Z ҳарфисиз ва аксилуруш митинглари билан. 9 май Марказий Осиёда Rossiya 9 may Ўзбекистон

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Наргиза Рисқулова
- Role, Би-би-си
Украина уруши Марказий Осиё мамлакатларини ноқулай аҳволга солиб қўйди: бир томондан Россияга иқтисодий қарамлик ва иккинчи тарафдан халқаро изоляцияга тушиб қолмаслик истаги урушни қоралашга ҳам, Москванинг ҳаракатларини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлашга ҳам имконият бермаяпти. Би-би-си минтақа мамлакатлари қандай қилиб ҳам уруш рамзларини ва ҳам урушга қарши намойишларни тақиқлаш билан бетараф мавқеъни эгаллашга ҳаракат қилаётганига назар ташлайди.
Қозоғистон: "Иккинчи Лукашенко бўлмаслик"
Россиянинг Украинага босқини Россия билан энг чўзилган чегарага эга Қозоғистонда энг кўп хавотирларни юзага келтирди. Охирги йилларда - республикада қозоқ тилининг мавқеъини ошириш интилишлари манзарасида Россия расмийлари ва давлат оммавий ахборот воситалари Қозоғистонни русларни камситишда айблай бошладилар.
Урушнинг еттинчи куни Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон нейтралитетни сақлаши ҳақида гапирди ва томонларни музокарага чақирди. Расмийлар 6 март куни Олма-Ота шаҳрида аксилуруш митингини ўтказишга рухсат бердилар, бироқ кейинги тадбирлар учун рухсат олинмагани эълон қилинди.
Март ойининг бошида Қозоғистон БМТнинг Россиянинг Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетиш талаби илгари сурилган резолюциясида овоз беришдан бош тортди, аммо орадан кўп ўтмай, ўзларини мустақил деб эълон қилган Луганск ва Донецк республикаларини тан олмаслигини эълон қилди.

Сурат манбаси, ALEXEY NIKOLSKY/AFP
Апрель ойининг охирида эса Қозоғистон раҳбариятини анъанавий 9 май ҳарбий парадини ўтказмасликка қарор қилди, буни парадга сарфланадиган маблағни мудофаа мақсадларига йўналтириш афзаллиги билан изоҳлашди. Ўзи охирги ҳарбий парад 2019 йили ўтказилган, ундан кейинги икки йилда уни коронавирус туфайли бекор қилишга тўғри келди.
Қозоғистон раҳбариятининг ҳарбий парадни ўтказмаслик қарорини Россида эътиборсиз қолдиришмади: телебошловчи Тигран Кеосаян ўзининг "қозоқ биродарлари"га мурожаатида буни "ношукурлик" деб атади.
Шу йил январида Россия ўзининг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотидаги шериклари билан бирга Президент Қасим-Жомарт Тоқаевни қўллаб юбордилар: аксилҳукумат протестлари ва тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида Қозоғистонга аскар ва ҳарбий техникаларини юбордилар.
"Россияда Қозоғистоннинг Россия олдидаги қарздорлиги мавжудлиги ҳақидаги хавотир пайдо бўлди, ҳозир бу нарса Россиядаги иғвогорона пропагандист майдонларда кўзга ташланаяпти", дея қайд этади қозоғистонлик политолог Досим Сатпаев.
"Ҳозир Ғалаба кунини байрам қилиш - ўзингники ёки бегонани таниб олиш сигнали, - деди Кеосаян. - Мен жуда умид қиламан, бизнинг давлатимиз бундай сигналларни беэътибор қолдирмайди".
Кўплаб қозоқлар бу мурожаатни таҳдид деб қабул қилдилар, айримлар бунга жавобан Россияни босқинчи деб атаб, Украинага ўз дастакларини изҳор этдилар. "Биз сизга кичкина укангиз эмас, биз сизга биродар халқ эмасмиз", - деди ўзининг видеомурожаатида қозоғистонлик блогер ва Тогжан Кожалиева.

Сурат манбаси, Getty Images
"Қозоғистонда ҳали уруш бошланмасидан олдин аксилпутин ва аксилевроосиё кайфияти мавжуд эди, - дейди Досим Сатпаев. - Давлат ўтказган сўровлар бошқача натижани кўрсатган бўлса ҳам аҳолининг аксар қисми ЕАЭСга аъзо бўлиб киришга қарши чиққан эдилар".
Қозоғистонда аксилуруш митинги ташкилотчиларига рад этилаётган бўлса-да, урушни очиқчасига дастаклаётганларга ҳам танқидий қараш мавжуд. Мисол учун, ДАН автомобилга ёпиштирилган Z ҳарфи учун эгаларини жаримага тортмоқда, буни транспорт воситасини бошқариш қоидасини бузиш билан тушунтирилмоқда.
"Бу(Россия амалларини билвосита маъқулламаслик) Тоқаев учун Ғарб кўзи олдида ўзини реабилитация қилиш ва Кремлдан мустақиллигини намойиш этиш имконияти, - деб ҳисоблайди Сатпаев. - У дипломат ва унинг учун иккинчи Лукашенко эмас, "қўл бериб кўришиладиган сиёсатчи" сифатида қолиш ўта муҳим".
Қирғизистон: бўлинган фикрлар
Қирғизистонда ҳам машинага ёпиштирилган Z ҳарфи учун жаримага тортишмоқда ва Давлат хавфсизлик қўмитаси 9 май байрами иштирокчиларини ушбу рамздан фойдаланмасликка чақирди.
Қирғиз расмийлари ҳам ҳарбий парадни бекор қилдилар, бироқ "Ўлмас полк" юришига рухсат бердилар.
Бишкекда, шу жумладан, Россия элчихонаси биносининг қаршисида, урушни дастаклаган ва урушга қарши митинглар бўлиб ўтди, лекин иштирокчиларнинг сони унча кўп бўлгани йўқ. Апрель ойининг бошида расмийлар уруш билан боғлиқ ҳар қандай акцияларни тақиқладилар. Фақат расмий тадбирларга изн берилди. Ўша куни Президент Садир Жапаров тинч намойишларни Бешкек шаҳридаги Горький номидаги хиёбонда ўтказишга рухсат берди. "Фақат битта илтимос: элчихонани тинч қўйинг", - деб ёзди Фейсбукдаги саҳифасида Президент Жапаров.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
"Биз собиқ совет ҳудудида бир неча йўналишлар бўйича фикрлар бўлинганини кузатаяпмиз, - дейди тадқиқотчи ва тарих фанлари доктори Асел Доолоткелдиева. - Биринчиси, ёш билан боғлиқ: ҳам Қирғизистон ва ҳам Қозоғистондаги аксилуруш митингларнинг қатнашчилари асосан ёшлар: қозоқлар, руслар ва бошқалар. Нисбатан катта ёшдаги авлод нафақат Россия телевидениесини томоша қилади, балки кўпинча СССРни соғинади ҳам. Иккинчиси, тил билан боғлиқ. Муайян тилдаги оммавий ахборот воситаси танловини белгилайди: қозоқ/қирғиз ёки рус". Бироқ Асел Доолоткелдиева булар фақат кузатувлар эканини айтади, ушбу мавзуларда социологик тадқиқотлар ўтказилмаганини эслатади.
Апрел ойининг охирида фаолларнинг босими билан Қирғиз расмийлари "Ҳақиқат вақти" деб номланган кинофестивални бекор қилдилар. Унинг ташкилотчиси "Гармония" Россия маданий маркази эди ва фестивалда Донбассдаги урушга бағишланган Россия фильмларини намойиш этиш режаланган эди. Маданият вазирлиги ушбу қарорни "жорий халқаро вазият ва Қирғизистоннинг нейтралитет мавқеъи" билан тушунтирди.
Лекин фильмларни ҳозир ҳам ташкилотчиларнинг сайтида кўриш мумкин, Россиянинг асосий телеканаллари - "Первый" ва "РТР-Планета"ни бутун Қирғизистонда томоша қилиш мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Қирғизистон билан Россия - Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭС) ва ҳарбий (ОДКБ) ташкилотдаги шериклар. Қирғизистон ҳудудида Россия ҳарбий базаси жойлашган, юз минглаб қирғизистонлик меҳнат мигрантлари Россияда яшаб ишлашади. Бунинг эвазига оиласига пул юбориб мамлакати иқтисодини дастаклайдилар. Айни пайтда Россия Қирғизистоннинг асосий савдо шеригидир ва Бишкек Москвани очиқдан-очиқ қўллаш оқибатида ўзи ҳам иккиламчи иқтисодий санкцияларга тушиб қолишдан чўчийди.
"МДҲ мамлакатлари олдида танлов камлигини тушуниб етмоқ керак: минтақа Россияга нафақат энергетик, балки бошқа соҳаларда ҳам қарам. Мисол учун, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳатто ёғочда ҳам, -қайд этади Доолоткелдиева. - Бундан ташқари, кўпинча Россиядаги Марказий Осиё фуқаролари иммиграциясини Россия ҳукумати МДҲ мамлакатларига босим ричаги сифатида қўллаб туради".
Ўзбекистон: урушни ёритиш тақиқи
Бошқа қўшниларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистон Россия билан бирорта ҳам иттифоқда юирга эмас, балки шунинг учун ҳам биринчилардан бўлиб урушни тўхтатишга чақирди ва Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Аммо айни пайтда расмийлар маҳаллий оммавий ахборот воситаларини можарони ёритишдан тийилиб туришни "тавсия этдилар" - Ўзбекистон шароитида бундай тавсияни тақиқ сифатида талқин қилиш мумкин.
Россияда истиқомат қиладиган ўзбекистонликлар, қайси тарафда бўлишидан қатъи назар, жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун жиноят жавобгарликка тортилишлари мумкинлигидан огоҳлантирилдилар. Россияда ўзбекистонлик мигрантлар сони уч миллиондан ортиқ деб кўрилади, ҳарбий контрактлар ҳақидаги рекламани ўзбек мигрантлари орасида машҳур бўлган сайтларда кўриш мумкин.
Уруш бошланиши билан оқиб келаётган мигрантларнинг оқимини Ўзбекистоннинг ўзи ҳам ҳис қилди, чунки Россиянинг босқинидан норози россияликлар Ўзбекистонга интилдилар. Ўзбек расмийлари дастурчилар ва уларнинг оиласи аъзолари учун махсус ишчи визасини жорий этдилар ва кўчмас мулк сотиб олишда солиқ имтиёзлари берилишини ваъда қилдилар. Россияликларнинг оқими Тошкентдаги квартиралар ижараси ҳақи ошиб кетишига олиб келди.
Ўзбекистон 9 майни ҳарбий парадлар билан нишонламайди - бу кун Хотир ва Қадрлаш куни деб номланади. Қозоғистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ Ўзбекистон 1941-1945 йиллардаги урушни Улуғ Ватан уруши деб эмас, Иккинчи Жаҳон уруши деб атайди. Умуман олганда Совет Иттифоқи ностальгияси Ўзбекистонда бошқа қўшниларига нисбатан кам сезилади.
Тожикистон: барибир парад биланми?
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 2021 йил 9 майида Москвадаги ҳарбий парадда иштирок этган ягона хорижий давлат раҳбари бўлганди - уни ўшанда ОДКБга раислик қилаётган мамлакат раҳбари сифатида таклиф этишган.
Лекин Тожикистон раҳбарияти ҳам Украина уруши изоҳларидан ўзини тийиб келаяпти. Чунки Қирғизистонга ўхшаб Тожикистон ҳам мигрантлар ва ҳарбий базалар боис Россияга қарам - Тожикистон ҳудудида Россиянинг икки ҳарбий базаси жойлаштирилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Россия Марказий Ҳарбий округи матбуот хизмати Тожикистондаги 201 ҳарбий база ҳарбийлари 9 май байрами тадбирларида иштирок этиши ҳақида хабар тарқатди. Парад бўлиши ҳақида фақат Россия манбалари хабар берди.
Тожик расмийлари ҳам маҳаллий ОАВга Украина ҳодисаларини ёритмасликни "тавсия этишган". Тожикистон фуқароларига ҳам бошқа мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш маън этилган. Аммо журналистлар Украинада ҳалок бўлган тожикистонликлар ҳақида мунтазам хабар бериб боришаяпти, уларда Россия паспортлари бўлган.
Фақат ўтган йилнинг ўзида, Россия ИИВ маълумотларига кўра, 100 мингга яқин тожикистонлик Россия фуқаролигини қўлга киритган. Тожикистон ИИВ 2022 йилнинг дастлабки уч мобайнида Россиядан 60 мингдан ортиқ тожикистонлик ватанига қайтгани ҳақида хабар берди - бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда икки ярим баравар кўп дегани.
Туркманистон: Путиндан таклиф
Туркманистон БМТнинг урушни қоралаган резолюциясининг овоз бериш жараёнида ҳам иштирок этмади. Яқинда Туркманистон президенти бўлган Сардор Бердимуҳамедов Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатик академияни битирган ва кузатувчилар ундан россияпараст мавқеъни кутган эдилар. Уруш бошлангандан кейин - икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилгани санаси муносабати билан бўлиб ўтган телефон мулоқотида Президент Владимиром Путин Президент Сардор Бердимуҳамедовни Россияга ташриф билан келишга таклиф этди.

Сурат манбаси, Getty Images
Тўла давлат назоратида бўлган Туркман оммавий ахборот воситалари Украинадаги урушни ёритмайдилар. Мамлакат ёпиқлигидан мамлакат яшовчилари бу урушга қандай муносабатда эканликларини билишнинг имкони йўқ.
Туркманистонда 9 май куни ҳарбий парад ўтказилмайди.
Фақат 2020 йилдаги парад истисно бўлган, ўша йили 1945 йилдаги ғалабанинг 75 йиллигини нишонланган эди.















