномасининг ўлка прокуратураси мулозимидан иқтибос келтиришича, икки милиция ходими Хабаровск вокзали олдидаги одамлар билан гавжум майдонда ўзбекистонлик Қаҳрамон Сапаевни ҳибсга олиш чоғида куч ишлатган.

Сапаевнинг Россиядаги қайди муддати ўтиб кетгани боис милиция ходимлари ички ишлар идорасига олиб кетишади.

Кейинроқ у ерга хабар олиш учун борган Қаҳрамон Сапаевнинг акаси Акбар унинг қийноққа солинаётганига гувоҳ бўлган.

Милиция ходимлари ўзбекистонлик муҳожирга электрошок қўллашган ва шафқатсизларча дўппослаганлар.

Тергов маълумотларига кўра, Акбар Сапаев жигарини ўлимдан асраб қолиш мақсадида шиша банкани синдириб, унинг парчасини томоғига тирайди ва ўзини ўлдириш билан таҳдид қилади.

Шунда милиционерлардан бири тўппончасини олиб, Акбар Сапаевни отиб ташлайди.

Итар-Тасс хабар агентлигининг тергов вакилларидан иқтибос келтиришича, ҳодиса чоғида милиция таянч пунктида бўлган ходимларнинг биронтаси жиноятнинг олдини олишга ҳаракат қилмаган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини учта ўқ билан отиб ўлдирган милиция сержантига нисбатан Россия Жиноят кодексининг одам ўлдириш ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш бандлари билан айблов эълон қилинган, иккинчи ходим эса мансаб ваколатларини суистеъмол қилганликда айбланмоқда.

Хабаровск ўлка Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Константин Носков душанба куни ҳодисада омон қолган Қаҳрамон Сапаев ва унинг яқинларидан қўл остидагиларнинг ҳаракати учун расман кечирим сўраган.

Ҳар йили ўнлаб ўзбекистонликлар Россияда ирқчилик ҳужумларининг қурбони бўлишади.

Меҳнат муҳожирлари Россия милициясининг ўзларига нисбатан ноқонуний ҳаракатларидан ҳам шикоят қиладилар.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/