Коронавирус ва 9 май: Минскда ҳарбий парад бўлади, Москва булути ёрилади Koronavirus

Сурат манбаси, NIKOLAI PETROV/TASS
Беларус Президенти Александр Лукашенко 9 май кунидаги ҳарбий парадни тўхтатолмаслигини айтаркан, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус тарқалишидан хавотир билдирган. Москва Қизил Майдонидаги парад бекор қилинди, аммо ҳарбий самолётлар парвозини ветеранлар томоша қилишлари учун Москва осмонидаги булутни ёриб тарқатилади.
9 май кунини собиқ Шўро мамлакатларининг аксари Ғалаба куни сифатида байрам қиладилар.
Аммо Украинадек мамлакатлар СССР мафкураси тақдим этган "Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалаба куни"дан воз кечган, 2015 йилдан буён Украина бутун Европа сингари 8 майни "Иккинчи Жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган Ғалаба куни" сифатида нишонлайди.
Бу йил Беларус Ғалабанинг 75 йиллигини пойтахт Минскдаги ҳарбий парад билан байрам қилишга қарор қилди.
Президент Александр Лукашенко сўзларига кўра, "Ғалаба кунига режаланган байрам тадбирларини бекор қилиш мумкин эмас".
Бунинг сабаби, жаноб Лукашенконинг сўзларига кўра, "минглаб одамлар, шу жумладан, урушда иштирок этган ветеранлар ҳам байрам паради қандай ўтишини" кўришни хоҳлайдилар.
Аммо мамлакатда коронавирусни юқтириш ҳолатлари сони кўпайиб бораётганидан хавотирланаётган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти оммавий байрам тадбирлари хасталик янада кўпайишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Охирги ҳафталарда Беларусда Covid-19 ҳолатларининг кўпайиб бораётгани "вируснинг одамлардан одамларга мунтазам юқиб келаётганидан далолат", дейди ЖССТ.
"Янги ҳолатларнинг кенг суръатларда ўсиб бораётганининг давом этаётгани, албаттаки, бизнинг хавотиримизни уйғотади. Чунки бу соғлиқни сақлаш тизимига жиддий босимни оширади ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг сифати ва миқёсига салбий таъсир қилиши мумкин", деб айтган ЖССТнинг Беларусдаги расмий вакили Ботир Бердиқиличев.
Беларус Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 май куни коронавирусни юқтирганларнинг сони 20 мингдан ортгани, 116 инсон ҳаётдан кўз юмганини хабар қилди.
Президент Александр Лукашенко Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар ҳамда фаоллларнинг мамлакатда карантин эълон қилиш, одамларни бир-биридан ихоталаш ҳақидаги чақириқларига қулоқ солмай келади.
Шунинг учун ҳам Беларусда карантин эълон қилинмади, одамлар оммавий тўпланадиган жойлар ёпилмади.
Мамлакатда апрел ойида насронийларнинг Пасха байрамлари ҳам кенг нишонланди.
Шундан сўнг қатор оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Би-би-сида ҳам Беларус черковларидаги кўплаб роҳиба ва роҳиблар коронавирусни юқтирганлари ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Беларусда коронавирусни юқтириш ва ундан ўлим ҳолатлари рақамлари яширилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонлар ҳам илгари сурилди.
Президент Лукашенко коронавирусни жиддий касаллик деб ҳисобламайди, одамлар вирус кучайтирган олдинги сурункали касалликларидан ўлаяпти, дейди.
Жаноб Лукашенко сўзларига кўра, дунёдаги коронавирус пандемияси "коронапсихоз"дир.
Москва булути ёмғири учун эмас, авиа томоша учун ҳайдалади

Сурат манбаси, ARTYOM GEODAKYAN/TASS
Россия раҳбарияти ғалабанинг 75 йиллигини 9 май куни Қизил Майдонда дабдаба билан нишонлашни, Россиянинг ҳарбий қудратини парад билан кўрсатиб қўйишни истаган эди.
Бироқ дунё бўйлаб тарқалган коронавирус Россияда ҳам оммавий тадбирларни бекор қилишга мажбурлади.
Россияда март ойидан карантин эълон қилинди, пойтахт Москва ёпилиб рақамли пропуск тартиби жорий этилди.
16 апрел куни Президент Владимир Путин 9 майдаги Ғалаба парадини кейинга қолдиришга қарор берди.
Аммо кейинроқ Россия ҳарбий учоқлари парвозлари ва мушакбозликлар байрам куни ўтказилиши хабар қилинди.
9 май мамлакат тарихидаги энг йирик авиапарад бўлиши, унда 660 самолёт ва вертолёт қатнашишини маълум қилган Россия Мудофаа вазирлиги.
Расмийларга кўра, шанба куни Москвада ёғингарчилик кутилмоқда, об-ҳаво мутахассисларининг башоратига таяниб, осмондаги булутларни ҳайдашга қарор қилинган.
"Пойтахт устидаги булутлар одамларнинг сайр қилишлари учун эмас, авиация хавфсизлигини таъминлаш учун тарқатилади", деб айтган Москва Бош назорат бошқармаси бошлиғи Евгений Данчиков.
"Бизнинг қадрли ветеранларимиз учун авиация парвози ташкил қилинади. Биз парвозларни телевизор орқали ёки имкони бор жойларда уйимиз деразаларидан томоша қилишимиз мумкин. Бунинг учун булутларни қувиш керак. Ўша куни об-ҳаво ноқулай бўлиши прогноз қилинмоқда. Энг аввало, осмон мусаффолиги авиация группаси учиб ўтиши учун керак", деган Данчиков.
"Яъни, 9 май куни булутлар қувилади. Аммо бу шаҳарликлар кўчага сайр учун чиқишлари мумкинлигини, Москва бўйлаб ҳаракатланишнинг чекланган режимини бузишларини англатмайди", дея огоҳлантирган Евгений Данчиков.
Олдинги йиллари байрам кунлари булутлар одамлар сайрга чиқишлари учун ҳайдалган.
7 май куни Россия коронавирусни юқтириш сони кўплиги бўйича дунёдаги бешинчи мамлакатга чиқди.
Россияда тасдиқланган ҳолатлар сони 188000 га яқинлашди.
Бу билан Россия сони кўплиги бўйича Германия ва Франциядан ўзиб ўтган.
Жон Хопкинс Университети маълумотларига кўра, шу кунгача энг кўп Covid-19 вирусини америкаликлар юқтирган: 1 миллион 254 мингдан зиёд.
Москва шаҳри ҳокими Сергей Собянин карантин чекловларини 31 майгача узайтириш ҳақида фармон чиқарди.
Ниқоб ва қўлқоп тақиб юриш мажбурий қилинди.
Айни пайтда пойтахтда саноат корхоналарининг фаолиятини ва қурилишларни қайта бошлашга рухсат берилди.
Мэр Собянин фикрича, ишлаб чиқариш ва қурилишларда кўп сондаги мигрантлар бандлар ва ҳозир улар ишсиз қолиб кетишган.
Қурилиш ва ишлаб чиқаришнинг қайта тикланиши Москвада жиноятчилик камайишига олиб келади, деб айтган Сергей Собянин.
Ўзбекистон рангли карантинда

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистон ҳам ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлашни режалаган, Президент Мирзиёев "Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида" деб номланган қарор имзолаган.
Президент қарорида Москва Қизил Майдонидаги ҳарбий парадга ўзбекистонлик ҳарбий ва ветеранларни юбориш, Тошкентда Ғалаба боғини барпо этиш, боғ ичида "Шон-шараф музейи"ни ташкил қилиш белгиланган.
9 май куни Ғалаба боғи ва музейнинг очилиши кутилаётгани хабар қилинди.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
8 май кунидан Ўзбекистон вилоятлари ва шаҳарларида карантиннинг рангли тартиби бошланди.
Охирги 14 кунда янги коронавирус ҳолати аниқланган ҳудудларга карантиннинг қизил даражаси берилди ва шу вақтгача бўлган барча чекловлар сақланиб қолади.
Сариқ даража охирги икки ҳафтада янги коронавирус топилмаган, бироқ шифохоналарда беморлари бор вилоятларга берилди.
Сариқ карантинли ҳудудда назоратли ҳаракатланиш, айрим корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятига рухсат берилди.
Коронавирусни юқтирган янги ҳолат аниқланмаган, борлари тўла тузалган Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятларига карантиннинг яшил даражаси берилди, бу вилоятларда парклар фаолиятини қайта очишга, автомобилларнинг стикерсиз ҳаракатланишларига ва давлат ташкилотларида фуқароларни қабул қилишга рухсат берилди.
8 май куни Ўзбекистонда яна ўн киши коронавирусни юқтиргани аниқланди, жами юқтирганларнинг сони 2324 тага етди.
Коронавирусдан 1738 киши соғайгани, 10 инсон ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинди.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида оммавий тадбирлар ўтказиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ёши улуғ фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш тақиқланган.
Бундай қарорга Ўзбекистондаги коронавирусга қарши кураш учун тузилган махсус комиссия келган.
Республика махсус комиссияси ўз қарорида МДҲдаги ва хориждаги аксар мамлакатларда байрам тадбирларини ўтказишда фуқароларнинг жамоат жойларида тўпланиши бўйича қатъий чекловлар қўлланилаётганлиги, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Ўзбекистоннинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига асосан коронавирус инфекцияси билан касалланиш ёши катталарда оғир кечишини инобатга олиб, байрамни фақат оила даврасида нишонлаш тавсия этилгани айтилади.

- Коронавирус тарқалиши бўйича янгилаб бориладиган харита
- Коронавирус Ғалаба парадини ўғирлади, аммо...
- Коронавирус мутация бўлмоқда. Одамзод энди нима қилади?
- Мирзиёев репрессия муҳитини яратмоқчи эмас - Сардоба, Бухоро, коронавирус
- Коронавирус, Ўзбекистон: Нега ҳукумат аҳолига пулни шундай тарқатолмайди?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















